Террорнинг замонавий тарихига назар ташласак, ўзини ўзи ўлдириш, яъни худкушлик янги ҳодиса бўлиб, у 80 йилларда Ливанда пайдо бўлди ва у ердан бутун дунёга тарқалди.
Аммо фақат диний ақидапараст оқимларгина одамларни худкушликка ундайди, деб ўйламаслик керак, марксист миллатчилар ҳам бу тактикадан фойдаланганлар. Улар, биринчи навбатда, мустамлакачи давлатлар томонидан босиб олинган бошқа мамлакатларда тўпалон чиқариб, ўша ердаги муаммоларга ўз эътиборларини қаратганлар. Кейинчалик марксистлар ўз фаолиятларини катта шаҳарларга кўчиришди. Кенг инфратузилмага эга замонавий пойтахтлар кичик харажат эвазига катта ваҳима ва вайронагарчилик учун осон нишонга айланди.
60 йилларнинг бошларида Жанубий Америкада Уругвай, Гватемала, Бразилия, Венесуэла ва Аргентинада чап қанот партизан ҳаракатлари пайдо бўлиб, асосан талабалар томонидан асос солинган. Улар ўз пойтахтларида уюштираётган тўпалонларни оддий деҳқон аҳолининг бой ва халқни талаётган шаҳарликлардан олинган қасос деб эълон қилдилар. Қисман Че Геваранинг Боливиядаги ҳаракатлари ҳам худди шундай хусусиятга эга эди. Бу кураш 1966 йилда инқилобий Гаванада Фидел Кастро томонидан ташкил этилган “Уч қитъа” конференциясидан сўнг янада расмий мақомга эга бўлди, унда “учинчи дунё” деб аталадиган мамлакатлардан 83 та инқилобий гуруҳ вакиллари иштирок этди.
Конференцияда айтилган барча шиорларнинг асоси жаҳон империализмига қарши якуний кураш учун барча ривожланаётган мамлакатларни бирлаштиришга чақириқ эди. Европада бу курашда Германиянинг “Қизил Армия фракцияси” ва Италиянинг “Қизил бригадалари” энг катта тажрибага эга эди.
Уларнинг мақсади Учинчи дунё давлатларининг шафқатсиз эксплуатацияси учун қонли қасос эди.
Ҳозир фақат терминология ва ташкилотлар ўзгарди, мақсадлар ўзгармади, энди бу жаҳон иқтисодиётининг глобаллашувига қарши кураш деб аталади.
Аммо замонавий сиёсий террор мафкуралари билан бир қаторда ўз таъсирчанлиги бўйича фундаментализмга баробар миллатчилик шиори остидаги террор ҳаракатлари ҳам мавжуд.
Энг шафқатсиз террорчи ташкилот Тамил Эламнинг “Озодлик йўлбарслари” худкуш-террорчилари 1987 йилдан 2000 йилгача 168 та теракт уюштирган, минглаб одамлар ҳалок бўлган ва яраланган.
Ражив Ганди ва Шри-Ланка Бош вазири Прендеса терактлар натижасида ўлдирилди.
Шу ўринда шаҳидлик мақоми тўғрисида ҳам қўйидаги ҳадис орқали маълумот бериб ўтамиз.
الَشَّهَادَةُ سَبْعٌ سِوَى الْقَتْلِ فِي سَبِيلِ اللهِ اَلْمَطْعُونُ شَهِيدٌ وَ الْمَبْطُونُ شَهِيدٌ وَ الْغَرْقُ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ الْهَدَمِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ ذَاتِ الْجَنْبِ شَهِيدٌ وَ صَاحِبُ الْحَرَقِ شَهِيدٌ وَ الْمَرْأَةُ تَمُوتُ بِجَمْعٍ شَهِيدَةٌ
«Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган кимса шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) кимса шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган кимса шаҳиддир; оловда куйиб ўлган кимса шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир» (Насоий, 1/1973; Табароний, 2/1779)
ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,
Самарканд шаҳар Қорабой Оқсоқол жоме масжиди
имом-хатиби Бобобек Абдураҳимов