Биз ҳаммамиз ўз фойдамиз учун, амалларимизнинг мақталиши ҳамда маъқулланиши учун эхтирсоларимз ҳамда нафс майлларидан воз кеча олар эканмиз, у ҳолда ақлнинг соф ва мўтадил назари билан ўзимизнинг феъл-атворимиз ҳамда ахлоқимизни кўриб чиқишимиз лозим. Шунда инсоннинг айблари ва салбий хусусиятлари намоён бўлади. Инсон токи уларни ўз кўзи билан кўрмас ва англамас экан ушбу хусусиятлардан қутулишнинг имкони бўлмайди. Инсон уларнинг хато эканлигини тушуниб етмагунича, уларни салбий деб ҳисобламайди ва улардан халос бўлишга ҳам ҳаракат қилмайди. Бундай ҳолларда у ақлли, унга дўст бўлган ҳамда у билан кўп вақт бирга бўладиган инсонга мурожаат қилиши ва ундан ўзида кўринган салбий жиҳатлар ҳақида айтишини сўраши ва илтимос қилиши лозим. Шунингдек, дўстига ушбу жиҳатларни билиш ўзи учун муҳим ва керакли иш эканлигини, ҳамда бунинг учун дўстидан миннатдор бўлишини маълум қилиши лозим. У дўстидан айбларини айтишда уялмаслигини ва уни аямаслигини сўраши ҳамда бирон нарсага енгил қараса, бефарқ бўлса ёки қайғурмаса бу ўзи учун зарар бўлишини айтиши лозим, шунинг учун ҳам дўсти шундай ҳолат бўладиган бўлса унга танбеҳ бериши ва қаттиқ танқид қилиши мумкинлигини билдириши керак.
Агар дўсти унга ўзи кўрган ва учратган салбий жиҳатларининг хабарини берадиган бўлса, у бундан норози бўлмаслиги ва аччиқланмаслиги керак. Аксинча, эшитган нарсалари учун мамнун эканини билдириши ва эшитмаганлари учун яна қизиқиш кўрсатиши лозим. Агар дўстининг ундан уялиб бирон нимани яшираётганини ёки маълум сўзни ишлатолмай ҳамма нарсани айтолмаётганини ёки салбий хусусиятни чиройли кўрсатмоқчи бўлаётганини пайқаб қолса, у ҳолда дўстига буни қабул қилмаслигини ва ундан очиқлик ҳамда ўзига ҳақиқатни айтишини истаётганини билдириши лозим.
Аммо у дўстининг қарши вазиятда туриб ундаги салбий ва нотўғри cифатларни ошириб ва кўпайтириб айтаётганини билиб қолса, бу ҳолат ҳам уни жаҳлини чиқармаслиги керак. Аксинча, дўстини мақташи ва эшитганлари учун мамнун ҳамда хурсанд эканини билдириши, шунингдек, вақти-вақти билан унга илтимос билан мурожаат қилиб туриши лозим.
Салбий ахлоқ ва сифатлар аввал мавжуд бўлмаган бўлса, кейинчалик пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун инсон атрофидагилар, суҳбатдошлари ва биродарлари у ҳақда қандай фикрда эканликларини, ўзидаги қайси жиҳатни мақтаб, қайси жиҳатни қоралашларини билиши ҳамда ҳис қилиши лозим. Агар инсон мана шу маънода ўзини англаш йўлидан боришга қарор қилса, ҳеч қандай камчилик ва иллатлар, улар қанчалик кичик ва аҳамиятсиз бўлмас назардан четда қолмаслиги керак. Агар инсоннинг салбий жиҳатларини ҳамда камчиликларини овоза қилишни қаттиқ хоҳлайдиган ёвуз душман учраб қолса, инсон вақт ўтказмай унинг айтганларидан ўз айбларини билиб олиш ҳамда улардан қутулишга интилиш учун фойдаланиши лозим. Албатта бунда унинг айбларини маълум қиладиган инсон ўзининг хаддини ва қадрини билиши, шунингдек, хайрихоҳ ва олийжаноб киши бўлиши керак. Жолинуснинг бу борада шиори шундай эди: “Дарҳақиқат, озод кишилар ўз душманларидан фойда оладилар”. Олим китобда ўз душманидан олган фойдаларини зикр қилади. Шунингдек, у биз бу ерда айтиб ўтган умумий ва қисқа ҳолатлар тўғрисида “Инсонннинг ўз камчиликларини билиши тўғрисида” номли китоб ёзган.
Ушбу мавзу бўйича баён қилганларимиз етарли бўлди, деб ўйлаймиз. Бирон инсон шулардан фойдаланадиган бўлса қиличдек ўткирлашади ва фазилатга эришади.
Психотерапевт, фон доктори Гавҳар Тешабоева
Абу Бакр Розийнинг «Руҳий тиббиёт» асари асосида тайёрланди