Ҳозирги замонимиз мобил телефонлар, компютерлар, ва шу каби техникалар ривожланган давр. Ҳозирги пайтда болаларни ўзимиз хоҳлагандек тарбиялаш ҳақиқатдан мушкул бир ишга айланиб қолди. Бир томондан уларга интернетдаги таҳдидлар хавф солиб тургани учун ҳавотир олсак, бир томондан, “атрофидаги одамлар ёмон йўлга бошламасмикин?” дея ҳавотирга тушамиз, яна бошқа бир томондан гиёҳвандлик, кашандалик, спиртли ичимликларни ичишлик, ҳаром бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишлик оддий бир ҳолатдек бўлиб қолган пайтда бизнинг фарзанларимиз ҳам шу каби ёшлар қаторида эмасмикин дея ҳавотирга тушамиз.
Яна бир оғриқли нуқта борки, биз уни сезиб-сезмай, билиб-билмай янада шиддат билан ривожланишига ҳисса қўшмоқдамиз. Бу ёшларнинг компютер ва мобил ўйинларига, вақтни беҳуда сарф этувчи ва фахшга даъват этувчи филм ва мусиқаларга ўта берилиб, чегарадан ўтиб кетаётганларидир. “Instagram”, “TikTok”, “Likee” ва шунга ўхшаган ижтимоий тармоқлар нафақат ёшларнинг балки, ёши катталарнинг ҳам онгини заҳарлаб, ўзига тобе қилиб олгани ёлғонми? Aгар билсангиз, буларнинг ҳар бирида ўзининг “машхур” блоггерлари, тиктоккерлари мавжуд бўлиб, бири қилган ишга бошқа барча тобеъ бўлганлар тақлид қиладилар. Ушбу тармоқлардаги видеолавҳалар ва фотосуратларга қараган киши ундан на бир маъно топа олади, на бир мантиқ!
Мисол учун, “Instagram” ижтимоий тармоғини олайлик. Ундан фойдаланиб кўрсангиз, у ерда кўрганингиз асосан кимнингдир эрталабки нонуштасига тайёрлаган таомини мақтаниб олган сурати, кимнингдир янги олган либоси, яна кимнингдир манзарали бирор ерга бориб дам олаётгани тасвирга тушурилган видеолавҳалар бўлади. Бу тармоқнинг асоси риё, сумъа, иккиюзламачилик, мақтанчоқлик, олтинларга ҳам тенг кўрилмас бебаҳо вақтни ҳавога учириш бўлиб қолмадими? Энди эса “TikTok” ижтимоий тармоғини мисол қилиб олайлик. У ерда фарзандингиз биласизми нималарни ўрганади, кимларга ва нималарга тақлид қилади, кимларни яхши кўриб ўзлари учун “кумир” ҳисоблашади?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “киши кимни яхши кўрса, охиратда ўша қавм билан бирга бўлади” деганларини билмайсизми? Aгар ушбу тармоқ фойдаланувчиларидан нима учун фойдаланишларини сўрасангиз ўзларига керакли маълумотларни олаётганликларини, билмаган нарсаларини ўрганаётганликларини айтадилар. Шундай ҳам бўлаётгандир, лекин ҳақиқат шуки, уларнинг ўзларига олган манфаатли маълумотларидан, ўтказган беҳуда вақтлари ва олган зарарли, эътиқодни бузувчи, мияни заҳарловчи, фахш маълумотлари кўпроқдир. Бу тармоқда 6 ёшдан бошлаб 70 ёшгача, балки ундан ҳам ёшроқ ва ундан ҳам каттароқ фойдаланувчилар, ғайридийнлар ҳам, “муслим” ва “муслималар” ҳам, эркак ва йигит ҳам, аёл ва қиз ҳам “фаол” иштирок этадилар. Бу тармоқнинг асоси тақлид қилиш, бир-бирини “баҳолаш”, атрофдагиларни лол қолдириш, бир-биридан устун бўлишга ҳаракат қилишдан