islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сийрат ихлосмандлари учун бебаҳо туҳфа

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим домла Зиёуддин томонидан нашр этилган “Нурул яқин” китобининг академик таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Кириш сўзи билан тадбирни ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров очиб берди. Ректор нутқида китобнинг академик таржима ва изоҳлари билан бойитилгани бошқа муаллифлар томонидан олдин таржима қилиниб чоп этилган китоблардан афзаллиги ва ўзига хос жиҳатларини айтиб ўтдилар.

Нурул яқийн” китоби таржимони Абдулазим домла Зиёуддин сўзга чиқиб, бу тақдимот талабалар учун амалий машғулот – мартер класс дарси эканини таъкидлаб ўтдилар.

Маълумки, “Нурул яқийн” китоби Ислом таълим муассасаларида кўп йиллардан буён ўқитиладиган дарсликдир. Абдулазим домла китоб муаллифи Муҳаммад Хузарий ҳақида иштирокчиларга ва талабаларга қимматли маълумотларни бердилар.

Тақдимотда янги нашр этилган китобнинг муқова дизайни, таржимадаги сўзларни қўллаш услуби ва танланган расмлар ҳам изоҳланди. Янги нашрда муаллиф томонидан илк ёзилган китобнинг нусхасидан фойдаланилган. Китобнинг ҳажми кичик бўлса-да фойдали маълумотлари кенглиги ҳамда китобхонларнинг қизиқишларини инобатга олиб мукаммал тарзда қайта нашр этилди.

 

Китобни таржима қилишда “Нурул яқийн”нинг 27 хил нашри нусхаларидан фойдаланиб, ибора ва сўзлар таҳқиқ этилган ҳолда таржима қилинди.

Қолаверса, янги нашрда “Нурул яқийн”га ёзилган бир нечта шарҳлар ўрганилиб, уларда учрамаган муҳим қўшимча маълумотлар киритилди. Абдул Азим домла 8 йил аввал бу китобдан Олий маъҳадда талабаларга дарс берганлар. Дарс жараёнлари пайтида талабалар устоздан ёзма шаклда таржима қилишни таклиф қилганлари ва шу сабаб мазкур мўътабар ишга киришганлар.

Абдул Азим домла нутқларининг сўнгида академик таржиманинг моҳияти ҳамда фойдаланилган 200га яқин китоб ва манбалар рўйхати тўғрисида маълумот бердилар.

Абдул Азим домла китобда ”Қунут” дуоси ҳақида Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг “Фиқҳул ислом ва адиллатуҳу” китобидан фойдаланганлар. “Нурул яқийн”нинг янги нашри таҳрири ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида китоб муҳаррири Абдуғофур домла Искандар сўзга чиқдилар.

Абдуғофур домла китоб таржимони Абдул Азим домлани тартибли изланувчан, етук ва пухта олим эканликларини эътироф этдилар. Таржима жараёни илмий баҳслар ва мунозаралар билан қизиқ кечганини эсладилар. Китоб бир гапда икки сўз ишлатмасдан нодир ва камёб сўзлар ишлатилиб таржима қилинган. Таржима ва таҳрир жараёнида “Баҳийро” ва ”Буҳайро” каби сўзлардаги кўз илғамайдиган жиҳатларга эътибор берилганини муҳаррир ёдга олди. Бу китоб таржима қилингани халқимизга Аллоҳ таоло томонидан берилган бебаҳо неъмат ва тортиқ бўлганини Абдуғофур домла эътироф этдилар.

Тадбир охирида “Нурул яқийн” китоби тақризчиси, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Баҳодир домла Аъзамов сўзга чиқиб, араб тилидан ўзбек тилига моҳирона қилинган таржималарни китобдан олинган мисоллар орқали айтиб ўтдилар.

Китоб Ислом таълим муассасалари Сийрат фани ўқитувчилар ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун асосий манба бўлиб хизмат қилади.

Тақдимотда талабалар ҳам сўзга чиқиб янги нашр ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир сўнгида Абдул Азим домланинг падари бузрукворлари Зиёуддин ҳожи ота тадбир иштирокчилари, устозлар ва талабалар ҳақига дуо қилдилар.

 

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси 

мудири Ҳурмуҳаммад Нурбаев

336150cookie-checkСийрат ихлосмандлари учун бебаҳо туҳфа

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: