islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

РАЖАБ ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ!

Аллоҳ таоло инсонларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари, сафар қилишлари, намоз, рўза, ҳаж каби ибодатларни вақтида адо этишларига қулайлик яратиш мақсадида кун, ой, йил ҳисобини ҳам жорий этган. Тарих воқеаларини белгилаш, тинмай ўтаётган вақт ҳисобини аниқлаб ёзиш ва кейинги авлодга қолдириш мақсадида йил, ой, кунларнинг ҳисобини тақвим шаклида қадимдан кенг истеъмол қилиб келинади.
Қуръони каримда ойларнинг сони ўн иккита қилиб яратилгани, булар биргаликда йил ҳисобини ташкил этиши баён этилган. Аллоҳ таоло ана шу ойларнинг тўрттасини, яъни Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ойларини “ҳаром”, яъни жангу жадал ва зулм қилиш ҳаром қилинган ойлар, деб эълон этди. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисобланган бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир. Ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у мазкур ойлардан биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Қуръони каримда: яъни: “Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг сони – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир” (Тавба, 36).
Ҳаром қилинган ойлар – зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари бўлиб, уларнинг аввалги учтаси кетма-кет, ражаб ойи эса орадан беш ой ўтгандан кейин келади.
Қадимдан буларни ҳаром (уруш, қон тўкиш ҳаром қилинган) ойлар сифатида қадрлашар ва ҳурматлашар, бу ойларда уруш ва жангу жадалларни тўхтатишар эди. Муфассирлар “Бас, у ойларда  ўз жонларингизга зулм қилмангиз!” ояти каримасига: “Бу ойларда гуноҳ ишларни қилмангиз, уларнинг ҳурматини бузмангиз, уларда ҳаром қилинган ишларни ҳалол қилиб олмангиз, акс ҳолда ўзларингизга зулм қилган бўласизлар”, — дея маъно берадилар. Гарчи гуноҳу маъсиятлар ҳар қандай вақтда ҳам ҳаром ва қабиҳ саналса-да, аммо мазкур тўрт ойнинг зиёда ҳурмати туфайли уларда содир қилинган гуноҳларнинг жазоси ва қабоҳати бошқа ойлардагидан кўра ёмонроқ бўлади.
Ражаб” сўзи луғатда «ҳаё қилмоқ, тинчиш, сақламоқ, қўрқмоқ» маъноларини англатади. Абу Райхон Беруний: “Ражаб сукут, тинчиш ойи, Аллоҳ таоло зикр қилган тўрт ойнинг бири, деб айтган. ”Ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб – Аллоҳ урушни ҳаром қилган ойларнинг бири бўлгани учун шу номни олган. Ражаб ойида нафл рўза тутишнинг савоби улуғ. Бу ойнинг фазилати шундаки, унинг йигирма еттинчи кечаси Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро ва Меърожлари содир бўлган.
Исломда уруш ман этилган ой деб эълон қилиш бутун дунёда тинчлик ва осойишталикни кўзлаб қўйилган ажойиб илоҳий тадбир эди. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тиярдилар.
Ражаб ойи ҳам муҳаррам ойлардан бўлгани учун унда нафл рўза тутиш кўп савобга эга бўлишнинг йўлларидан бири ҳисобланади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: «Ражаб ойида турганимизда Саъид ибн Жубайрдан Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди».
Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаслар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. У зот Ражаб ойида ҳам шундай қилган эканлар.
Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Ҳадис китобларида келтирилган баъзи ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.

Кўп ҳадисларда келган тавсиялар Ражаб ойи кечаларини тоат-ибодатда, зикр ва дуоларда ўтказишга қаратилган. Шунингдек, бу муборак ойда асосий қилинадиган нарса тавба-тазарруъ эканлиги алоҳида таъкидланган.
Аллоҳ таоло “ҳурматланган” ойларда айниқса, гуноҳ ишлардан сақланишга, мазкур ойларни кўпроқ ибодат, зикруллоҳ билан ўтказишга буюради. Мана бу ойларда имкон қадар солиҳ амалларни кўпроқ бажаришимиз, атрофимиздаги ночор ва муҳтож кишилар ҳолидан хабардор бўлиб, уларга ёрдам қўлини чўзишимиз зарур бўлади.
Чунки ўтаётган ҳар бир кунимиз ғанимат, ҳар бир соатимиз ортига қайтмайди. Ҳамма нарсанинг исрофи бўлганидай, вақтнинг, умрнинг ҳам исрофи бор. Шу боис, кунлар ва ойларни чиройли амаллар, эҳсон ва яхшиликлар билан безаш мусулмон кишининг вазифаларидандир.
Имом Ҳасан Басрий (р.ҳ.) айтади: «Одам боласи, бир куни ўтса, бу ҳақда фикр қилсин. Агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга муваффақ қилгани учун Аллоҳга шукрлар айласин. Агар бунинг акси бўлса, тавба қилсин, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму-қарор айласин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. У соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳга шукроналар айтсин! Қолган умрида камчиликларни тўлдириш мумкин бўлади».
Аллоҳ таоло Ражаб ойини барчаларимизга муборак айласин. Жаннатмонанд юртимиз осмонини мусаффо, халқларини тинч ва фаровон айлаб, ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини барқарор қилсин. Азиз умримизнинг ҳар бир йили ва ойини солиҳ амаллар, яхшиликлар ва эзгуликлар билан безашимизни насиб этсин, ҳаммаларимизга икки дунё саодатини ато қилсин.

Тошкент Ислом Институти Модум таълим тизими 1-курс талабаси Наманган шаҳри ”Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллаев Билолиддин

362020cookie-checkРАЖАБ ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: