Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Доримий ривоят килган ҳадис шарифда: «Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзаҳга журъатли бўлганингиздир», деб марҳамат қилганлар. Яъни билиб-билмай, охири нима бўлишидан қўрқмасдан, ҳавойи-нафсига эргашиб, журъат килиб фатво бераверадиган одам бу ишининг оқибатида дўзаҳга киришга журъат қилган бўлади. Дастлабки мусулмонлар авлоди фатвонинг жавобгарлигини чуқур англаб етганликлари туфайли, ўзларидан илмлироқ одам бор жойда жим туришни лозим билганлар. Имом Нававийнинг «Ал-Мажмуъ» номли китобида Абдуррахмон ибн Абу Лайлодан қуйидагилар ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирма ансорий саҳобаларининг ҳар биридан масала сўралганида «Ана ундан сўра», «Ана ундан сўра» деб, яна аввалгисига қайтиб келганини кўрдим».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда илмнинг барча тури етарлича бор эди. У киши Аллоҳ таолонинг Китобини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жуда яхши ўзлаштирган зот эдилар. Шу билан бирга, билмаган нарсаларини дарҳол тан олар ва ўз ўрнида «Билмайман», дейиш билан фахрланар эдилар. Бир куни бир киши келиб, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан савол сўради. У киши: «Билмайман», деб жавоб бердилар. Сўровчи орқасига кайтиб кетди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дарҳол қўлларини бир- бирига ишкаб, хурсанд бўлган ҳолларида: «Абдуллоҳ ибн Умардан у билмайдиган нарса сўралган эди, «Билмайман», деди!» деб айтдилар.
Ибн Абдул Барр «Жомиъул илм» китобида Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят килади: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан сулбдан бўлганларнинг мероси ҳакида сўралди. Бас, у: «Билмайман», деди. «Унга жавоб беришдан сени нима тўсади?» дедилар. «Ибн Умардан билмаган нарсаси сўралган эди, у: «Билмайман», деб жавоб берди», деди Ибн Умар».
Шунингдек Укба ибн Муслимдан ривоят килади: «Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Ундан савол сўралганда кўпинча «Билмайман», дер эди-да, сўнгра менга караб: «Анавилар нимани исташини билдингми? Улар бизнинг елкамизни жаҳаннамга кўприк қилишмоқчи», дер эди».
Ибн Саъд Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят килади: «Бир одам Ибн Умардан масала сўради, У киши бошини эгиб, жавоб бермай жим қолди. Одамлар саволни эшитмади шекили, деб ўйлашди. Халиги одам унга: «Аллоҳ сенга раҳм қилсин, саволимни эшитмадинг-ми?» деди. «Эшитдим, аммо сизлар сўраган нарсангиз ҳакида Аллоҳ бизни сўроққа тутмайди, деб ўйлайсизлар шекилли. Аллоҳ сени раҳм қилсин, бизни тек қуйиб тур. Масалани фаҳмлаб олайлик. Агар бизда унга жавоб бўлса, берамиз, бўлмаса, билмаслигимизни айтамиз», деди».
Суфён ва Саҳнундан ривоят қилинади: «Одамларнинг фатвога журъатлироғи энг илмсизидир. Олим киши фатво бериш ҳайбатидан қўрқиб туради. Агар ҳукм Қуръон ва Суннат хамда Ижмоъда равшан келган бўлса, уни айтишга журъат килади. Аммо ҳукм ҳақида турли гаплар айтилган ёки махфийроқ бўлса, яхшилаб, чуқур ўрганади ва равшан бўлмаган нарсани айтмайди».
Имом Моликдан гоҳида элликта масала сўралганида бирортасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган. У киши: «Жавоб берувчи ундан олдин ўзини жаннатга ва дўзаҳга солиб кўрсин, халос бўлишга кўзи етса, жавоб берсин», дер эдилар. Шу тарзда «Билмайман» дейиш – илмнинг ярми» деган исломий қоида пайдо бўлди. Ҳанафий мазҳаби бўйича фатво берувчи киши кимнинг гапига кўра фатво бераётганини яхши билиши, сўзи олинаётган фақиҳнинг насла- насаби, илм-маьрифати, фиқҳий салоҳияти ҳамда мазҳабдаги ўрни каби маьлумотларни яхши билиши зарур. Шундагина муфтий саҳиҳни заифдан, устун ҳукмни кучсиздан ажрата олади.
ТИИ талабаси Шербоев Нодирбек