Абулҳасан Дорақутний илм талаб қилишни ёшлигидан бошлади. Айни мана шу вақтда Аллоҳ таолонинг шариъати илмини ўз зиммасига олиш учун масъулият ҳисси ва ўз ўрнида шунга яраша қобилият у зотда зоҳир бўла бошлади. Инсонлар бу зот келажакда буюк инсон бўлиб етишишлари ҳақида кўп гапиришар эди. Бу ҳақида Имом Дорақутнийнинг ўзлари “мен ва Каттоний биргаликда шайхлардан ҳадис эшитар эдик. Инсонлар Каттоний муҳаддис, Дорақутний муқриъ бўлади деб айтишар эди. Каттоний муқриъ бўлди, мен эса муҳаддис бўлдим”[1], деб айтадилар.
Дорақутний ёшлигидан ўткир зеҳн ва фаҳм соҳиби деб ном қозонган. Хатиб Бағдодий у ҳақида: «Ўз асрининг энг юксак илм соҳибидир», деган. Илмларни, хусусан ҳадисларни ёд олишда беназир бўлган ва натижада «ҳадиснинг амири» деган унвон олган.
Имом Дорақутний илм олишни салафларнинг суннатларига ва одатларига мувофиқ аввал ўз шаҳри олимларидан ҳамда шу шаҳарга илм сафари билан ташриф буюрган буюк шайхлардан олганлар. Ёши йигитлик вақтига етгач илм таҳсил қилиш мақсадида турли диёрларга сафар уюштира бошладилар. Лекин аҳамиятлиси шундаки, илм излаб борган диёрларидаги кўп толиблар ва ҳатто баъзи олимлар ҳам у зотдан баъзи нарсаларни ўрганганлар. Сўнгра бошқа шаҳарга сафар қилаётганларида эса бу диёр аҳли бундай уламодан ажралаётганлиги туфайли маҳзунлик ҳиссини туяр эди. Хоссатан бу нарса Куфа ва Мисрга қилган сафарларида намоён бўлади.
Имом Дорақутний илмий сафар уюштирган шаҳарлар қуйидагилар;
- Куфа Восит.
- Басра . Шом.
- Дамашқ. Макка.
- Хузистон[2]. Фаластин ва бошқалар.
Мана шу диёрларга қилган сафарлари мобайнида Имом жуда кўп шайхлар билан учрашганлар ва улардан илм таҳсил қилганлар. Жумладан:
- Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Баҳлул,
- Аҳмад ибн Салмон,
- Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Ваҳб,
- Аҳмад ибн Саийд Ҳамадоний,
- Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Сулаймон,
- Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шайба,
- Аҳмад ибн Саннон,
- Аҳмад ибн Иброҳим ибн Ҳабиб,
- Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Баҳлул,
- Аҳмад ибн Шуъайб ибн Солиҳ Бухорий,
- Аҳмад ибн Муҳаммад Абдулкарим (Абу Толҳа Фазорий),
- Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Сулаймон (Абу Зар Воситий),
- Иброҳим ибн Аҳмад ибн Ҳусайн Қирмийсий,
- Иброҳим ибн Ҳаммод,
- Иброҳим ибн Дабийс ибн Аҳмад Ҳаддод,
- Иброҳим ибн Муҳаммад Умарий,
- Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Яҳё,
- Иброҳим ибн Язийд,
- Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Батҳо,
- Исҳоқ ибн Идрис ибн Абдураҳим Муборакий,
- Қози Ҳусайн ибн Исмоил Маҳомилий ва ҳаказо[3].
Дорақутний ўзининг “Сунан” китобида зикр қилган шайхларининг сони икки юздан ортиб кетади.
Қуйида Дорақутнийнинг устозлари бўлган бу олимларнинг баъзилари ҳақида қисқача тўхталамиз.
Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид: Ҳижрий 228 йилда таваллуд топганлар. Ёшлари ўн бир ёшга етганда ҳадис ёза бошлаганлар. 318 ҳижрий йилда Куфада вафот этганлар ва ўша ерга дафн қилинганлар.
Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъиднинг устозлари: Муҳаммад ибн Сулаймон Лувайн, Аҳмад ибн Манийъ Бағавий, Саввор ибн Абдуллоҳ Анбарий, Яҳё ибн Сулаймон ибн Назла, Абу Ҳуммом Саккуний, Ҳорун ибн Абдуллоҳ Ҳаммол, Абу Аммор Ҳусайн ибн Ҳурайс ва бошқалар.
Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъиднинг шогирдлари: Абу Қосим Бағавий, Муҳаммад ибн Умар Жиобий, Муҳаммад ибн Музаффар, Дорақутний, Ибн Ҳубоба, Абу Тоҳир Мухаллас, Абдураҳмон ибн Абу Шурайҳ, Абу Муслим Каттоб[4].
Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид ҳақида олимлар турли ижобий фикрларни билдирганлар. Жумладан Ахмад ибн Абдон Шерозий; “У ҳадисни Боғандийдан кўп билар эди. Дироят борасида бирор киши унинг олдига туша олмас эди.”
Абу Али Нийсобурий айтадилар “Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид даврида фаҳм борасида ундан ўзадигани йўқ эди. Фаҳм эса бизда ҳифздан кўра яхшироқдир. Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид фаҳм ва ҳифз борасида Абу Довуддан устун эди”[5].
Абу Бакр Нийсобурий: Ҳижрий 237 йилнинг бошида Нийсобур шаҳрида дунёга келган. Илм излаб Ироқ, Шом, Миср каби шаҳарларга сафар қилганлар. Сўнг Бағдодни ўзларига маскан қилиб, ўша ерда истиқомат қилганлар ва шу жойда ҳадис фанидан дарс берганлар. Ҳижрий 324-йили вафот этганлар.
Абу Бакр Нийсобурийнинг устолари: Муҳаммад ибн Яҳё Заҳлаъий, Аҳмад ибн Юсуф Суламий, Аҳмад ибн Азҳар, Аҳмад ибн Ҳафс ибн Абдуллоҳ ибн Ҳошим Тусий, Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Ишкоб, Ҳасан ибн Муҳаммад Заъфароний, Аҳмад ибн Мансур Роммадий ва ҳаказо.
Абу Бакр Нийсобурийнинг шогирдлари: Дорақутний, Даълаж ибн Аҳмад, Абу Амр Ҳайюя, Муҳаммад ибн Музаффар, Ибн Шоҳийн, Умар ибн Иброҳим Каттоний, Юсуф Қаввос, Абу Тоҳир Мулаххас ва бошқалар.
Абу Бакр Нийсобурий ҳақларида имом Дорақутнийнинг ўзи қуйидагиларни айтганлар; “шайхларимизнинг орасида унинг мислини кўрмаганмиз. Матн ва санадларни ҳам у каби ёдлаганлар йўқ эди. Матнлардаги зиёдаларни билар эдилар”[6].
Хатиб Бағдодий айтадилар: “Абу Бакр Нийсобурий фиқҳни яхши биладиган пухта ҳофиз эди. Шу билан бир қаторда ривоятида ўта ишончли эди”[7].
Тошкент ислом институти талабаси
М.Жўрабоева
[1] Ибни Жавзий. Алмунтазам. Доиратул маъориф усмония. 1385ҳ. Ж.8.Б.184
[2] Хузистонга сафар қилганликлари ҳақида Ҳофиз ибн Нуқта “Истидрок”да ривоят қилган.
[3]Зойфуллоҳ Роҳийлий. Имом абул Ҳасан Дорақутний ва осоруҳул илмийя. 2000-й. Б. 55-70
[4]Бу ва қуйида келтириладиган устоз ҳамда шогирдларнинг исмлари борасидаги барсча маълумотлар Зойфуллоҳ Роҳийлийнинг “Имом абул Ҳасан Дорақутний ва осоруҳул илмийя” китобидан олинган. Б. 73-91.
[5]Заҳабий “Тазкиротул ҳуффоз” Байрут. Дорул китобул арабий. 2-китоб 772-777- бетлар.
[6] Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. Байрут. Дорул китобул арабий. Ж.10.Б.121
[7] Хатиб Бағдодий.Тарихи Бағдод. Байрут. Дорул китобул арабий. Ж. 10.Б.122