ташкил топган. “Тақлид қилишнинг, видеолавҳалар олишнинг, дунёга танилишнинг қандай зарари бор?” дейишингиз мумкин. Ёшларнинг баъзи бир “challenge”ларга тақлид қилиши билан ҳаётини хавф остига қўяётганини билмайсизми? Ёш йигит қизларнинг кўча-кўйда, жамоат жойларда ҳам “дунёга танилиш” мақсадида кўрганларни ҳам ҳижолатли ҳолатга солиб қўядиган турли хил номақул ишлар билан банд бўлаётганини билмайсизми? Ўзлари танимаган, билмаган кишилар учун, уларнинг баҳо беришлари учун, уларни лол қолдириш учун, қилаётган ишининг оқибатини ҳам ўйламасдан фарзандингиз ҳаёти учун хавфли ишларни қилишларини билмайсизми? Уларми бизнинг келажагимиз?! Фарзандингизни айнан шу нарсаларга ўрганаётганини, бошқаларга тарғиб қилаётганини беэтибор кузатаётганингиз, бу ҳам етмагандек, уларга шерик бўлишингиз, бир-бирингиз билан “like” алмашишингиз жуда ачинарли оқибатларни келтириб чиқаришини наҳотки тушунмаётган бўлсангиз?! Ҳаётимиз фақатгина бу дунёда яшашимиз билангина чегараланиб қолмай, охиратда ҳар бир ўтган беҳуда вақтимизга жавоб беришимизни шу пайтгача ҳам англаб ета олмадингизми? Фарзандларингиз виртуал ҳаётни ҳақиқий ҳаётдан афзал кўришини, виртуал ҳаётга боғланиб қолганлигини, оиласи билан ўтказган бахтли дамларидан кўра виртуал ҳаётдаги ўтказган самарасиз вақтлари кўпроқ эканлигини сезмаяпсизми?! Болаларнинг бундай улғайишига айнан ўзимиз сабабчимиз. Уларни гўдаклик пайтларидаёқ йиғламасликлари учун, “қулоғимиз тинч бўлиши учун” мултфилм қўйиб, қўлларига мобил телефон тутқазиб қўйишимиз сабаб бўлади. Керак бўлса, 2 ёшли гўдагингиз телефондан қандай фойдаланишни ўзингиздан кўра яхшироқ билиб турганида бу қувончли ҳолатмикин, ёки ачинарлими?
Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар масаланинг фақат бир томони эди. Масаланинг бошқа бир томонига назар ташлайдиган бўлсак, ёшларнинг ўқишга, илм олишга қизиқмаслигидир. Ёш болаларнинг ҳам депрессия ҳолатларига тушиб қолаётганликлари, ҳаётга реал қарамасликлари ҳам одатий ҳолдек кузатилиб бошланди. Ҳурматли ота-оналар, боланинг атрофидаги тарбиячилар болаларга, ёшларга, фарзандларингизга ҳаётни реал кўрсатинг. Ҳаёт фақат ўйин-кулгудан, маишатхўрликдан, фақат бугунги кундангина иборат эмаслигини уқтиринг. Фарзандларингизга эртанги кунини ҳам ўйлаб яшашни, узоқни кўра билишни, келажагини ўйлашни, тўғри йўл танлай билишни ўргатинг.
Яна бир ҳолат борки, кишини ҳақиқаттан ўйланишига мажбур этади. Aйрим бир ота-оналар динни нотўғри тушунганликларидан, ёки бошқа бир сабабдан фарзандларига ислом динимизни гўзал, осон қилиб эмас, аксинча кўрсатадилар. Aллоҳ изн берган нарсалардан уларни чеклайдилар. Оилаларида “рухсат, енгилчиликдан” кўра “тақиқ, қонун-қоидалар” кўп бўлади. Aлбатта оилада қандай қонун-қоидалар бўлиши, нимага амал қилиш, нимага амал, қилмаслик оила бошининг қўлида бўлади, унга бегона бир шахснинг аралашиши тўғри эмас.
