islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим ва тарбия усуллари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам комил устоз ва йўлбошчи эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим усулларидан баҳраманд бўлганлари учун Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳум каби ажойиб шогирдлар етишиб чиқди.
Шукрки, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча мусулмонлар учун идеал намуна қилган. Бу борада Аллоҳ таоло:

لَّقَدۡ كَانَ لَكُمۡ فِي رَسُولِ ٱللَّهِ أُسۡوَةٌ حَسَنَةٞ لِّمَن كَانَ يَرۡجُواْ ٱللَّهَ وَٱلۡيَوۡمَ ٱلۡأٓخِرَ وَذَكَرَ ٱللَّهَ كَثِيرٗا.
سُورَةُ الأَحۡزَابِ: ٢١.

“Сизлар учун — Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал ибрат бордир”, деган (Аҳзоб, 21).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини тарбиялашда турли таълим усулларини қўллаганлар.

Тасвирий мисоллардан фойдаланишлари

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.
«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар»
(Бухорий ривояти).

Эшитувчининг диққатини жалб қилиш учун энг муҳим жумлани 3 марта такрорлашлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас», дедилар. «Ким, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашган эди, «Ёмонлигидан қўшниси хотиржам бўлмаган кимса», дея жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Насиҳат ва суҳбатдан одамларни бездирмаслик учун рост ҳазил қилишлари

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига улов сўраб келди. Шунда у зот:
«Бўпти, сени туянинг боласига миндириб қўямиз», дедилар.
«Туянинг боласини нима қиламан?» деди у.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ахир туя туяни туғадими?» дедилар» (Бухорий ривояти).

Мурожаатчининг жисмоний ва руҳий аҳволини инобатга олиб муомила қилишлари

Ибн Масъуд разиаллоҳу анҳу айтганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга малол келмасин деб, ваъз айтиш учун маълум кунларни белгилаб қўйган эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Хушхабар айтинг, қизиқтиринг, нафратлантирманг (ўзингиздан бездирманг), деганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Ўхшатиш сифатида ҳикояларни ривоят қилишлари

Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир киши кимсасиз саҳрода
бораётганида устига озиқ-овкати ортилган туяси қочиб кетди. Туяни топишдан умиди узилгач, хомуш бўлиб бир дарахт соясига бориб ётиб олди.
Бир вақт караса, туяси олдида турибди. Унинг тизгинидан тутганича, қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан тили адашиб: «Эй Парвардигор! Сен бандамсан, мен Раббингман», деб юборди. Аллоҳ таоло бандасининг тавбасига мана шу кишидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда ўқитувчи ва устозлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таълим-тарбия усулларини ўрганишлари ва улардан мусулмон авлодларини тарбиялашда ўзларига, жамиятга ва бутун инсониятга манфаатли бўлишлари учун фойдаланишлари лозим.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари   кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

341740cookie-checkМуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим ва тарбия усуллари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: