islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Қори Қуръон” ҳақида ёхуд Абдураҳмоний мусҳаф саҳобалардан қолганми?

Ислом дини халқимиз қон-қонига сингиб кетган.  Қайси эътиқод бирор юрт вакилларининг фитратига айланиб кетган бўлса, улар ўша эътиқодни ҳимоя қилиш учун, керак бўлса, жонларини ҳам беришга тайёр бўлишади. Собиқ совет тузуми давридаги халқимиз зиёлиларининг кўрсатган кўплаб жасоратлари шундай фидойиликларга мисол бўлади.

Ҳар қандай халқни ўз таъсирида ушлаб туришга ўша халқнинг осори-атиқалари ва тарихий-илмий асарларини йўққа чиқариш, уларни хонавайрон қилиш орқали эришилади. Бизнинг юртимизга келган босқинчилар ҳам энг аввалги ўринда аждодларимиздан қолган олтиндан қиммат, бебаҳо асарларимизни ўтда ёқишди. Боболаримиз эса ўз бойликларини асраб-авайлашга интилиб, китобларни ерга кўмишди, деворларга суваб беркитишди. Бу бойликларни келажак авлодларга етказиб бериш дарди билан яшашди.

Энг биринчи ўринда Қатағонга учраган китоб бу албатта Қуръони Карим, яъни мусҳафи шарифлар эди. Оқибатда халқ орасида мусҳафларга жуда катта эҳтиёж туғилди. Ўша бўшлиқнинг катта қисмини то мустақиллик йилларигача қорилар орасида “Қори Қуръон” номи билан машҳур бўлган Абдураҳмоний мусҳафи тўлдириб турди.

Ушбу мусҳаф ўтган асрда юртимизда кенг қўлланган саноқли мусҳаф турларидан, аниқроғи, энг машҳур икки мусҳаф туридан биридир. Бугунги кундаги устоз қориларимизнинг кўпчилиги айнан ушбу «Абдурраҳмон Қуръон» ва унинг шериги бўлган «Абдулмалик Қуръон» номли мусҳафларда ўқиб қори бўлишган. Бу икки мусҳаф уларни чоп этган ноширларнинг номи билан аталиб қолган. Уларнинг ёзилиш услублари бир-бирига жуда ҳам яқин. Бу мусҳафлар ўз даврида энг сифатли ва мукаммал чоп этилган мусҳафлардан бўлиб, бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмаган.

Шайх Абдулазиз Мансур жаноблари саҳҳофлик касби билан донг таратган марғилонлик Абдурауф саҳҳоф деган муқовачи кишидан нақл қилишича, Абдураҳмоний мусҳафнинг босма табоқлари юртимизга 1924 йилгача Ҳиндистондан поездда олиб келинган. Сўнг саҳҳофлар уни кесиб, тикиб, муқовалаб, китоб ҳолига келтириб сотишар экан.

Ушбу маълумотга кўра, Абдураҳмоний мусҳаф ҳиндистонлик хаттотлар томонидан ёзилган бўлиб, ўша ерда чоп қилинган деган тахмин ҳам бор.

Ўтган асрнинг бошларида советлар тарафидан динга қарши шиддатли курашнинг бошланиши оқибатида кўплаб илм‑маърифат манбалари қаторида мусҳафлар ҳам қатағонга учради. Шу сабабли ўлкамизга мусҳаф олиб келиш ҳам тўхтади. Аксинча, бори ҳам худосизлар тарафидан талон-тарож қилинди, ёқиб йўқотилди. Саноқли кишиларгина бу қирғинлардан мусҳафларини асрай олдилар.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмига келиб, динга бўлган тазйиқ бироз юмшагач, яна турли йўллар билан жуда оз бўлса-да, турли хил мусҳафлар олиб келина бошлади. Юртимиз мустақилликка эришган илк йилларда «Абдурраҳмон» мусҳаф икки‑уч марта қайта чоп қилинди. Аммо бу нашр жуда ҳам оз ададда бўлиб, давомли бўлмади. Бу мусҳафларга бугун ҳам эҳтиёж бор, чунки Қуръонни ўша мусҳафларда ёд олган кўп қорилар такрорни ҳам шу мусҳафда қиладилар.

Мазкур мусҳафларнинг ўз даврида кенг ёйилишига асосий сабаб ˗ уларнинг ёзуви ниҳоятда равон бўлишидан ташқари, олдинги кўп мусҳафлардан фарқли равишда, ҳар саҳифа бирор оятнинг якуни билан тугалланган. Шунинг учун устозлар бу мусҳафларни «Қори Қуръон», яъни қорилар ўқийдиган, Қуръонни ёд олмоқчи бўлганлар тутуши лозим бўлган мусҳаф деб аташарди. Зеро, ҳофизи Қуръон учун ҳар саҳифанинг янги оят билан бошланиб, бир оятнинг якуни билан тугаши жуда қулайдир. Солиштириш учун айтиш мумкинки, ўша пайтларда чоп қилинган Қозон босма мусҳафларда саҳифа оятнинг қаерида тўхтаса, оятнинг давоми шу ердан кейинги саҳифага ўтиб кетаверарди.

Мустақилликнинг илк йилларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг ташаббуслари билан, Абдураҳмоний мусҳафи “Мовароуннаҳр” нашриётида аввал 30 минг, кейин эса 50 минг нусхада нашрдан чиқди. Бироқ шундан кейин бу борада янги қадам ташланмай, тўхтаб қолинди. Ҳозирда бу мусҳафнинг замонавий суратда нашр қилинишига эҳтиёж бор.

Энди «Абдурраҳмон Қуръон»нинг ёзилиш усули ҳақида тўхталсак. Бу мусҳафнинг завобити, яъни ҳаракат, сукун, танвин ва бошқа шу каби Қуръонни тўғри ўқишга хизмат қиладиган белгилари Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига мувофиқ ҳамда Андалусия ва Мағриб уламолари мазҳабларига кўра қайд қилинган.

Бу мусҳаф ҳозирда бутун дунёда тарқалган Мадина мусҳафларидан бир неча жиҳатдан шу жумладан вақф ва ибтидо ўринларида ҳам фарқ қилади. Гоҳида халқ орасида “Абдураҳмоний мусҳаф саҳобалардан қолган”, “Абдураҳмоний мусҳафнинг вақф аломатларини саҳобалар қўйиб беришган” ёки шунга ўхшаган бошқа гаплар қулоққа чалиниб қолади. Аслида-чи, ҳақиқатдан ҳам шундайми? Бу ҳақида келажак сатрларда сўз юритамиз, иншааллоҳ. (давоми бор)

Тошкент Ислом институти

4- курс талабаси Мусабоев Комрон

369521cookie-check“Қори Қуръон” ҳақида ёхуд Абдураҳмоний мусҳаф саҳобалардан қолганми?
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: