Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбарлар сўнгиси Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин.
Ақоид илмини ўрганиш икки дунё бахт-саодатининг омили бўлиб, унда Аллоҳ таолони таниш, ғайбий хабарларга ишониш каби эътиқод қилиш зарур бўлган масалалар баён қилинади. Қуръони каримда инсонлар ва жинларнинг Аллоҳ таолога ибодат қилишлари учун яратилганлари хабар берилган:
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالإنْسَ إِلا لِيَعْبُدُونِ
“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт, 56).
Қуръон таржимони дея ном олган Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу ояти каримани “фақат Мени танишлари учунгина яратдим” маъносини англатади, дея тафсир қилганлар.
Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти ҳам, У зотни танишнинг асоси ҳам ақоид илмида баён қилиниши боис, ушбу илм қолган барча илмларнинг энг асосийси, энг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. Ушбу асл илмни ўрганиш ва унда баён қилинганларга эътиқод қилиш хайр-барака бўлса, ундан узоқ бўлиш ё ўз-ўзини қийнаб беҳуда чиранишга, ё бузуқ эътиқод қилиб дунё-ю охиратини бой беришга олиб боради. Чунки эътиқоди бузуқ кишининг ибодатлари қабул бўлмайди ва амаллари ҳам тўғри бўлмайди. Эътиқоди тўғри кишининг эса қилган озгина амали ҳам баракали бўлади, яъни Аллоҳ таоло унинг тўғри эътиқоди баракотидан кўплаб ажр-мукофотлар ато этади. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин мусулмон киши аввало диннинг асли ҳисобланган ақоид илмини ўрганиши ўта муҳимдир.
Аслида динга тааллуқли илмлар асосий ва жузъий илмларга бўлинади. Асосийси ақоид илми бўлиб, ундан бошқа тафсир, ҳадис, фиқҳ ва ҳоказо илмлар эса жузъий илмлар ҳисобланади. Иморат қуришда дастлаб мустаҳкам пойдевордан бошлаш зарур бўлгани каби, шаръий илмларни ўрганишда ҳам энг аввало асосий илмни яхши ўзлаштириб, бошқа илмларни ушбу пойдевор асосида ўрганиш лозим. Зеро, барча жузъий илмларда асосий илмнинг муайян қисми хусусида баҳс юритилади. Масалан, тафсир илмида Қуръони каримнинг маънолари ҳақида баҳс юритилади. Бу эса ақоид илмида баён қилинадиган Аллоҳ таолонинг кўплаб сифатларидан фақат бир сифати, яъни калом сифати тўғрисидаги баҳснинг бир бўлаги ҳисобланади. Ҳадис илмида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, қилган ишлари, маъқуллашлари ҳамда у зотнинг сифатлари ва ҳоказо ушбуларга тааллуқли масалалар ҳақида баҳс юритилади. Буларнинг барчаси эса, ақоид илмида баён қилинадиган пайғамбарларга имон келтириш масаласининг бир бўлагидир. Фиқҳ илмида Қуръон ва суннатда жорий қилинган ҳукмлар ҳақида сўз боради. Бу ҳам ақоид илмининг энг асосий ва муҳим мавзуларидан бири ҳисобланадиган, тавҳид ва нубувват ҳақидаги масаланинг бир қисми ҳисобланади.
Шулардан кўриниб турибдики, ақоид илми динга тааллуқли барча илмлар унга муҳтож бўладиган, барчасининг асосини ташкил этадиган энг мўътабар илмдир.
Бугунги кунда турли хил адашган фирқаларни, тоифаларни ва жамоаларни келиб чиқишига ҳам мана шу ақоид – эътиқодга доир масалаларни билмасликлари сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам биз эътиқодимизга доир масалаларни мукаммал даражада билмоғимиз даркор. Чунки биз бу масалаларни билмасак, уларни ўрганмасак ҳуддики ким тортса орқасидан юраверадиган, бўйнига боғич боғланган ҳайвон каби бўлиб қолишимиз хавфи бор (Аллоҳ таоло ўзи сақласин).
Тошкент ислом институти талабаси
Маҳмуджонов Жавоҳир