Яқин Шарқ атамаси инглиз тилида “Middle East”, яъни, Ўрта Шарқ маъносида, рус тилида эса “Ближний Восток”, яъни Яқин Шарқ деб юритилади. Яқин Шарқ атамаси ўзбек тилида рус тилидаги сўзнинг айнан таржимасидир. Аслида эса бизнинг аждодларимиз бу минтақани кўпроқ “Олд Осиё” деб номланганларини тарихий манбаларда учратиш мумкин. Middle East номининг келиб чиқиш тарихини ўрганган таниқли шарқшунос олим Бернард Луис ўз тадқиқотларида, бу ном дастлаб юнонлар ва римликлар томонидан қўлланилганини эътироф этган.[1] Олимнинг фикрича, Ўрта Шарқ (Middle East) деб номланишига сабаб қадимги юнон ва римликлар Узоқ Шарқ сифатида анъанавий рақиблари бўлган ўша пайтдаги Форс империяси ҳудудларига, Яқин Шарқ сифатида Анатолияга, ҳозирги Туркиянинг ғарбий ҳудудларини, Ўрта Шарқни эса ҳозирги Туркиянинг шарқий ҳудудларига, бугунги кундаги Ироқ, Сурия, Ливан, Иордания, Исроил, Фаластин ва Араб ярим оролларига кирувчи минтақа нисбатан қўллашган. Кейинчалик, Узоқ Шарқ ҳудуди форслар билан чегараланмагани, яъни Ҳиндистон ва Хитой каби давлатларнинг ҳам мавжуд экани аниқланган бўлса-да, инглиз тадқиқотларида бу минтақа айнан, Middle East номи билан сақланиб қолди.[2]
Минтақанинг Middle East деб номланишининг сабабларидан бири, бу Яқин Шарққа оид илмий тадқиқотларда Араб Мағриби давлатлари яъни, Марокаш, Жазоир, Тунис, Ливия, Миср ва Шимолий Африканинг баъзи давлатлари билан бирга Middle East таркибига Эрон, Афғонистон ва Покистон давлатларини ҳам қўшилиб ўрганилиши, шунингдек, Ўрта Шарқ давлатлари, яъни Марокашдан Хитой денгизигача жойлашган бугунги Жануби-Ғарбий Осиё давлатлари минтақасини тадқиқ этишни ўз ичига олганидадир. Бундай ҳолат инглизларнинг мустамлакачилик юришлари билан боғлиқ. Сабаби инглизлар ўз мустамлакаси бўлган Ҳиндистон билан Миср орасидаги ерларни Ўрта Шарқ деб номлаган. Баъзи ҳолатларда эса бу ерлар Буюк Британия, Ҳиндистонга кўра яқин бўлгани учун Яқин Шарқ деб ҳам аталган. Лекин Иккинчи жаҳон уруши даврида Мисрда “Британия Ўрта Шарқ Логистик Маркази” қурилиши билан Middle East номи инглиз ёзувларида шундайлигича қолиб кетган. Шундай бўлса-да, Middle East ёки Яқин Шарқ деганда, бу минтақага қайси давлатлар киритилиши борасидаги илмий баҳс-мунозаралар ҳануз давом этмоқда.[3]
2019 йилги маълумотларга кўра, Яқин Шарқ минтақаси айни пайтда, 350-360 миллион мусулмонлар (араблар, форслар, турклар, азарийлар, курдлар ва бошқа), 60-70 миллион христианлар (арманлар, анатолиялик греклар, грузинлар, ассурлар, коптлар (қиптийлар), маронитлар ва бошқалар), 7 миллион яҳудийлар, 3 миллион друзлар, 2 миллион язидлар ва бошқа миллат вакиллари учун ватан ҳисобланади[4].
Минтақада этник хилма-хиллик билан бирга, диний ва конфессионал хилма-хиллик ҳам жуда юқори даражада. Тарихан олиб қараганда ҳам бу минтақа Осиё, Африка ва Европани бир-бирига боғловчи тижорат йўлларида жойлашган, яҳудий, христиан ва ислом динлари юзага келган, диний урушларнинг (салибчилар, фотиҳлар, яҳудийларнинг ватанига қайтиши каби) қайноқ манбаси ҳисобланган.
Ушбу ҳудудда савдо йўлларининг денгиз орқали юритилиши Америка қитъасининг кашф этилиши билан маълум бир муддат гиосиёсий жиҳатдан эътибордан четда қолди. Буни баъзи таҳлилчилар Усмонлилар давлатининг кучайиши билан минтақани ўз ичига олган, ушбу давлат рақобатга кириша оладиган куч топилмагани билан ҳам боғлайдилар. Бир қатор омиллар таъсирида Яқин Шарқ минтақаси Биринчи жаҳон урушига қадар нисбатан тинч, урушлардан холи ҳудуд бўлиб турди. Аммо, биринчи жаҳон уруши бошланиши билан минтақада нотинчлик бошланди. Ўтган асрнинг
50-йилларга келиб, бу минтақада жуда катта миқдорда нефть ва газ заҳираларининг топилиши билан ушбу ҳудуд яна қарама-қаршиликлар ва зиддиятлар марказига айланди.
Минтақанинг бугунги сиёсий харитаси авваламбор, биринчи жаҳон уруши натижалари асосида шаклланганини эътироф этиш зарур. Мазкур жараёнда жуда кўплаб омиллар қатори, этник ва диний масалалар деярли ҳисобга олинмаган ёки бўлмаса атайлаб шундай қилинган. Ҳудуддаги тарихан шаклланган мазкур этник муносабатлар кўп жиҳатдан ташқи кучлар, яъни буюк давлатларнинг бевосита ёки билвосита таъсири доирасида янгидан жонланди. Яқин Шарқ минтақасида “янги” давлатларнинг юзага келиш жараёнида улар ўртасида ҳудудларнинг этник ареалларга мос келмаган равишда бўлиб олиниши минтақа аҳолисининг бир нечта давлат чегараларида этник кўпчилик ва озчилик таркибида шаклланишига олиб келди[5].
Шермуҳаммад Болтаев, Тупроққалъа тумани
“Ўтовли Эшон” мaсжиди имом-хатиби
[1] Bernard Lewis, The Middle East: 2000 Years of History from the Rise of Christianity to the Present Day. Weidenfeld & Nicolson, 2001.
[2] Bernard Lewis, The Middle East: 2000 Years of History from the Rise of Christianity to the Present Day. Weidenfeld & Nicolson, 2001.
[3] Маълумот учун қаранг: Zachary Lockman, Contending Visions of the Middle East: The History and Politics of Orientalism. Cambridge, New York: Cambridge University Press, 2004. Timothy Mitchell, “The Middle East in the Past and Future of Social Science,” in The Politics of Knowledge: Area Studies and the Disciplines, ed. David Szanton Berkeley: University of California Press, 2004.
[4]https://ru.wikipedia.org/wiki/
[5] Каримов Ф.Э. Яқин Шарқдаги этносиёсий муаммолар ва минтақавий хавфсизлик масалалари. – Т., 2016. – Б. 82.