islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жанозага оид масалалар | 2-қисм: Маййитни ювиш

Ўликни ювиш тириклар зиммасидаги вожиб бўлган амаллардан биридир. 

Маййитни бутун аъзои баданига бир марта тўлиқ сув етказиб ювиш фарз ҳисобланиб, яна икки марта ювиш билан суннат бажо келтирилади, уч марта ювиш билан эса фарз ва суннат амаллари адо этилган бўлади.

Мавзуни баён қилишдан олдин мўътабар фиқҳ китобларида зикр қилинган маййит ювишга доир фатволардан айримларини келтириб ўтамиз.

“Маййит ювилмай туриб, унинг хузурида Қуръон тиловат қилиш макруҳ”.

Изоҳ: Маййитга жаноза ўқилмай туриб, ташқарида тиловат қилиш жоиз, лекин бизнинг диёримизда дафн этилгач тиловат қилиш одати жорийдир.

“Жасад сув остидан топилган бўлса ҳам у ғусл қилдирилади. Аммо сувдан олмай туриб, ғусл қилиш нияти билан жасадни у ёқ, бу ёққа тўнтариб, сўнгра олинса бу ғусл ўрнига ўтади”.

“Жасад узоқ туриб қолгани туфайли айниб, қўл билан силаш имкони бўлмаса, устидан сув қуйиб ювилади”.

“Ғассол-ювғич ишончли кишилардан бўлиб, маййитнинг айбу нуқсонларини фош қилмайдиган, яхши сифатлари ва аломатларинигина гапирадиган киши бўлиши тавсия этилади. Масалан, маййитни юзи қизариб-ёришиб кетгани, хушбўй ҳид таратгани каби аломатларни гапирса яхши, лекин юзи қорайгани, нохуш ҳид таратгани, шакли-сурати ўзгариб қолгани каби ҳолатлар хақида оғиз очмагани маъқул”.

Маййитни ювмоқчи бўлсалар, сув яхши кетиши учун сартахтага ётқизадилар. Авратини бир парча мато-лунги билан ёпиб, кийимларни ечадилар.

Ювишни бошлашдан олдин ўлик қўйиладиган тахта илиқ сув билан тозаланиб, муаттар нарсалар билан уч ёки беш марта хушбўйлантирилади. Ғассол бисмиллоҳни айтиб икки қўлини бўғинигача ювади.

Кейин қўлига қўлқоп кийиб, ўликни авратига қарамаган ҳолда қўлини ёпилган мато остига суқиб, киндигидан то тиззасигача, олд ва орқа тарафини поклаб ювади. Мато устидан илиқ сув қуйиб турилади. Ғассол ўликни авратларини поклаб бўлгач, қўлқопни ечиб, қўлини қайтадан тозалаб ювади. Янги қўлқоп кийиб, уни сув билан намлаб маййитнинг тиши, милклари, лаби ва бурин тешикларини артиб тозалайди. Буриндан сувни чиқариб олиш қийин бўлгани учун оғиз ва бурин чайилмайди.

Тириклик чоғида қўлини, юзини ва бошқа аъзоларини ўзи ювар эди, энди эса бу аъзолар ғассол қўли билан ювилади.

Таҳорат қилдириш энди қўлидан эмас, балки юзини ювишдан бошланади.

Юзи уч марта ювилиб, сўнг икки қўли тирсагигача уч марта ювилади. Кейин боши, қулоғи ва бўйнига масҳ тортилади. Иккала оёғи ҳам тўпиғигача ювилиб, таҳорати мукаммал қилинади. Маййитнинг ёши ва жинсидан қатъий назар фатвога кўра, мазкур амаллар барчага баробар татбиқ қилинади.

Агар норасида гўдак бўлса унга таҳорат шарт эмас.

 Маййит таҳорат қилдирилгандан кейин ғассол унинг бошини уч марта ювади ва чап ёнига ётқизиб ўнг томонини тахтага теккан жойигача тўлиқ уч марта ювади, кейин ўнг томонига ётқизиб, чап тарафини ҳам тахтага теккан жойига қадар уч марта ювади.

Кейин бир киши ёрдамида маййитни суяб, ўтқизиб, кўкрагидан пастга томон оҳиста, озор бермай бир неча бор силайди. Агар ичидан бирон бир нарса чиқса, ўша жойни ўзини латта билан артиб, тозалаб ювиб қўяди холос. Таҳорат билан ғусл қайтарилмайди.

Ўликни юваётган пайтда сочи ва соқолини тараш ҳамда, тирноқларини олиб, мўйлабини қайчилаш, қўлтиқ ости юнгларини тозалаш ҳам мумкин эмас. Танадан жон чиққанидан кейин бу ишларни қилиш макруҳ ҳисобоанади.

Жасадни ювиб бўлгандан кейин, кафан ҳўл бўлмаслиги учун сочиқ ёки бир мато билан артиб қуритилади.

Сўнгра уни кафанлашдан олдин сажда қиладиган еттита аъзолари: пешонаси,икки қўлининг кафтлари,икки тиззаси ва оёқларига мушки анбар ёки хушбўй атир сепилади. Мазкур амаллар тўлиғича бажарилгандан кейин кафанланади.

 Ўликни қариндош уруғлари ёки яқинлари ювиши мустаҳаб. Агар улар бўлмаса бошқа солиҳ, парҳезкор одам бажариши мумкин.

Манбалар: Ҳидоя, Оламгирия, Табйин, Жавҳара, Муҳийт асарлари

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, 

Шаҳрихон тумани “Сулаймонбек” жоме масжиди 

имом-хатиби Иззатуллоҳ домла Турғунов 

361950cookie-checkЖанозага оид масалалар | 2-қисм: Маййитни ювиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: