Имом Абу Жаъфар Таҳовий ҳазаратлари Яман қабилаларидан бири Азд уруғи(ҳажри)га мансуб бўлиб, унинг боболари ислом фатҳларидан кейин Мисрни ватан тутишган. Араб тилида “ҳажр” сўзи “кичик қабила”га нисбатан иштилади. Арабларнинг насаб китобларида “қабила, азд, ҳажр” атамалари кўп учрайди. Маслама Ибн ал-Қосим Қуртубий ўзининг “ас-Сила” номли китобида Абу Жаъфар Таҳовийнинг насабини Имом Бухорийнинг “ат-Тарихул-кабийр” асарида келган маълумотга қўшимча қилиб қуйидагича келтирган; у “Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салаама ибн Салама ибн Абдулмалик ибн Салма ибн Салийм ибн Сулаймон ибн Жавоб ал-Аздий, ал-Ҳажрий ал-Мисрий ат-Таҳовий имом, муҳаддис, ҳанафий фақиҳ, ҳофиз Абу Жаъфар”, деб келтирган.
Ҳофиз Ибн Асокир имом Таҳовийнинг насабини боболаридан бири Салиймгача келтирган бўлса, Ибн Халликон Абдулмаликкагача келтирган. Олимлар имомнинг туғилган санаси ҳақида ихтилофли қарашаларни ривоят қилишган бўлиб, Ибн Асокир Ибн Юнусдан имомнинг 239-санада таваллуд топганини ривоят қилган бўлса, имом Заҳабий ва Абулмаҳосинлар ҳам ушбу 239-санани келтиришган. Лекин Бадруддин Айний “Нухабул-афкор” асарида Самъонийнинг “саҳиҳ ривоятга кўра Таҳовий 229-санада таваллуд топган” деган қарашини келтирган. Абу Саъийд ибн Юнус эса Таҳовийнинг “мен 29 яъни (229)-санада туғилганман”, деган сўзини ривоят қилган. Бу эса Ибн Асокирнинг Ибн Юнусдан қилган ривоятига хилоф ҳисобланади. Ибн Юнуснинг “Тарих” асари бизда мавжуд бўлмаган асарлар сирасига киради. Юқорида келтирилган қарашлардан бири нотўғри бўлиши керак, лекин иккинчи 229-сана ҳақидаги қараш муаллифнинг қаламига мансуб. Ибн Халликон “имомнинг таваллуди 238-санада бўлган”, деган бўлса, Абу Саъд Самъоний эса “саҳиҳ ривоятга кўра 229-санада таваллуд топган”, деган. Улардан бошқа олимлар эса “имом Рабиъулаввал ойининг ўнинчиси, Якшанба куни таваллуд топган”, деган маълумотни келтиришган.
Ибн Касир эса; “Абу Жаъфар Таҳовий Мисрнинг Соъийд деган-тепа қисмида жойлашган бир қишлоққа нисбат берилган ҳанафий фақиҳ, фойдали кўплаб асарлар муаллифи, ишончли сиқа ровийлар ва забардаст ҳофизлардан бири, Музаний синглисининг ўғлидир…” деган. Абу Саъд Самъонийнинг имом Таҳовий 229-санада таваллуд топган, деган ривоятига кўра имомнинг ёши 90 ёшдан ошган бўлади, яна Аллоҳ таоло билади. Ибн Касир ҳам ушбу ривоят билан кифояланиб, ҳофиз Ибн Нуқта “ат-Тақйид ли маърифати руватил-масанийд” асарида қилган ишни қилган. Муаллиф ўша асарида имом Таҳовийнинг таваллуди 229-санага тўғри келишини ёзган эди. Бадруддин Айний ушбу ривоятга кўра имомнинг ёши Саҳиҳ Бухорий асари муаллифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий оламдан ўтган пайтда 27 ёшга тўғри келади, деган. Чунки Имом Бухорий 256-санада оламдан ўтган эди. Саҳиҳ Муслим асарининг муаллифи Имом Муслим оламдан ўтган вақтда имом Таҳовийнинг ёши 32да эди. Чунки имом Муслим 261-санада оламдан ўтган. Имом Таҳовий имом Муслимга баъзи шайхларидан ҳадис ривоят қилишда шерик бўлган. Имом Таҳовийнинг ёши Сунан соҳиби имом Абу Довуд вафот этган пайтда 46 ёшда бўлган. Чунки имом Абу Довуд 275-санада оламдан ўтган бўлиб, Таҳовий имом Абу Довудга баъзи шайхларидан ҳадис ривоятида шерик бўлган.
