islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фарзандларимиз кўзларимиз қувончи бўлсин

Мана мустақилликка эришганимизга ҳам, ўттиз йилдан ўтиб бормоқда. Бу тарих учун жуда оз ҳисоблансада, бу муддат ичида оламшумул ютуқларга эришганимизни бутун дунё тан олиб турибди. Аввалда бизга маслаҳатчи бўлган баъзи мамлакатлар энди тараққиёт йўлида Ўзбекистондан намуна олишга ҳаракат қилишмоқда. Бунёдкор халқимиз ҳам бу ислоҳотларни жон деб қабул қилиб, кундан-кунга юртимиз ривожига, халқимиз фаровонлигига ўз ҳиссаларини қўшиш учун астойдил меҳнат қилишмоқда. Глобаллашган дунёда турли сиёсий, маънавий, мафкуравий таҳдидлар кундан кунга кучайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир соҳада чуқур ислоҳотлар олиб борилди. Шунингдек таълим соҳасида ҳам кўплаб ислоҳотлар олиб борилди. Ривожланган мамлакатларнинг таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда кўплаб олий таълим даргоҳлари очилди. Фарзандларимиз чет элларда нуфузли университетларда таълим олишмоқда. Бу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ фарзандларимиз ҳам бугунги кунда жаҳонда илм, спорт ва турли соҳаларида ўзларини намоён қилмоқдалар.

Биз учун дастури амал ҳисобланган Қуръони Каримда илмлиларнинг даражаси улуғ бўлиши  айтилган: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир[1]

 Имом домлаларимиздан бири шундай дейди: кунлардан бир  куни менга бир хат келтиришди. Хатни ўқиб, кўнглим тўлиб, шундай хурсанд бўлдимки, таърифлаш қийин. Хурсанд бўлганимдан кўзларимга ёш келиб, озгина йиғлаб ҳам олдим. Қанийди, ҳар бир ота-онанинг фарзанди ҳам худди шу мактуб соҳибига ўхшаган бўлса. Хатда шундай дейилар эди: “Ҳурматли имом ҳазратлари,  мен бир мўъмин-мусулмон сифатида  жума намозларига баҳоли қудрат қатнаб, маърузаларингизни эшитиб тураман. Айниқса ота-оналарнинг ҳурматларини жойига қўйиш, хизматларини қилиш, дуоларини олиш тўғрисидаги маърузаларингизни жони дилим билан эшитиб бораман.  Мазкур маърузаларингизда фарзанд учун ота-онанинг кўз ёшини тўкадиган ишларни қилиш, ўта катта гуноҳ эканлигини айтиб ўтганингиз ёдимдан кетмайди.  Яқинда мен ҳам ота-онамни кўз ёшларини тўкилишига сабаб бўладиган бир ишни содир қилиб қўйдим. Мен ишлайдиган бошқармада мажлис бўлди. Унда бошқармамиздаги бўлимлардан энг каттасига мени раҳбар қилиб тайинлаш тўғрисидаги буйруқ эълон қилинди. Мажлисдан чиқибоқ отамга телефон қилдим. Мен: “Отажон, сизни табриклайман, чунки бугун сизни мамлакатимиздаги нуфузли ташкилот ҳисобланган фалон идоранинг катта бўлимига раҳбар қилиб тайинлашди, дедим. Бу гапдан ҳайрон бўлган отам: “Нима деяпсан, ўғлим мен бир нафақадаги одам бўлсам, қандай қилиб мени сен ишлайдиган идорага раҳбар қилиб сайлашлари мумкин”, дедилар. Мен: ”Ёшлигимдан тарбиямга астойдил эътибор бердингиз, ўқитиб, улғайтирдингиз, одоб-ахлоқимга эътибор бердингиз, ҳам маънавий, ҳам маърифий тарбия қилдингиз. Бу эса менинг  тимсолимда сизни тарбиянгизни – сизни сайлашгани,  сизни тайинлашгани-да, отажон?”- дедим. Гўшакдан отамнинг ўзларини тута олмай йиғлаётган овозлари эшитилди. Ҳаяжондан гапира олмай, гўшакни онамга бердилар. Онажоним хавотир бўлиб: “Ҳа болажоним нима бўлди, нима қилиб қўйдинг?”-деб  сўраб қолдилар. Онажонимга ҳам худди ўша сўзларни такрорлаб, табриклаган бўлдим. Телефондан онажонимнинг ҳам юраклари тўлиб йиғлаётганлари эшитилиб турарди. Ҳурматли устоз, мен ота-онамни йиғлатиб, кўнгилларига озор бериб қўймадиммикин, нима дейсиз!?”.

