Нутқ – Аллоҳ таолонинг инсонларга берган энг улуғ неъматидир. Биз бу неъматнинг шукрини адо қилишимиз учун эса тилимизни турли беҳуда сўзлардан, ғийбат, чақимчилик, баҳс-у мунозара, ҳазил-ҳузул ва шунга ўхшаш иллатлардан сақламоғимиз лозим. Агар мана шундай беҳуда сўзларга сарфлаган вақтимизни тафаккур ва Аллоҳ зикри учун сарфлаганимизда эди, жуда кўп дунё ва охират яхшиликларига эришган бўлар эдик. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ибн Закарийёдан қилинган ривоятда шундай марҳамат қиладилар: “Албатта мўминнинг жимлигида фикр, назарида ибрат, нутқида зикр бўлади”. Абу Шурайҳ ал-Хузўийдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин.
Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин.
Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, – дедилар.
Ҳадиси шарифда яхши гап айтиш, бўлмаса жим туриш Аллоҳ таолога ва охират кунига иймоннинг аломатларидан бири эканлиги таъкидланмоқда.
Тилдан келадиган офатлар кўп ва турличадир. Бу офатлардан қутулишнинг осон йўли сукут қилиш орқали бўлади. Бу эса жуда катта фазилат ҳисобланади.
Яна бир ҳадиси шарифда Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки оёғи орасидаги нарсани ва икки жағи орасидаги нарсани муҳофаза қилиб берса, мен унга жаннатни муҳофаза қилиб бераман”, – дедилар.
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Бу ердаги “икки жағ орасидаги нарса”дан мурод бизнинг тилимиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар тилимизни турли беҳуда сўзлардан муҳофаза қилсак, бизга жаннатни муҳофаза қилиб беришини айтяптилар. Бу биз учун катта имконият эмасми? Наҳотки ўзимиз ўз тилимизни бошқара олмасак? Наҳотки мана шунга бизнинг иродамиз етмаса? Йўқ, бу иш барчамизнинг қўлимиздан келади. Фақат бунинг учун биздан озгина ҳаракат ва эътибор талаб қилинади.
Беҳуда гаплардан қутулишнинг чораси ўлимни ва ҳисоб-китобни ёдга олиб туришдир. Инсон ҳар бир сўзи, ҳар бир нафаси учун ҳисоб қилинишини тафаккур қилиб яшаса, ўйлайманки, бундай тил офатларидан узоқ бўлади.
Халқимизда шундай мақол бор: Етти ўлчаб – бир кес. Агар мана шу мақолга амал қилган ҳолда бир неча бор ўйлаб сўнг гапирсак, албатта, тилимизни муҳофаза қилган бўламиз.
Бу ҳақида Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай деган эканлар: “Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган”.
Ўзимизга аҳамиятсиз бўлган беҳуда нарсалар ҳақида бировга савол беришимиз ҳам тил офатларидан ҳисобланади.
Ривоят қилинадики, Луқмони Ҳаким Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурига кирди. Довуд алайҳиссалом совут тўқиб ўтирган эдилар. Луқмони Ҳаким шу пайтгача совутнинг нималигини билмасди. Шунинг учун кўраётган нарсасидан ажабланди, ҳатто бу ҳақда сўрамоқчи ҳам бўлди. Аммо қалбидаги ҳикмат уни савол беришдан тўсди, нафси тийилди.
Ишни тугатгач, Довуд алайҳиссалом ўринларидан турдилар. Совутни кийиб: “Жанг учун қандай яхши совут бўлди!” деб қўйдилар. Кейин Луқмони Ҳакимга юзланиб: “Жимлик ҳикматларга тўла! Фақат уни қилувчилар оз” -дедилар.
Бундан ташқари, фарзанднинг ота-онасига бўлган муносабатида ҳам чиройли сукут қилиш лозим бўлади. Бу ҳақида Ибн Авндан ривоят қилинган ҳадисда шундай келтирилади: “Муҳаммад ибн Сийрийннинг олдига, у онасининг олдида турганда, бир одам кирди. Бас, у: “Муҳаммадга нима бўлган, бемор бўлиб қолдими?” – деди. “Йўқ, онасининг олдида турганида шундай бўлади”, – дейишди”.
Муҳаммад ибн Сийрийн машҳур тобеъинлардан ҳисобланадилар. У киши оналарининг олдиларида турганларида бир одам кириб борган экан. Уларнинг ҳолатини кўриб қўрқиб кетибди. Қайтиб чиқиб: “Нима, Муҳаммад касал бўлиб қолдими? Аҳволи чатоқ кўринишда”, деганида одамлар: “Йўқ, касал бўлгани йўқ, онасининг олдида турганида, онанинг эҳтиромидан, шунақа ҳолга кириб қолади”, – деганлар. Бундан кўриниб турибдики, оналаримиз олдиларида уларга қаттиқ гапириш у ёқда турсин, уларнинг олдида кўзимизда ҳеч қандай норозилик аломати ҳам сезилмаслиги, ҳатто уларнинг гаплари ёқмай турган бўлса ҳам чиройли сукут қилишимиз лозим экан.
Фарзанд отасининг қўлини қайтармаслиги ҳақида Аввом ибн Ҳавшабдан шундай ривоят келтирилади: “Мужоҳид менга: “Бола ўзидан отасининг қўлини кўтармайди. Ота уни нима қилса, тек қўяди”, – деди”. Бундан кўриниб турибдики, фарзанд бир айб иш қилса ва ота бунинг учун уни жазоласа, отанинг қўлини қайтармаслиги, сукут сақлаши керак бўлади.
Беҳуда сўзлардан кечa олган инсоннинг Исломи нақадар гўзаллашиб боради.
Тошкент ислом институти талабаси Ислома Муҳаммадодилова