Барчамизга аёнки, собиқ иттифоқи даврида дастлаб дин ва диндорларга бўлган муносабат оғир аҳволда эди. Уларга нисбатан сиқув, сургун ва қатлкаби жиноятлар содир этилган. Лекин, шундай вазиятда ҳам муқаддас динимиз қадриятларини сақлаб, давом эттириш ва мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини имкон қадар қаноатириш йўлида кўплаб динимиз фидойилари ўз хизматларини аямадилар. 1943 йилдан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил этилгандан сўнг бу борада бир қанча имкониятлар пайдо бўлди. Диний назорат Ўрта Осиё республикаларининг ҳар бирига ўз вакиллари (қозилар)ни тайинлаш, масжидларни қайта очиш ва уларга имомлар тайинлаш ҳамда диний соҳада кадрларни тайёрлаш мақсадида ўрта ва олий даражадаги таълим муассасаларини ҳам ташкил этиш ва уларда таълим-тарбия берадиган муносиб устозларни ҳам тайинлаш ишларини амалга оширган.
Собиқ иттифоқ даврида дастлаб фақат биттагина 1945 йили қайта ташкил этилган Бухородаги “Мир Араб” мадрсаси диний таълим муассасаси сифати фаолият юритган. Кейинчалик 1956-1961 йилларда Тошкентдаги Бароқхон мадрасаси ҳам фаолият кўрсатган. 1971 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ҳам ўз фаолияти бошлаган. Бу таълим даргоҳларида кўплаб динимиз фидойи устозлари талабаларга таълим-тарбия, илм берганлар.
Даҳрийликка асосланган сиёсат даврида соф ислом маърифатини ёйишга ҳаракат қилган, миллат озодлигини орзулаган жонкуяр, фидойи дин арбоблари: қози ва устозларни зикрини келтиришни мақсад қилдик.
Муродхўжа Солиҳхўжаев (Солиҳхўжа ўғли) 1943-1948 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. Дастлабки Ўзбекистон қозиси. У шарқ тиллари, ислом тарихи, калом ва фиқҳ илмларининг чуқур билимдони бўлган. Илм ва таълим фидоийси, ўз тақдирини юртимиз тарақийёти билан боғлаган ватанпарвар инсон бўлганлар. 1917 йил Тошкентда Мусулмон ўқитувчилар қурилтойи бўлиб ўтган. Унда Мусулмон ўқитувчилар кенгаши тузилади ва унга Муродхўжа Солиҳий раис этиб сайланган. Диний назоратдаги фаолиятлари давомида тарихий ёдгорликларни тиклаш ва таъмирлаш, Мир Араб мадрасасини очилишида, хорижий давлатлар вакиллари, дин, илм ва маданият арбобларини қабул қилиш, расмий учрашувлар ва музокаралар ўтказишга масъул бўлган. Диний-қамарий тақвим чоп этилишида ташаббускор ва бош бўлган .
Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (Бобохон ўғли) 1943 йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати масъул котиби, маълум муддатдан сўнг (тахминан 1944 ёки 1945 йилдан) Ўзбекистон қозиси ва 1948-йилдан то муфтий бўлгунга қадар диний назорат раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. Мир Араб мадрасаси фаолияти қайта тиклашда ва Тошкент ислом институтининг очилишида хизматлари беқиёс. Ушбу институтнинг дастлабки йилларида Зиёвуддин домла тафсир фанидан талабаларга дарс берган. Қуръони каримнинг катта ва кичик ҳажмдаги нашри унинг ташаббуси билан амалга оширилган (1968-йили). Кўплаб чет элда ва ўзимизда ташкил этилган халқаро анжуман ва конференциялар иштироки ва сўзлаган нутқлари ҳамда кўплаб олий даражадаги халқаро мукофотлар билан тақдирланганлиги тарих саҳифаларида битилган .
Фозилхўжа Содиқхўжаев (Фозилхўжа домла) 1943 йилда Ўзбекистон қозиси этиб сайланган дастлабки кишилардан. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосарларидан бўлган. У кишига шариат қозиси деган диний унвон берилган. Ўз маҳалласидагилар тўғридан-тўғри Қози домла деб ҳам аташган. Кўплаб масжидлар очилишида, Мир Араб, Бароқхон мадрасалари ва Тошкент ислом институтининг ташкил этилиши ва улардаги ўқув жараёнларининг мукаммал кўринишга келишида хизматлари катта . 1956 йилдан Бароқхон мадрасасида тафсир ва ҳадис илмидан дарс берганлар. Тошкент ислом институтининг дастлабки ўқув йилларида фиқҳ илмидан талабаларга дарс бера бошлаган. Сўнг маълум вақт давом эттирганлар.
Олимхонтўра Шокирхонтўра ўғли 1943-1966 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Қирғизистон бўйича вакили ва қозиси бўлган. 1914 йилда Туркистон уламолари томонидан нашр қилинган “Ал-Ислоҳ” журналининг тасис этилиши ва нашр этилишида хизматлари катта бўган.
Муҳаммад Солиҳ Бобокалон ўғли 1943-1946 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Тожикистон бўйича вакили ва қозиси бўлган.
Абдулғаффор Шамсутдинов 1943-1952 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Қозоғистон бўйича вакили ва Қозоғистон республикасининг биринчи қозиси ҳамда Олмата шаҳри бош имом-хатиби бўлган .
Баширхонтўра Исъҳоқов 1948 -1955 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Тожикистон бўйича вакили ва қозиси этиб тайинланган . Бухородаги Мир Араб мадрасасининг биринчи мудири (1945-1946 йиллар)
Абдурашид Мусобек ўғли (Қози Абдурашид Фарғоний) 1947-1978 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Тожикистон бўйича вакили ва қозиси бўлган. Диний назорат фатво ҳайъати аъзоси бўлган. Ўзининг “Абдурашид қози домла” битикли фатво берганда босиб берадиган муҳри бўлган. Ўта моҳир хаттот бўлганлар .
Анна Эшон 1943-йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Туркманистон бўйича вакили ва қозиси этиб сайланган .
Садуакас Ғилмоний 1952 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг Қозоғистондаги вакили ва қозиси этиб тайинланган.
Шайх Исмоил махдум Соттиев 1957-1975 йилларда диний назорат раисининг биринчи муовини ва Ўзбекистон қозиси лавозимда фаолият олиб борган. Араб, форс тилларни мукаммал билган. Шарқ халқлари тарихи, маданияти ва адабиётини чуқур ўрганган. Бундан ташқари табобат, фалсафа ва астрономия оид манбаларнинг ҳам билимдони бўлган .
Шайх Исмоил махдум диний таълим соҳасини юксалишига ўз ҳиссасини қўшган. Хусусан, 1946 йилдан Мир Араб мадрасасида таълим-тарбия ва ўқув ташкилий ишларни йўлга қўйиш ишларига бош бўлган. 1951-1952 ўқув йилининг бошида мадраса мудири этиб тайинланган . 1956 йилда Бароқхон мадрасани очилган ва мудир этиб тайинланади 1971-1975 йилларда Тошкент ислом институтида дастлаб ҳадис илмидан, сўнгра эса фиқҳ, тафсир ва наҳв фанларидан дарс берган.
Тошкент ислом институти
талабаси Нишонов Нодирбек