“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси устозлари томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда Ахборот-ресурс маркази фондига 200 га яқин китоблар ҳадя қилинди.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Саҳиҳи Бухорий” китобидан 100 дона, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асаридан 15 дона ва яна бир қанча замонамиз олимлари томонидан ёзилган кўплаб китоблар, хусусан Абдулмажид Туркмонийнинг “Ал-Мадхал ила усулил ҳадис” номли ҳадис истилоҳларига оид ҳанафий мазҳабига кўра ёзилган асардан 52 дона ҳамда ислом умматига машҳур бўлган ўнлаб уламоларнинг ҳаёт тарзини ёритиб берган китоблар тўплами тақдим қилинди.
“Саҳиҳул Бухорий” асл номи “Ал-Жомиъус саҳиҳ” – “Ишончли тўплам” Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг 4 жилддан иборат тўпламида иймон-эътиқод, илм-маърифат, оила, никоҳ, мерос, ахлоқ-одоб, таълим-тарбия ва бошқа масалаларга оид ҳадислар жамланган. Имом Бухорий 600 мингга яқин ҳадис тўплаб, улардан такрорланадиганлари билан 7275 тасини ишончли деб ҳисоблаб китобига киритган. Тўпламда такрорланмайдиган ҳадислар сони 4000 тадан иборат.
Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг “Сунани Термизий” китоби “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” (Ишонарли тўплам), “Ал-жомиъ ул-кабир” (Катта тўплам) ёки (Саҳиҳи Термизий) номлари билан ҳам машҳур. Аммо Имом Термизий ҳадис илмида “сунан” йўналишига асос солган муҳаддислардан бўлгани учун бу китоб, асосан, “Сунани Термизий” номи билан шуҳрат қозонган.
“Сунани Термизий” ҳадис тўпламини Имом Абу Исо Термизий “Адҳа” куни 270/883-884 йили ёзиб тугатган. Муаллифнинг ўзи китоби ҳақида бундай дейган: “Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида ушбу китобдан бўлса, ўша хонадонда худди Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам гапираётгандек бўлади”.
Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад Тамимий Бустий (ваф. 354/965 й.) ўзининг “Китоб ас-Сиқот” номли асарида Абу Исо Термизий ҳақида бундай деган: “Абу Исо Термизий ҳадисларни жамлаган, ёзган, ёд олган ва зикр қилганлардан биридир”. Абу Саид ал-Идрисий бундай деган: “Ҳифзда унга тенг келадигани бўлмаган”.
Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Тамимий Самъоний (ваф. 562/1166 й.) ўзининг “Китоб ал-Ансоб” асарида Абу Исо Термизийни бундай васф этган: “Муноқашасиз, у ўз асрининг пешқадами бўлиб, турли асарлар соҳибидир. Ҳадис илмида эргашиладиган имомлардан биридир”.
Ҳофиз Абул-Фазл Ал-Мақдисий қуйидагича баён этган: “Ҳиротда имом Абу Исмоил Ал-Ансорийдан эшитдим. У ўз мажлисида, Термизий ва унинг китоби борасида сўз кетганида бундай деди: “Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки, Саҳиҳи Бухорий ва Саҳиҳи Муслимдан фақат мутахассис олимларгина фойдалана олади. “Сунани Термизий”дан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин”.
ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси
кабинет мудири И.Матякубов