Лекин ислом динини нотўғри талқин қилаётган, унга нотўғри амал қилаётганларга тўғри талқин қилишни ўргатиб қўйиш ўринсиз бўлмайди. Ислом дини осончилик, енгилчилик динидир. Ислом дини бизларга неъмат қилиб, мукаммал бир суратда нозил бўлган диндир. Биламизки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам фақатгина ибодат қилиш, намоз ўқиш, жихот, ғазот қилишдангина иборат бўлмаган. Улар ҳам саҳобалари билан меҳмонга, бемор кўришга, бозорга борар эдилар. Улар ҳам аёллари билан, фарзандлари билан чиройли ҳаёт кечирганлари тарих саҳифаларида сақланиб қолган. Aллоҳ изн берган, ҳалол қилган нарсаларни ўзимизга тақиқлаб, ҳаром қилиб олишимиз ҳеч тўғри иш эмас. Мисол учун, баъзи бир ота-оналар фарзандларини таълим олишларига, мактабга боришларига, кўчага чиқиб, дўстлари билан турли хил ўйинлар ўйнашларига, болаликларини шодон, завқу-шавқ билан ўтказишларига йўл қўймайдилар. Бу ҳолатда бола ёвоййи, атрофидаги бошқа инсонларга қўшила олмайдиган бўлиб, ёлғиз, ўз қобиғига ўралиб вояга етадилар. Бу ҳолатнинг оқибати ва надоматини қизини шундай ўстирган, охир-оқибат фарзанди “рангсиз бўлган ҳаётидан” рангли бўлган кўча ҳаётига ўзини отгандан сўнг, афсус қилаётган бир отанинг сўзларидан эшитайлик:
“– Йўқ, дўстим. Қизим динсиз эмас, лекин у динини севмайди. Аллоҳга ҳам, Қуръонга ҳам ишонади. Лекин унга гўзал кўринаётган дунёнинг ҳақиқий юзини кўрмагани учун диний ҳукмларни ёқтирмайди. Динсиз бўлишни истамайди-ю, барибир ўзини динсиз ҳаётга отади. Нотўғри таълим бердик, дўстим. Хато қилдик. Дин ўргатяпмиз деб, савоб ёки гуноҳлардан сўз очдик. Макруҳ мубоҳларни эса четлаб ўтдик. Оқ ёки қорани ўргатдик, қолган рангларни беркитдик. Болани ҳар тарафдан сиқдик. Кулса ҳам, йиғласа ҳам айбдор санадик. Бошқалар эса Аллоҳнинг динига зид равишда унга рангин дунёни кўрсатди”. (Имомнинг манекен кизи асаридан)
Бу сўзлар ҳар бир қалбни тафаккур қилишга ундайди. Ҳурматли ота-оналар, фарзандингизга фақат рангин дунёни ҳам кўрсатманг, дунёсини рангсиз қилиб ҳам кўрсатманг. Ҳаётни борлигича кўрсатинг. Унга реал қарашни ўргатинг.
Тўғри ҳеч биримиз саҳобий розияллоҳу анҳумларга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшай олмаймиз, биз улар бўла олмаймиз, лекин уларда кўрган ибратимиздан ўрнак олиб ўзимизга мослашимиз керак бўлади. Мисол учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жахл қилмаган ҳолатларида, биз ўзимизни тутиб туришимиз мушкул, жахл қилмасликнинг иложи бўлмай қолади. Шунинг учун, унга олиб борадиган йўлнинг олди олингани тўғри бўлади. Ҳозирги замонда фарзандларга телефон, компютер олиб бермасликнинг иложи йўқ, шунинг учун уларга олиб беришлик билан бирга ўзингиз ҳам фарзандларингиз олдида ўтириб нима иш қилаётганини кузатинг, ёки телефон ва компютерларини тез-тез назорат қилиб туринг. Уларга динимизни, ҳалол йўлни чиройли кўрсатинг, токи ҳаромга қизиқмасинлар.
Тошкент ислом институти талабаси
Норхожаева Нилуфар