islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тил сиёсати: ечимини кутаётган масалалар

21 октябрь — Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун

Тил миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Тилда, шу тилнинг ижодкори бўлган халқ ва элатнинг тарихи, маданияти акс этади. Кўплаб мамлакатларда давлат ишларини тартибга солиш, иш юритиш ва ҳужжатларни бир хил шаклда олиб бориш мақсадида ҳудуднинг туб аҳолиси манфаатларидан келиб чиқиб давлат тили белгиланади.

 Давлат тили қонунан тасдиқланиши ёки умумхалқ эътирофи бўйича амал қилиши мумкин. Чунки айрим мамлакатларда давлат тили ҳақидаги қонун мавжуд эмас, умумхалқ эътирофи билан давлат ишлари муайян бир тилда олиб борилади.

Қорақалпоғистонда эса қорақалпоқ ва ўзбек тиллари давлат тили ҳисобланади. Тилларга берилган ”давлат тили” мақоми қонун йўли билан мустаҳкамланган бўлиб, мазкур ҳуқуқий ҳужжат, ҳудудда амал қилувчи бошқа тилларнинг манфаатларини ҳам ҳимоя қилади ҳамда кафолатлайди.

Ўзбекистонда миллий масалалар, айниқса, тил масалалари минтақадаги бошқа давлатлар билан солиштирганда демократик тамойиллар асосида, бағрикенглик билан йўлга қўйилганлиги халқаро ҳамжамиятлар томонидан эътироф этилган ҳақиқатдир.

Қорақалпоғистонда тил вазияти Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига нисбатан мураккаброқ. Чунки, бу заминда ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, рус миллати вакиллари аралаш ҳолда яшайди ва беш тилда умумтаълим мактаблари фаолият олиб боради.

Ҳудудда тил масалаларини тартибга солишда, Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг ”Давлат тили ҳақида”ги қонунлари, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги ”Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2020 йил 20 октябрдаги ”Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим аҳамият касб этади.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2020 йил 3 ноябрдаги “Қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги обрўси ва нуфузини янада ошириш чоралари тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 16 июлдаги ”Қорақалпоқ тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистонда икки тилнинг давлат тили мақомида бўлиши иш юритиш жараёнида, жой номларини ёзишда, ташқи ёзувларни тартибга солишда, ҳужжат бланкаларини тайёрлашда, давлат тилларини ўқитишда, тадбирлар тилини белгилашда, шунингдек, бошқа тил ва ёзув билан боғлиқ масалаларда айрим муаммоларни келтириб чиқаради.

Давлат ташкилотлари асосан икки тилда иш юритишни ташкил қилган, бироқ тиллар орасидаги мувозанатни сақлаш ва ҳар бир тилни ўринли қўллаш, давлат тиллари билан боғлиқ муаммоларни тезкор ва адолатли ҳал қилиб бориш раҳбарлардан эҳтиёткорликни ва сергакликни талаб қилади.

Чунки миллий масала, айниқса, тил масаласи ўта нозик ва қалтис муаммодир. Уни адолатли ҳал қилиш босиқлик, вазминлик ва ақл билан иш тутишни тақозо қилади. Ҳаммамизга аёнки, тилда миллат ғурури яшайди, унинг топталиши миллий зиддиятларга, шовинистик ҳаракатларга олиб келиши мумкин.

Қорақалпоғистонда давлат тилларининг ўқитилиши ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бошқа ҳудудлардан фарқли ўлароқ олий ва умумтаълим муассасаларида, малака ошириш курсларида давлат тили учун ажратилган соатлар икки тил – қорақалпоқ ва ўзбек тиллари учун тенг ҳолда тақсимланади.

Бундай вазиятда ўқув дастурида белгиланган материалларни тўлиқ ўтиш имкони камайиб кетади. Бу муаммо айрим муассасаларда ҳал қилинган бўлсада, баъзиларида ҳанузгача сақланиб келмоқда.

Қорақалпоғистонда давлат тили бўйича малака ошириш тизимида бу муаммо оқилона ҳал қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги қарорига мувофиқ Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш Маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 13 та ҳудудий бўлинмаси ташкил этилганлиги давлат ташкилотлари ходимларини ўқитишга, идораларда иш юритишни давлат тилида ва лотин алифбосида ташкил этишга катта ёрдам бермоқда.

Дастлабки пайтларда Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмасида малака ошириш курсларининг ўқув дастурларини амалга оширишда жиддий муаммолар юзага келди.

Ҳудуд шароитида давлат тилига ажратилган соатларнинг иккига тақсимланиши натижасида ўқув дастурларини бажаришнинг имкони бўлмай қолди. Шундан сўнг, бу муаммо Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва ҳудудий бўлинма ҳамкорлигида ўрганиб чиқилди.

Қорақалпоғистон учун умумий соат ҳажми 50 фоизга оширилди. ”Ўзбек ҳамда қорақалпоқ адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш” малака ошириш курсларининг янги ўқув режаси ва ўқув дастури ишлаб чиқилди. Марказ раҳбарияти билан келишилган ҳолда жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб ўқув режа ҳамда дастур амалиётга жорий қилиниб, муаммолар бартараф этилди.