Шунингдек, имом Таҳовийнинг ёши Жомеъ Термизий асари муаллифи имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий вафот этган пайтда 50 ёшда бўлган. Чунки имом Термизий 279-санада вафот этган. Шу билан бирга имом Таҳовий Аҳмад ибн Шуъайб ибн Алий Насоъий вафот этганда 74 ёшда бўлган, чунки Насоъий 303-санада оламдан ўтган эди. Таҳовий имом Насоийга баъзи ривоятларида шерик бўлган. Имом Таҳовий имом Насоийдан ҳам ҳадис ривоят қилган. Имом Таҳовий Сунан соҳиби Муҳаммад ибн Язийд ибн Можа вафот этган пайтда 44 ёшда бўлган, чунки Ибн Можа 273-санада оламдан ўтган. Имом Таҳовий Ибн Можага баъзи шайхларидан ҳадис ривоят қилишда шерик бўлган. Шунингдек, имом Таҳовийнинг ёши имом Аҳмад ибн Ҳанбал оламдан ўтган санада 12 да бўлган эди. Имом Аҳамад ибн Ҳанбал 241-санада вафот этган. Имомнинг ёши Яҳё ибн Маъийн вафот этган йили 4 ёшда бўлган, чунки Яҳё ибн Маъийн 233-санада вафот этган эди. Ушбу ривоятларнинг ҳаммаси саҳиҳ ривоятлардир, шунга кўра имомнинг таваллуд санаси 229-йилда бўлади. Шунингдек, у зотнинг таваллудини ҳофиз Муҳаммад ибн Абдулғаний ибн Абу Бакр ибн Нуқта Бағдодий ўзининг ат-Тақйид ли маърифати руватил-масаанийд асарида Аҳмад исмли ровийлар бобида Абу Жаъфар Таҳовий таржимаи ҳоли ҳақида зикр қилган. Ўша асар Азҳарда (За) ҳарфи билан сақланаётган асарлар қаторида жойлашган. Демак имом Таҳовий юқорида номлари зикр этилган улуғ имомлар билан бир асрда яшаган ва уларга айрим ҳадислар ривоятида шерик бўлган. Имом Таҳовий шайхлари қаторида Ҳорун ибн Саъийд Иблий ҳам бўлиб, бу ровийдан имом Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳадис ривоят қилишган. Ҳофиз Абдулғаний Мақдисий ал-Камол асарида Ҳорун ибн Саъийд таржимаи ҳолида; бу ровийдан имом Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Абу Ҳотам каби имомлар ҳадис ривоят қилишган, деган. Имом Таҳовий шайхлари қаторида ар-Рабийъ ибн Сулаймон Жийзий ҳам бўлиб, ушбу ровийдан Абу Довуд ва Насоъийлар ҳам ҳадис ривоят қилишган. “Ал-Камол” асарида олимнинг исми қуйидагича; ар-Рабийъ ибн Сулаймон Жийзий Мисрий Аъраж, деб келтирилган. Ушбу олимдан Абу Довуд, Насоъий, Абдуллоҳ ибн Ҳамадон ва Абу Жаъфар Таҳовийлар ҳадис ривоят қилишган. Ўша китобда шунга ўхшаш маълумотни Абу Жаъфар Таҳовийнинг ҳадис ривоят қилган, ҳадис ёзиб олган ва ҳадис айтган шайхлари зикри келган ўринларда ҳам учратиш мумкин.
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси Фазлиддин Сувонов