Ҳа, барча ота-оналарга ҳам шундай кўз ёши тўкиб, хурсанд бўлишни насиб рўзи айласин. Ҳаётнинг қайси соҳасида бўлсин, маълум бир ижобий ютуқларга эришаётган фарзандларнинг ютуғи – ота-онанинг ютуғи ҳисобланади.

Калтакнинг  икки учи бўлади, деганларидек баъзи фарзандлар нотўғри йўлга кириб, ота-оналарининг юзларини шувут қилиб, хижолатга қўяётганлари, ҳақиқий, том маънода йиғлатаётганлари ҳам учраб турибди. Турли жиноят йўлларига қадам қўйган, бугунги кунда чет давлатларга пул топаман, деб чиқиб кетиб, ақидапараст оқимларга қўшилиб қолган, ноҳақ қон тўкилишига сабаб бўлаётган ёки миссионерлар тузоғига тушиб, муқаддас динимиз таълимотларига, Ватанига хиёнат қилаётганлар чиқиб қолаётгани кишини афсуслантиради. Бундай “фарзандлар” бир вақтлар тарбиясига бепарво бўлинган, қандай бўлсада пул топишни биляпти-ю, деб ўз ҳолига ташлаб қўйилган, борига қаноат қилмай чет мамлакатларга жўнатилганлар кимсалардир. Улар одоб-ахлоқ, тарбияга бепарво оилаларда, дин, эътиқод, маънавият, ватан охират, деган муқаддас тушунчалардан узоқлашиб, ҳаёт фақат бойлик топиш, дабдабали, хўжа кўрсин маросимлар ўтказишдан иборат, деган тушунчадаги оилалардан чиқади.

Биз борига шукр қилиб, тийиқсиз орзу ҳаваслардан тийилиб, маърака маросимларимизни ихчамроқ қилсак, меҳнат билан топилган маблағларимизни фарзандларнинг тарбияси ва таълими йўлида сарф қилсак, фарзандларимиз ҳузуридаги бурчларимизни бажарган, Ватан тараққиётига катта ҳисса қўшган бўлар эдик.

Фақат чойхона ёки тўйхона қурилаверса халқ маишатпараст бўлиб, дангаса бўлиб бораверар экан. Бир кичкина бўлсада, ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилинса, бу ҳақиқий Ватанпараварлик, ёшларга, келажакка эътибор бўлар экан. Мана, тадбиркорларимиз ҳам тушуниб қолишди. Мамлакатимизда, бунга эътибор берилиб, янгидан янги иш ўринлари ташкил қилиняпти, тадбиркорлик ривожланиб бормоқда.

Куни кеча бўлган давлат раҳбари ташрифида кўрсатиб ўтилганидек,  Наманганда тикилган костюм-шимларни нафақат бутун малакатимизда, балки дунёда ҳавас қилиб киймоқда. Бўлган воқеъа: Яқинда бир киши Европадан костюм олиб келибди, беш юз долларга олдим, деб мақтаниб дўстларига кўрсатибди. Астойдил текшириб кўришса, у костюм ўзимизнинг Наманганда тикилган экан.

Барчаларимизнинг фарзандларимиз юқоридаги хат муаллифи бўлган йигитдек кўзларимизни қувонтириб, кўнглимизни тоғдек тўлдирсин. Майли,  минг-минг рози бўлиб кўзларимиздан ёш чиқсин. Бу эса, албатта тарбияга жиддий эътибор бериш билан амалга ошади. Дарҳақиқат Қуръони Каримда айтилганидек: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?![2] Илм олишга  ва тарбияга эътибор беринг, азизлар, илм олишга ва тарбияга!

 Тошкент ислом институти

4-курс талабаси А.Абдураҳмонов

Фойдаланилган адабиётлар

[1] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол” -Тошкент, “Шарқ” нашриёти 2007 -Б.85. Мужодала сураси, 11-оят

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. “Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири” -Тошкент, “Тошкент ислом университети” нашриёти 2012 -Б.459. Зумар сураси, 9-оят

369560cookie-checkФарзандларимиз кўзларимиз қувончи бўлсин

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: