islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Суннийликнинг моҳияти

Исломдаги йўналиш деганда муайян эътиқодий масала асосида бирлашган мусулмонлар жамоаси тушунилади. Масалан, суннийлик йўналиши суннат ва жамоат асосида, хорижийлик ажралиб чиқиш ва қаршилик кўрсатиш, шиалик эса Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодларини ҳаддан ортиқ эъзозлаш асосида бирлашган.

Пайғамбар алайҳиссаломдан нақл қилинган, мусулмон умматининг 73 фирқага бўлиниб кетиши ҳақидаги машҳур ҳадисда, фақат бир йўналиш у зотнинг суннатларини маҳкам ушлаган ва саҳобалари йўлидан юрган кишиларгина нажот топиши баён қилинган. Уламолар нажот топувчи йўналиш “аҳли сунна вал жамоа” эканига иттифоқ қилишган. “Аҳли сунна” ибораси Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига эргашувчиларни, “вал жамоа” эса мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчиларни билдиради. Демак, “аҳли сунна вал жамоа”суннатга ва жамоага эргашувчилар, деган маънони англатади.

Ҳақиқатан, бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни 92.5% мазкур йўналишга мансубдир. “Аҳли сунна вал жамоа” номини қисқартириб, “суннийлик йўналиши” деб ҳам юритилади[1].

Ақида борасида мотуридийлик ёки ашъария таълимотига, фиқҳда эса тўрт мазҳаб: ҳанафий, моликий, шофиий ва ҳанбалий мазҳабларидан бирига мансуб бўлган мусулмонлардан ташкил топган жамоа суннийлик йўналишини ташкил қилади. Бу йўналиш эътиқод борасида қуйидаги тамойилларга таянган:

  1. Аллоҳнинг барча исмлари ва сифатларига.
  2. Барча пайғамбарларга.
  3. Фаришталарга.
  4. Муқаддас китобларга.
  5. Охират кунига.
  6. Яхшилик ва ёмонлик тақдир этилишига.
  7. Ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишониш ва тил билан иқрор этиш.
  8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш.
  9. Саҳобаларнинг барчасини бирдек ҳурмат қилиш.
  10. Тобеъинлар эҳтиромини ўрнига қўйиш.
  11. Раҳбарларга итоат этиш.
  12. Мусулмонларга оқибат кўрсатиш.
  13. Жамоадан, яни кўпчиликдан айри бўлмаслик.
  14. Бирор инсонни кофирликда айблашга интилмаслик.
  15. Ўзга дин ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенглик кўрсатиш.
  16. Яхши ишларга тавсия этиш ва ёмон ишлардан қайтариш.
  17. Савоб ишларга интилиш ва гуноҳ ишлардан қочиш.
  18. Гуноҳга беэътибор бўлмаслик, аммо гуноҳкорни иймонсизга чиқармаслик.
  19. Бирор инсонга “жаннатий”, бошқасига “дўзахий”, деб гувоҳлик бермаслик.
  20. Умид ва қўрқув мутаносиблигига риоя қилиш.

Шунингдек, чорёрларнинг барчасини қонуний халифа сифатида эътироф этиш ва олти ишончли ҳадислар тўпламларини тан олиш ҳам суннийликдаги асосий мезонлардан ҳисобланади[2].

Бу асослар бежиз зикр этилмади. Бир қарашда оддий ва тушунарли бўлган бу тамойиллар мазмунини мураккаблаштириш, асл моҳиятидан йироқ тарзда талқин қилиш оқибатида мусулмонлар орасида 72 та фирқа юзага келди. Масалан, мўтазилийлик оқими гуноҳ қилган инсонни иймондан чиқишини таъкидлайди, Аллоҳ сифатларининг баъзисини нотоўғри талқин этади, яхшиликка буюриш йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик, ҳатто керак бўлса, куч ишлатиш зарур, деб ҳисоблайди.

Муржиийлик оқими инсон ҳар қандай оғир гуноҳ қилса-да, иймони мусаффо қолаверади, деб эътиқод қилади. Аслида, эзгу иш қалбни қанчалик мунаввар қилса, ёмонлик шунчалик дилга қоронғулик келтириши маълум ва ҳақиқатдир.

Хорижийлар ҳам юқоридаги тамойиллардан бир нечтасига хилоф ғояларни илгари сурдилар. Масалан, улар гуноҳ қилган инсонни кофирга чиқардилар, раҳбарларга қарши исёнлар уюштирдилар, қанча-қанча бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкдилар.

Шиалар суннийликдаги саҳобаларни бирдек ҳурмат қилиш тамойилини қўпол тарзда буздилар. Халифа Али розияллоҳу анҳуга бўлган муносабатда ҳаддан ортиқ мутаассибликка бордилар ва ҳатто бошқа саҳобаларни ҳақорат қилишдан тап тортмадилар. Оқибатда, шиалик, нафақат саҳобаларни ҳурмат этиш тамойилида, балки бошқа масалаларда ҳам суннийликдан тубдан фарқ қилувчи йўналишга айланди.

Шермуҳаммад домла Болтаев,

ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,

Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби 

[1] Cаидафзал Саиджалолов. Исломдаги мазҳаблар ва оқимлар. – Тошкент: Тошкент ислом универстети, 2012. Б 19

[2] Cаидафзал Саиджалолов. Исломдаги мазҳаблар ва оқимлар. – Тошкент.: Тошкент ислом универстети, 2012. Б 20

332550cookie-checkСуннийликнинг моҳияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: