islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Тақлид ҳақида нотўғри тушунчалар

Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 3-оятида марҳамат қилади:

ٱتَّبِعُواْ مَآ أُنزِلَ إِلَيْكُم مِّن رَّبِّكُمْ وَلَا تَتَّبِعُواْ مِن دُونِهِۦٓ أَوْلِيَآءَ ۗ قَلِيلًا مَّا تَذَكَّرُونَ

“Раббингиздан сизларга нозил қилинган нарса (Қуръон)га эргашингиз, ундан бошқа “дўстлар”га эргашмангиз!”

Улар мақсадлари йўлида ушбу оят билан далилланиб айтадиларки, оятда Аллоҳ таоло Ўзи тарафидан нозил қилинган нарсага эргашишга амр этмоқда. Муқаллид эса бу ҳақда илмга эга эмас ва илми бор киши нима деса, шунга эргашяпти. У эргашаётган одамининг гапини текшириб, Аллоҳ нозил қилган нарсага тўғри келиши ёки келмаслигини аниқлаши керак. Агар хилоф далолатни сезса, унга қилаётган тақлиди Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқасига эргашиш эканини тушунади. Демак, у Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқасига тақлид қилмоқда.

Уларнинг бу далилланишлари нотўғри. Чунки Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашишнинг иккита йўли бор. Биринчиси, далилдан далилланиш бўлиб, у мужтаҳид олимнинг вазифаси. Иккинчиси ҳисобланган тақлид қилиш эса илми йўқ муқаллиднинг иши. Агар у инсонда нозил қилинган нарсанинг илми бўла туриб, бошқасига тақлид қилганида улар айтганидек, Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқасига эргашиш бўларди. Хўп, билмас экан, энди нима қилиши керак?! Албатта, билган олимга эргашади. Демак, бу билан тақлид ҳам “Раббингиздан сизларга нозил қилинган нарса (Қуръон)га эргашингиз”, ояти остига киради.

Қолаверса, “Сунани Абу Довуд”да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бор. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

قَتَلوه قَتَلَهمُ اللهُ، ألَا سألوا إذْ لم يَعلَموا؛ فإنَّما شِفاءُ العِيِّ السُّؤالُ

“Уни ўлдиришибди, Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин. Билмасалар, сўрамайдиларми?! Билмасликнинг шифоси фақат сўрашдир”.

Бу ҳодисанинг қисқача тафсилоти қуйидагича: сафарда саҳобалардан бири бошидан жароҳат олади ва совуқ тунда жунуб бўлиб қолади. Сўнг ҳамроҳларидан таяммумга рухсат бор-йўқлигини сўрайди. Шериглари эса ўзларича назар ва истидлол қилиб, ғусл қилиш кераклигини айтиб, таяммумга ижозат беришмайди. Ҳалиги жароҳатли саҳоба совуқ кунда ғусл олиб, шунинг натижасида вафот этади. Кейин улар бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб беришганда, юқоридаги ҳадисни айтганлар.

Муқаллид Аллоҳ нозил қилаётган нарсага эргашаётганини билмайди, дейиш хато гап. Чунки у инсонда таҳқиқий илм бўлмасада, тақлидий имл мавжуд. Тақлидий илм ҳам шаръан эътиборга олинадиган илм саналади. Зеро, Аллоҳ тало: “Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўранглар!”, деган. Қолаверса, тақлидий илмнинг ҳам эътибори борлигига оят ва ҳадислар ёнида салаф уламоларнинг ижмоси ҳам бор.

Илмсиз кишининг далилдан далилланишга илми етмайди. Шунинг учун у далилларни ўрганиб, эргашаётган одамининг гапига хилоф бир далолатни англай олмайди. Агар мабодо шундай қилса, унинг ўзича қилган бу истидлоли илм ҳисобланмайди. Чунки у назар ва истидлолга лаёқатсиз. Шу боис мужтаҳид олимга тақлид қилган.

Айтиб ўтилганлардан маълум бўлмоқдаки, илмсиз кишининг ўз райига эргашиши Аллоҳ нозил қилингандан бошқасига эргашиш экан. Олимга тақлид қилиш эса бундай эмас, балки илмдир.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

336360cookie-checkФиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Тақлид ҳақида нотўғри тушунчалар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: