islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Икки буюк мутафаккирлар!

Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси томонидан Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган “Буюк мутафаккирларимиз” мавзусида илмий тадбир ташкил этилди.

Тадбирга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди Акром Деҳқонов ташриф буюриб, икки буюк шоир ҳақида талабаларга маълумот берди.

Давра суҳбатини Ўқув ишлари бўйича проректор Ёқубжон Бухарбаев кириш сўзи билан очиб берди.

Ғазал мулкининг султони, ўзбек адабий тилининг асосчиси 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилган. Замондошлари у ҳақида кўпинча “Низомиддин Мир Алишер” деб ёзадилар. “Низомиддин” – дин, диёнат низоми дегани бўлиб, донишманд мансаб эгаларига бериладиган сифат, “мир” – амир демакдир.

Алишер аввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшади. Бир муносабат билан у 50 минг байт, 100 минг мисра шеър ёд олганин айтади. 15 ёшларида ўз шеърлари билан замонасининг машҳур шоирлари эътиборига тушади.
Буюк мутафаккир 1483 – 1485 йилларда туркий тилда биринчи маротаба 54 минг мисралик улкан обида – “Хамса” асарини ёзиб тугатади.
Навоийнинг 1492 – 1498 йилларда тартиб қилинган 4 қисм девондан иборат улкан “Хазойин ул-маоний” шеърий куллиёти шоирнинг туркий тилда ёзилган деярли барча лирик шеърларини ўз ичига қамраб олган.
Навоийнинг ёзган ғазалларини ўқир эканмиз, аввало Аллоҳга, ота-онага, Ватанга бўлган муҳаббатни англаш мумкин. Инсон ҳаётда умургузаронлик қилар экан, шу умри давомида яхши амаллар ва барчага доимо яхшилик қилиб яшашга инсонларни даъват қилади.

*  *  *

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

*  *  *

Ким истаса салтанат, саходур анга шарт,
Ҳар ваъдаки айласа, вафодур анга шарт.
Ким фақр талаб қилса, фанодур анга шарт,
Оллиға неким келса, ризодур анга шарт.

*  *  *

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда бўлган. У кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳиссаси бўлиб қўшилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2023 йил 25 январь куни “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорини имзолади.

Қарорга кўра, мамлакатимиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, жумладан, ёдгорлик мажмуаларини таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш;

Бобур Мирзо меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, санъат асарлари ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли даражада сақлаш учун зарур шароит яратиш;

хорижий мамлакатларда сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни давом эттириш;

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий-ижодий меросини, давлатчилик ва саркардалик фаолиятини кенг ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, янги илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш;

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, Ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этиш каби вазифалар қайд этилган.

* * *

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқисидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқисидур,

Яхши киши кўрмагай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқисидур.

* * *

Ёд этмас эмиш кишини меҳнатга киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатга киши.

Кўнглум бу ғарибликта шод ўлмади ҳеч,

Ғурбатга севунмас эмиш, албатта, киши.

ТИИ Матбуот хизмати

368710cookie-checkИкки буюк мутафаккирлар!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: