Абу Ҳанифанинг илмини кўплаб уламолар ўрганиб унинг усули асосида янги масалаларни истинбод қилиб (чиқариб) олдилар. Шунга биноан буларнинг барчаси фақат Абу Ҳанифанинг сўзи эмас, балки унинг асҳобларининг сўзи ёки Абу Ҳанифа Куфада асос солган ва унинг вафотидан сўнг Бағдоддаги шогирдлари – имом Абу Юусуф ва имом Муҳаммадлар қўлига ўтган мадраса толибларининг сўзи деб айтишимиз мумкин.
Имом Абу Ҳанифа вафотидан сўнг унинг илмини мерос қилиб олган шогирдлари ер юзи бўйлаб тарқалиб, устозидан олган таълимларини тарқатади ва ҳанафий мазҳабининг тарқалишига катта ҳисса қўша бошладилар. Унинг шогирдларидан баъзилари бир неча ой , баъзилари йиллаб унинг илм ҳалқасида таълим олиб. ўз юртларига қайтар ва унинг илмини тарқатар эдилар. Айниқса, мазҳабнинг шакилланиб атрофга ёйилишида Имомнинг икки шогирди – имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадларнинг саъй-ҳаракати беқиёсдир. Ҳатто улар ҳанафий мазҳабида “Соҳибон” унвонига сазовор бўлдилар.
Имом Абу Юсуф имом Абу Ҳанифанинг энг катта ва пешқадам шогирдларидан бири бўлиб устозини оламдан ўтгунга қадар лозим тутиб, унинг дарс ҳалқасидан ажрамасдан, дарс мажлисидаёқ устозидан тинглаган масалаларни ёзиб олар ва ёзганларини унга кўрсатиб, хато ва нуқсонлар бўлса тузатиб олар эди. Имом Абу Ҳанифа у ҳақида : “Бирор киши мени Абу Юсуфчалик лозим тутмади” деган.
Имом Абу Юсуфнинг мазҳаб ривожланишидаги фаолиятини бир неча соҳада кўриб чиқишимиз мумкин.
Дарс беришлиги: Имом Абу Ҳанифа дарс бериш ва илм ўрганиш борасида ўз мазҳабининг қоидаларига асос солди ва фақиҳлардан кўплаб уламоларни тарбиялаб етиштирди. Ундан сўнг асҳоблари ҳам унинг йўлини тутиб, илмий ҳалқалар ташкил қилиб, уламоларни тарбиялай бошлади. Имом Абу Юсуф устозининг ҳаётлик вақтидаёқ етук илмга эга бўлиб, дарс бериш ва усулий қоидаларга асос солишда устози билан елкама-елка туриб хизмат қилган. Устозининг вафотидан сўнг унинг масъулиятли вазифасига бош бўлиб, унинг таълим ҳалқасини давом эттира бошлади. Муҳаммад ибн Ҳасан, Ҳасан ибн Зиёд каби кўплаб уламолар ундан илм олиб, ҳанафий мазҳабини тарқатиб, ривожлантира бошлади.
Яна унинг шогирдларидан Ҳасан ибн Ҳафс Асбаҳоний ҳам Абу Юсуф қўлида фиқҳ илмини ўрганади ва ўз юрти Асбаҳонга қайтиб ҳанафий мазҳабини тарқатади ва фатволар беради.
Муҳаммад ибн Холид ҲанзалийРозий Абу Юсуф қўлида таҳсил олади сўнгра Астирободга бориб яшайди ва ўша жойда биринчи бўлиб ҳанафий мазҳаби асосида мусулмонларга фиқҳни таълим беради.
Қозилик лавозимида ишлашлиги: Имом Абу Юсуф ўз даврида барча ислом ўлкаларида халифалик қилган аббосийлар давлатининг расмий қозиси лавозимида узоқ йиллар мобайнида ишлаган.Ҳатто халифа тамонидан биринчи бўлиб мағриб ва машриқнинг бош қозиси лавозимига тайинланган ва шу мансабда умрининг охригача ишлаган. Аббосийлар халифалик қилган ислом диёридаги барча қозилар у кишининг маслаҳати ва тавсиялари ила қозилик мансабига тайинланган.
Ҳанафий мазҳаби асосида китоб ёзиши: Имом Абу Юсуф ўз устози Абу Ҳанифанинг дарс мажлисидаёқ ундан эшитган масалаларни ёзиб борган ва кўплаб китоблар ёзиб қолдирган. Имомнинг тасниф қилган асарларидан бизгача етиб келганлари қуйидагилар: “Ал-Осор”, “Ихтилафу Аби Ҳанифа ва ибн Аби Лайло”, “Ал-Хирож”, “Ар-Родду ала сияр ал-Авзоий” каби кўплаб китобларни ёзган. Шунингдек, имом Абу Юсуф биринчи бўлиб ҳанафий мазҳаби асосида китоб ёзган ва Абу Ҳанифанинг илмини бутун ер юзига тарқатган. Шу билан бирга у муҳаддис бўлгани учун ҳанафий фиқҳини ҳадис билан қувватлайди. Имом Яҳё ибн Маъин Бағдодий: “Асҳабу раъйжамоасининг ҳадис борасида Абу Юсуфдан кўра собит, ҳифзи мустаҳкам ва ривояти саҳиҳроғини кўрмадим”, деган.
Имом Абу Юсуф ҳатто устозининг ҳаётлик чоғларида ҳам ўзига етган қарашларни ҳадис ва асарлар билан мустаҳкамлашга ҳарис бўлган. Бу ҳақида имом Муҳаммад ибн ҲасанШайбоний : “Абу Юсуфнинг: “Абу Ҳанифа билан илм бобларида гаплашиб музокара қилар эдик. У бирор сўз айтса асҳоблари унга иттифоқ қиларди. Мен Куфа машоихлари олдига унинг сўзини қувватлайдиган бирор нарса топиб қоларман деб борардим. Баъзан икки ёки учта ҳадис топиб Абу Ҳанифага олиб келардим.
Имом Абу Ҳанифа улардан баъзиларини қабул қилар ва баъзиларини “бу саҳиҳ эмас ёки маъруф эмас” деб қабул қилмасди”. Мен унга “буни қандай биласиз” ? десам. У мен “Куфа аҳлининг илмини биламан” дерди” деган.
Имом Муҳаммад ибн ҲасанШайбоний имом Абу Ҳанифанинг кичик шогирдларидан бўлиб, унинг ҳанафий мазҳабига қилган хизмати Имомнинг бошқа шогирдларидан кўра юксак ўрин эгаллайди. Имом Муҳаммад устозининг дарс мажлисига унинг ёши кексайган пайтларида қатнашади ва ундан вафот этгунга қадар ажрамайди.
Имом Муҳаммаднинг мазҳаб ривожланишидаги фаолиятини бир неча соҳада кўриб чиқишимиз мумкин.
Китоб ёзиши: Имом Муҳаммад қилган ишларининг энг муҳимларидан бири ўз устози имом Абу Ҳанифа ва имом Абу Юсуфлардан тинглаган ривоятларни ва унга бошқа қўшимча маълумотларни қўшиб, ҳанафий мазҳабида “Зоҳир ар- ривоя”, “Ал-Жомеъ ал- кабир”, “Аз- Зиёдот”, “Ас-Сияр ас- сағир”, “Ас- Сияр ал- кабир”, “Ал- Мабсут (Ал-Асл)” номлари билан танилган кўплаб қимматбаҳо асарларни ёзиб қолдирган. Имом Муҳаммад булардан бошқа “Ал- Асор”, “Ал-Амолий”, “Ал- Ҳужжа ала аҳли ал- мадина” каби кўплаб асарларни талиф қилган.
Дарс бериши: Имом Муҳаммад кўплаб толиби илмлрга ўз устозларидан олган илмини таълим берган. Ундан Абу Сулаймон Жузжоний, Ҳишом ибн Убайдуллоҳ Розий, Муалло ибн Мансур Жузжоний, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абулҳасан Али ибн Муаббад Раққий, Исо ибн Аббон, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Самоаъ ва бошқалар таълим олган ҳамда ҳанафий мазҳабининг етук уламолари бўлиб етишганлар.
Қозилик лавозимида ишлашлиги: Имом Муҳаммад Ҳорун Рашид халифалик қилган вақтда Раққага қози этиб тайинланади ва ундан сўниг аббосийлар давлатининг биринчи қозиси даражасигача кўтарилади.
Ҳанафий мазҳабининг ўсишига тахриж ва таржиҳ усулларидан фойдаланиш ҳам сабаб бўлган.
Тахриж ва таржиҳ иккита фикҳий атама сифатида суннийлик мазҳабларида эркин ижтиҳод даври (мужтаҳидлар даври)дан кейин, айниқса, охирги давр фақиҳлари томонидан турли фиқҳий манбаларда кенг кўламда қўлланилиб келган.
Фиқҳ илми босиб ўтган олти босқичдан мухаррижлар ва муқаллидлар даврида ҳанафий олимлари томонидан ёзилган китобларда, айниқса, фатво туркумида ёзилган китобларда ушбу атамалар кенг кўламда ишлатилган.
Тахриждан мақсад, бир мазҳабнинг умумий қоидаларига таянган ҳолда, мазҳаб имомлари томонидан ҳеч қандай фикр билдирилмаган ҳодисалар ҳукмини истинбот қилиш (чиқариб олиш, белгилаб бериш) бўлса, таржиҳда мазҳаб имомлари айтган турли сўзлар ёки улардан етиб келган турли ривоятлардан айримларининг устунлигини баён қилиш, изоҳлаб бериш назарда тутилади.
Биринчи гуруҳ, яъни тахриж билан шуғулланувчи гуруҳ мазҳаб бўйича мухаррижлардан иборат бўлиб, фақатгина мазҳаб чегарасида ижтиҳод қилиш ваколатига эга бўлганлар.
Иккинчи гуруҳ мазҳаб доирасида таржиҳ бериш (устун қўйиш), яъни фикрлар ва ривоятлар орасида энг кучлисини бошқаларидан ажратиб олиш йўл-йўриқларини билган фақиҳлардан иборат. Улар насс орқали белгилаб берилмаган ҳукмларни истинбот қилиш ёки насс орқали белгиланган ҳукмларга қарши туриш ҳуқуқига эга бўлмаганлар, балки фақат устун қўйиш ёки кучли ва кучсиз, саҳиҳ ва заиф ривоятларни бир-биридан ажратиб олиш салоҳиятига эга эдилар.
Абу Заҳрани таъкидлашича, тахриж услубидан фойдаланиш, истинбот этилган умумий қоидаларга таянган ҳолда, чиқарилган ҳукмларни унга ўхшаган фаръий (жузъий) масалаларга кўчириш, ўтганларнинг урфига боғлаб иш юритишга асосланарди. Кўпинча ҳукмлар урф-одатга бўйсундирилар, яъни шариат ҳукми урф-одатга асосланиб аниқлаб бериларди. Шу сабабли кўпгина чиқарилган ҳукмлар умумий урф ёки хос урф (бир қавм ёки бир минтақага хос бўлган урф)дан келиб чиқишининг гувоҳи бўламиз. Баъзан олди-сотди ва ижаралар ҳақида чиқарилган ҳукмларда: “Мовароуннаҳр ёки Рум (ҳозирги Туркия) урфи шу асосда амалга оширилган” каби ибораларни учратамиз. Бундан маълум бўладики, ижтиҳод қилишда урф катта таъсирга эга бўлган, балки муаммони ечишда асосий рол ўйнаган ёки бир қиёснинг бошқа бир қиёсдан устун қўйилишига сабаб бўлган (Абу Заҳра, “Абу Ҳанифа”).
Мухаррижлар фаолияти бу билан чегараланиб қолмайди. Улар ўтган олимлар фатво берган масалалар бўйича ҳам фатво бериб, уларга қаршилик ҳам кўрсатганлар. Негаки, замон ўзгариши бундай заруратни юзага келтириб турарди. Албатта, бундай қаршиликлар Қуръон ва Сунна нассларига ёки насс сингари очиқ ва ойдин бўлган қиёсга асосланмай чиқарилган ҳукмларга нисбатан кўрсатилган. Мисол сифатида ўтмишда фақиҳлар мулк эгаси ўз мулкига эркинлик билан эгалик ва тасарруф қила олади. Шунга биноан қазо (қозилар маҳкамаси – суд), шуфъа даъвосидан ташқари икки қўшни орасида юзага келган муносабатларга аралаша олмайди. Бундай муносабатлар диёнат (одамларнинг диндорлиги ва виждони) асосида тартибга солинади, деб фатво берганлар. Лекин замон ўтиши билан диний омил заифлашиб, одамларда ахлоқий қадриятлар сусайгандан кейин шундай ҳолатлар юз бера бошладики, баъзи бир мулк эгаларининг тасарруфи оқибатида қўшнилар манфаати оёқ ости қилиниб, уларга катта зарарлар етказилди.
Мутааххир олимлар (охирги давр олимлари) бундай аҳволни кўриб шундай хулосага келдиларки, мулк эгасига мутлақ эркинлик бериб, қўшни билан муносабатини тартибга солишни унинг виждони ва диний эътиқодига топширган Абу Ҳанифа бугунги кунда ҳаёт бўлганида, албатта, ўз ҳукмига қарши фатво бериб, қўшнига нисбатан мулк эгаси ҳуқуқини чеклаб қўярди. Шу сабабга биноан улар қуйидагича фатво чиқарадилар: мулк эгаси қўшни учун катта зарарга сабаб бўладиган ҳар қандай тасарруфдан ман этилади ва суд улар орасидаги алоқани тартибга солиш ишларига аралашади (Абу Заҳра, “Абу Ҳанифа”).
Ибн Обидиннинг фикрича, бундай ҳолларда имоми Аъзамнинг асҳоби, етук шогирдлари томонидан унинг фатвосига қарши чиқарилган фатволар салоҳиятли фақиҳлар томонидан устун қўйилса, бундай ҳолатда фақиҳлар ўз мазҳабларидан чиққан бўлмайдилар (Ибн Обидин “Расмул-муфтий”).
Шунингдек, машойих (салоҳиятли фақиҳлар)лар замон ўзгариши оқибатида янги пайдо бўлган урф-одат ёки зарурат асосида фатво бериб, янги ҳукм чиқарганларида ҳам ўз мазҳаблари доирасидан чиққан ҳисобланмайдилар.Чунки, бу каби ҳолларда таржиҳ услубидан фойдаланиш ёки замон ўзгариши ёхуд зарурат услубига асосланиб хукм чиқариш борасида имоми Аъзам томонидан уларга рухсат берилган. Борди-ю, Имом тирик бўлганида, албатта уларнинг қарорини маъқуллаган бўларди.Чунки, уларнинг сўзлари Абу Ҳанифа мазҳаби тақозоси ва талабига бутунлай мувофиқдир.
Абу Заҳра эътирофича, таржиҳ усулидан Ҳанафий мазҳаби бўйича фойдаланиш, фақиҳлар ўзларини бу соҳада мазҳаб чегарасидан чиқмасликка муқайяд деб билган бўлсалар ҳам, ниҳоят оғир ва мушкул иш эди. Таржиҳ бўйича улар ишлатган услуб кучли ва кучсиз далилларни бир-биридан ажратиб олиш учун бир мунтазам ва юксак фиқҳий тафаккурнинг кўрсаткичи ҳисобланади.
Умуман олганда таржиҳ турли ривоятлар ва турли сўзлар орасида юз беради.Улардан ҳар бирининг ўзига хос йўли бор. Таржиҳ биринчидан, китобларга киритилган ривоятлар орасида бўлади. Агар икки ривоятдан бири “Зоҳирур-ривоя” китобларида мавжуд бўлса, у биринчи ўринга қўйилади ва ундан бошқа ривоятларга зид бўлмаганда, унга эътибор берилади.
Фатовои Татархонияда айтилганидек, “Зоҳирур-ривоя”-да бўлмаган ривоятлар, асосий қоидаларга мувофиқ бўлгандагина эътиборга олинади. “Зоҳирур-ривоя”да бўлмаган масала, асҳобимиз (Абу Ҳанифа ва унинг буюк шогирдлари) усулларига мувофиқ бўлган суратдагина унга амал қилинади.
Аммо, имомлардан ривоят қилинган сўзлар орасида, таржиҳ қандай амалга оширилади? – дейилса. Бу икки турда бўлади: биринчидан сўз эгасининг манзил ва мақоми назарга олиниб, унинг сўзи устун қўйилади ёки ривоят қилинган сўзнинг далили кучига асосланиб таржиҳ берилади.Бу эса “далилнинг таржиҳи” (далилни устун қўйиш) деб аталади. Зарурат ёки эҳтиёж ва урфга асосланиб таржиҳ бериш ушбу қисмга киради.
Сўз эгаси бўйича таржиҳ борасида бундай дейилган: Агар Абу Ҳанифа ва унинг икки асҳоби – имом Абу Юсуф ва Муҳаммадлар бир масала бўйича бир хил фикрда бўлсалар, уларнинг раъйи мўътабар ҳисобланади.Лекин зарурат ёки урф улар томонидан қабул қилинган қоида асосида қаршиликни талаб қилса, бундай аҳволда уларнинг фикрлари қатъий қиёс эмас, балки зонний қиёсга асосланган суратдагина мухолифат кўрсатиш мумкин бўлади.
Агар Абу Ҳанифа ва унинг икки асҳобидан бири бир томонда турган бўлсалар, биз ҳозир айтиб ўтган чегарада уларнинг раъйига таржиҳ берилади. Уларнинг ҳар уччаласи ҳар бири алоҳида бир фикрда бўлса, айтиб ўтилган доирада Абу Ҳанифанинг фикри устун қўйилади, чунки у мазҳаб асосчиси, шу сабабли токи бирон бир зарурат ёки урф талаби мавжуд бўлмаса ва ўтмишдаги мужтаҳидлар мазҳаб бўйича уларнинг бошқа биронтасининг далилини кучли деб кўрсатган бўлмасалар, мазҳаб асосчисининг сўзи устун қўйилади.
Аммо, Абу Ҳанифа бир фикр ва Соҳибон бошқача фикр билдирган бўлсалар, бундай ҳолатда агар муфтий мазҳаб бўйича мужтаҳид бўлиб бирон бир далил топа олса, улардан бирининг сўзини устун қўяди.Аммо, мужтаҳид бўлмаган ҳолатда, айрим олимлар, жумладан, Абдуллоҳ ибн Муборак фикрича, имом Абу Ҳанифанинг сўзи мутлақ устун қўйилади. Баъзилар, муфтий хоҳлаган томонни таржиҳ беришга салоҳияти бор деб фикр билдирганлар. Бу ҳақида Фахруддин Қозихон ўзининг машҳур “ФатовоиҚозихон” китобида қуйидагидек маълумот берган: “Масала бўйича имомларимиз орасида ихтилоф бўлган ҳолларда Абу Ҳанифа билан Соҳибондан бирлари бир фикрда бўлсалар, уларнинг, яъни, Имом Абу Ҳанифанинг сўзига эътибор берилади.
Агар улар орасидаги ихтилоф асру замондан келиб чиққан бўлса. Масалан, адолат зоҳирига қараб ҳукм чиқариш.Бу ҳолда одамлар аҳволида ўзгаришлар юз берганини назарда тутган ҳолда, Соҳибон сўзлари эътиборга олинади. Музораа (экинчилик, деҳқончилик) ва муомала каби масалалар бўйича мутааххир олимлар ижмоини назарда тутган ҳолда Абу Ҳанифа ва Соҳибоннинг сўзи мўътабар деб қабул қилинади. Булардан ташқари ҳолларда мужтаҳид бўлган муфтий ўз салоҳиятига эга бўлиб, ўз раъйига (фикрига) қараб ҳукм чиқаради. Абдулло ибн Муборак Абу Ҳанифа қавлига эътибор берилади, деб фикр билдирган. (Бу ерда Абу Заҳра Қозихон сўзини қуйидагидек изоҳлайди: Қозихон фикрича, асру замон ўзгаришидан келиб чиққан ихтилофга тегишли бўлган ўринларда Соҳибон сўзига асосланиб амал қилинади. Асосан бу ўринда иккала томон, яъни Абу Ҳанифа ёки Соҳибон фикрларидан замонга энг мувофиқ келадиганини танлаб олиши зарур деб айтиши керак эди, лекин маълум бўлишича унинг назарияси асру замон Соҳибоннинг фикру назарига мувофиқ келади деган услубга асосланган кўринади. У олимлар муомала ва музораа каби масалаларда Соҳибон сўзларини устун қўядилар, дейди. Унингча бу ўринда мужтаҳид муфти салоҳиятга эга эмас, ҳолбуки мазҳаб бўйича мужтаҳид бўлган муфти ҳар доим салоҳиятга эгадир.)
Мазҳаб бўйича мужтаҳид олим, бирон бир сабаб ва далилга биноан бошқача йўл тутмаган бўлса, олимларнинг аксарияти Абу Ҳанифа қавлини устун қўйиш тарафдоридирлар. Шунга биноан ибн Нужайм қуйидаги фикрни билдирган эди:
“Бирон бир жиддий далил мавжуд бўлмаган ҳолларда, Соҳибон ёки улардан бирининг сўзи Абу Ҳанифа қавлидан устун қўйилмайди. Мазкур ҳолатлар (Имомнинг сўзини Соҳибон сўзидан устун қўймаслик учун жиддий далил мавжудлиги) Имом далилининг кучсизлиги ёки зарурат ва таомил (урф) талабидан иборат бўлади. Масалан, музораа ва муомалада Соҳибоннинг сўзини устун қўйиш ёки Соҳибон билан Имомнинг орасидаги ихтилоф, давр ихтилофидан келиб чиққан бўлса, бундай ҳолатларда Имом Соҳибон асрида юз берган воқеани кўрганида эди, албатта уларнинг фикрларига қўшиларди.Масалан, адолат зоҳирига қараб ҳукм чиқармаслик шундай масалалар сирасига киради.
Айтиб ўтилган нарсалар, муайян масала бўйича Абу Ҳанифадан бирон бир раъй ва фикр ривоят қилинган суратда назарда тутилади. Аммо Имомдан бирон фикр ривоят этилмаган ёки мазҳаб бўйича мужтаҳид олим, Имом сўзини устун қўйиш учун бирон далилга эга бўлмаган ҳолларда, у Абу Юсуф сўзи асосида фатво беради. Ундан кейин Муҳаммад, сўнгра Зуфар ва ундан сўнг Ҳасан ибн Зиёднинг сўзига асосланиб фатво беради” (Ибн Нужайм, “Ал-Ашбаҳу ван-назоир”).
Абу Ҳанифанинг асҳобидан муайян мавзу бўйича ривоят мавжуд бўлмаган ҳолда, масаланинг ечими улардан кейин мазҳаб бўйича мужтаҳид бўлган мухаррижлар раъйи ва назарига топширилади. Борди-ю улар орасида ҳам ихтилоф юз берса, Таҳовий ва унинг табақасида турган буюк олимларнинг аксарияти сўзига эътибор берилади.
Агар мазкур мухаррижлар томонидан бирон фикр ва раъй билдирилган бўлмаса, “Ҳовий”да таъкидланганидек, муфтий масалани чуқур текшириб, ижтиҳод нуқтаи назаридан ўйлаб кўради ва муаммонинг ечимига яқин бир йўлни топишга уринади.Масала бўйича ўринсиз сўз юритмайди. Аллоҳдан қўрқиб уни назарда тутади.Чунки, бу бир буюк иш ҳисобланиб, уни (юзаки) бажаришга жоҳил кимсадан бошқа киши жасорат қилмайди”.
Мазкур сўздан мақсад шуки, муфтий, имомлар ва уларнинг шогирдлари ёки мухаррижлар томонидан фикр билдирилмаган масалага дуч келганда фатво беришдан тўхтамайди, лекин чуқур фикр юритиб ижтиҳодга қўл уради ва мазҳаб усуллари ва фуруъига асосланиб муаммони ечади.
Абу Заҳра таъкидлашича, бунга биноан ҳар бир даврда мухаррижлар бўлиши зарур, негаки ҳодисалар чексиз бўлиб, ҳар бир ҳодисанинг ҳукми маълум бўлиши керак.Бу эса ҳеч бўлмаганда ҳар бир асрда ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга бўлган мухаррижлар мавжуд бўлишини талаб қилади. “Ижтиҳод эшиги ҳатто мазҳаб доирасида ҳам ёпилган”, деган фикр ушбу заруратга зиддир.
Далил орқали таржиҳ бериш эътиборга молик бўлиб, аввало, тахриж ваколатига эга бўлган мазҳаб бўйича мужтаҳид олимлар томонидан содир бўлади. Ушбу ваколатдан барча ўринларда, масалан, Абу Ҳанифа ёки Соҳибон раъйларини танлашда ёки урф талабига биноан уларнинг сўзларидан биронтасини танлаб олишда фойдаланиш мумкин.
Далилнинг кучига қараб таржиҳ бериш, мустаҳкам ва собит қоидаларга энг яқин бўлган баён ва ифода орқали бўлади. Агар ҳукм замон ва асрлар ихтилофи асосида ўзгариб турадиган мавзу бўйича бўлса, содир бўладиган фатво аср руҳига энг мос келадиган баён билан амалга оширилади.
Мазҳаб бўйича мухаррижлар, ихтилоф юз берган ҳолларда собит бўлган ва устун қўйилган хулосаларга эришиб, уларни жамлаб китобларда тўплаб қўйганлар. Шу йўсинда улардан кейин келадиганлар учун сўзларни танлаб олиб устун қўйиш насс мавжуд бўлмаган ўринда ижтиҳод қилиш учун йўллар тўсиб қўйилган. Лекин мазҳабнинг ривожланиши тақозосига биноан ҳар бир асрда тахриж ва таржиҳ эшиги илк мухаррижлар қилганларидек, ҳар доим очиқ бўлиши керак эди. Натижада мутааххир олимлар мутақаддим (олдинги) олимлар томонидан таржиҳ берилган масалалар билан қониқиб, ҳукми насс орқали аниқланмаган муаммолар бўйича ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга бўлмай келганлар.
Абу Заҳранинг таъкидлашича, ҳанафий мазҳабининг ривожи ва такомили учун тахриж ва таржиҳ эшикларини ҳар доим бутунлай очиб қўйиш керак.
ТИИ талабаси Мансуров Хурсанали