2020 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти махсус сиртқи йўналишини тамомлаган Раҳматуллоҳ қори Файзуллаев бир неча йиллардан буён Фарғона вилояти Марғилон шаҳар “Робия ҳожи она” жоме масжиди имом-хатиби бўлиб фаолият юритиши билан бирга XIX-XX асрларда Марғилон шаҳри ва унинг атрофида яшаб ижод қилган ҳамда халқимизнинг дин-диёнати ва илм-маърифати ривожига катта ҳисса қўшган алломалар ҳаёти ва ижодига бағишланган “Марғилон алломалари” рукни остида бир қанча китоблар ёзди.
Ҳозиргача Раҳматуллоҳ қори Файзуллаев мазкур йўналишда еттита китобни нашр этдилар:
1. Раҳматуллоҳ Файзуллаев ва Нодиржон Абдулаҳатов. Муҳаммад Юсуф Ҳазин (Хонақоҳий Ҳазрат Марғиноний);
2. Раҳматуллоҳ Файзуллаев ва Нодиржон Абдулаҳатов. Абдуссомад охунд Қоил Марғилоний;
3. Раҳматуллоҳ Файзуллаев, Муҳаммаджон Мадғозиев ва Нодиржон Абдулаҳатов. Муҳаммад Юсуф Ҳазин (Хожажон Хожа Рожий Марғиноний);
4. Раҳматуллоҳ Файзуллаев ва Нодиржон Абдулаҳатов. Фозилжон Махдум Марғилоний;
5. Раҳматуллоҳ Файзуллаев. Меҳробдан таралган садо;
6. Раҳматуллоҳ Файзуллаев. Олим бўлиш осон, аммо… ёхуд (Мавлавий Мажруҳ Ёзёвоний қиссаси);
7. Раҳматуллоҳ Файзуллаев ва Нодиржон Абдулаҳатов. Сенга етмагунча тўхтамайман (Мўминжон Ҳаким маноқиби).
Мазкур еттита китобнинг ҳар бирини ёзишда Раҳматуллоҳ қори Файзуллаев жуда катта меҳнат қилган ва машаққатларни бошидан кечирган. Ҳаёт ва ижодлари баён қилинган ҳар бир аллома ўтган асрда Марғилон шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда яшовчи аҳолининг илм-маърифати ривожига катта ҳисса қўшган ва кўплаб маърифатли ёш авлодни тарбиялаб етиштирган.
“Мўминжон ҳаким ўқишга бўлган қизиқишини ҳақида шундай дейди: “Кичик амакимнинг хотини ҳамма вақт дўппи тикар эди. Мен ёнида ўтириб, унинг Машраб китобини олиб, ҳоли-жонига қўймай, ҳар бир шеърини сўраб ёд қилар эдим. Далада мол боқар вақтимда ҳам ёддан Машраб ғазалларини такрор ўқир эдим. Қишу ёз оёғимда ҳеч нарса бўлмасди. Аксар оёқларимга чўкур (чақин тиканак) кириб йиринг бўлиб кетар эди, эски латталар билан боғлар эдим. Кеча-кундуз ўқиш ва ёзиш ишқ-муҳаббати мени дилимга ором бермас эди” (“Мўминжон Ҳаким маноқиби” китоби 9-бет).
Раҳматуллоҳ қори Файзуллаевдан ҳар бир илм аҳли ва зиёлилар ўрнак олса, арзийди. Домла қарийб ўтиз йилдан буён XIX-XX асрларда Марғилон шаҳрида яшаган алломалар ҳаёти ва ижодига тегишли қўёзма ва тошбосма манбаларда маълумотлар ҳамда алломаларнинг авлодлари билан бевосита суҳбатлар асосида халқимиз ва ёш авлодларимиз учун ниҳоятда манфаатли китоблар ёзишга муваффақ бўлдилар. Раҳматуллоҳ қори домланинг ёзган ҳар бир китобни том маънода тарих фанлари доктори илмий даржасини олиш учун ёзиладиган докторлик диссертацияси бўлган десак, муболаға бўлмайди. Раҳматуллоҳ қори домлага яна кўплаб мана шундай асарлар ёзишда Аллоҳ таолодан муваффиқиятлар сўраб қоламиз.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
Илмий ишлар ва фан бўйича проректори Соатмурод Примов