Давлат тилининг ўқитилиши масаласида эса умумтаълим ва олий таълим муассасаларида бундай муаммолар ҳанузгача сақланиб келмоқда. Тегишли вазирликлар Қорақалпоғистондаги тил вазиятидан келиб чиқиб, ҳудудда давлат тилларини ўқитиш хусусида алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Иккита тилнинг давлат тили мақомида бўлиши шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни, нотариал идора ҳужжатларини, ФҲДЁ бўлимлари ҳужжатларини тайёрлашда ҳам баъзи бир ноқулайлик ва муаммоларни келтириб чиқаради.

Хусусан, лотин ёзуви асосидаги ўзбек ва қорақалпоқ алифболарининг бир-бирига мос келмаслиги бир тилдан иккинчи тилга исм-шарифларнинг ёзилишини ўзгартирганда номувофиқликларни юзага келтирмоқда. Айрим ҳолларда эса фуқароларнинг норозилигига ҳам сабаб бўляпти.

Масалан, ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг хорижга чиқиш бўйича биометрик паспортини расмийлаштириш тизимида лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ алифбосидаги айрим ҳарфлар (Ы-Í, Ғ-Ǵ, Ө-Ó, Ү-Ú, ә-Á, Ң-ń)нинг йўқлиги сабабли хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш талабномаларини расмийлаштиришда хатоликлар юзага келмоқда.

Чунки, ушбу талабномаларни тизимда тўғрилаш имконияти мавжуд эмас. Мисол учун, Бўзатов тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан, 2021 йил 13 август куни шакллантирилган талабномада ФҲДЁ тизимида бир фуқаронинг фамилияси, исми-шарифи лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ алифбосида киритилган ва хорижга чиқиш паспорт тизимида (несовпадение ФИО-транслитерация) хатолик юз берган. Натижада ушбу талабномани тизимда тўғрилаш имконияти топилмаган. Ёзувларнинг бир-бирига мос келмаслиги шунга ўхшаш бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбек ва қорақалпоқ лотин алифболарини имкон даражасида бир-бирига яқинлаштириш Қорақалпоғистонда давлат тилларида иш юритиш бўйича юзага келаётган муаммоларни маълум даражада ҳал қилишга имкон берган бўларди.

Масалан, ўзбек тилида “c” ҳарфи ёлғиз ҳолда қўлланилмайди. Ҳатто ислоҳ қилинаётган алифбо лойиҳасида ҳам ҳарфий ясалма “ç” мавжуд, бироқ “c” қўлланилмайди. Мазкур ҳарф кирилча с ҳарфининг муқобили сифатида алифбога киритилса, кирилча матнларни транслитерация қилганда муаммо юзага келмасди.

Шу билан бирга, ўзлашма сўзлар ўзбек ва қорақалпоқ тилида бир хил ёзилган бўларди. Мисол учун: вакцина – вакcина, цех – cэх ёки сценарий – cэнарий ва ҳоказалар.

Бугунги кунда қорақалпоқ тилига ўзбек тилидан кўплаб сўзларнинг ўзлашаётганлигини ёки айрим нофаол сўзларнинг ўзбек тили таъсирида фаоллашаётганлигини кузатиш мумкин. Бу ҳолат албатта қорақалпоқ тили луғат қатламининг бойишига сабабчи бўлмоқда.

Қорақалпоқ тилидан ҳам айрим сўзларни ўзбек тилига бемалол қабул қилиш мумкин, афсуски бу масалага етарли даражада эътибор қаратилмаяпти. Ваҳоланки, айрим қорақалпоқча (кўпчилиги соф туркий) атамалар ўзбек тилидаги муқобилига (эквивалентига) нисбатан кўзланган маънони аниқроқ ифодалайди.

Жумладан, қорақалпоқ тили ҳужжатчилигидаги óмирбаян – таржимаий ҳол, минезлеме – тавсифнома, усıнıс – бирор таклифни тавсия қилиб киритиш, сıн – тақриз сўзларидан ижодий фойдаланиб умрбаён (таржимайи ҳол), ҳулқнома (тавсифнома), таклифхат (бирор таклифни тавсия қилиб киритиш), синчихат (тақриз) каби атамаларни ясаш мумкин.

Гап шундаки, қорақалпоқ тилида соф туркий сўзларнинг кўплаб сақланганлиги уларни ҳам ўзбек тилида фаоллаштириш ва тил эгаларига ифодаланаётган тушунчанинг моҳиятини тез ва аниқ идрок этиш имкониятини беради. Тиллараро бундай ҳамкорлик муносабатлари халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш Маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари 

Фарҳод БОБОЖОНОВ

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг маслаҳатчиси

Пердеғалий ДАБИЛОВ

333400cookie-checkТил сиёсати: ечимини кутаётган масалалар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: