Тошкент ислом институтида “Январь – Араб тили ва Балоғат фанлари ойлиги” этиб белгиланган. Шу муносабат билан “Тиллар” кафедраси професcори, Ал-Азҳар университети мутахассиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, Шиҳата Абдурраззоқ Абу Шуша институт профессор-ўқитувчиларига “Балоғат ва Араб тили фанлари бир-бирига узвий боғлиқлиги” мавзусида мастер-класс ўтиб берди.
Тадбирда кундузги таълим факультети декани, кафедра катта ўқитувчиси Ибодулла Ахроров, кафедра мудири Улуғбек Ҳасанов ҳамда профессор-ўқитувчилар қатнашдилар.
Араб тил фақатгина араб диёрлари аҳолисининг мулоқот воситаси бўлибгина қолмай, бутун дунё мусулмонларининг ҳам умумий тилидир. Чунки, мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръон айнан шу тилда нозил қилинган. Кўплаб исломий ибодат ва маросимларни бажаришда шу муқаддас тилдан фойдаланилади.
Араб тилининг мавқеи ислом динининг дунё миқёсида кенг тарқалиши туфайли кўтарилди, чунки у кўп асрлар давомида мусулмонлар ҳукмронлик қилган ўлкаларда сиёсат, фан ва адабиёт тилига айланди.
Балоғат фани илк даврларда ушбу ном билан номланмаган. Тил олимлари сарф ва наҳв ҳамда луғатга оид китобларни чуқур ўргангандан кейин илми маоний, илми баён ва илми бадиъдан таркиб топган балоғат илмларини чуқур ўрганишар эдилар. Шундай қилиб, кичик рисола ва мақолалар тўпланиб бориб, уни алоҳида мустақил фан сифатида шаклланишига олиб келди. Илми маоний маъноларни, баъзи лафзларни ишлатиш усуллари ва баъзи калималарнинг ўрни ва салмоғи ҳақида баҳс юритади.
Илми баён керакли мақсадни ифодалаш ва етказишда, шунингдек, таъсирини оширишда калималарни ҳақиқий ва кўчма маъноларидан фойдаланиш усулларини ўргатса, Илми бадиъ эса, илми маоний ва баёнлардан фойдаланган ҳолда гапириладиган ёки хатга тушириладиган фикрларни чиройли, бадий, қофияли, жарангли ва сўзларни бир-бирига уйғун қилиб келтириш услублари устида баҳс юритади.
ТИИ Тиллар кафедраси
кабинет мудири Анваров Элёрбек