islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳар бир бидъат залолатми?

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида:

“Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим”, деган. (“Моида”, 3-оят).

Аллоҳ таоло динни мукаммал қилгани, неъматни батамом этиб бергани ва Исломни дин қилиб танлагани, ислом уммати, балки бутун инсоният учун дастурул амал, буюк саодат ва улкан иноятидир. Шу билан бирга, бу иноят мусулмонлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди.

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалломга самовий китобларининг сўнггиси – Қуръони Каримни нозил қилди ва у орқали жамики инсоният учун, ҳар замон ва ҳар маконга салоҳияти бор Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсониятга улуғ шараф эди.

Энди кимки Ислом шариатини ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни олади, мукаммал дастурни олади. Икки дунё­даги бахт-саодати баркамол бўлади. Агар ким бу Аллоҳнинг иноми яъни бандаларига Ўзи рози бўлган ислом шариатини олмаса, йўлдан адашади ва икки дунё бахт-саодатидан мосуво бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмассиз. Булар – Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати», дедилар». Имом Молик ривоят қилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг динини мукаммал қилиб, мўмин бандаларини китобига хамда Расули орқали шариат қилиб берган нарсаларига эргашишга буюрди. У йўлдан бошқа барча йўллардан қайтарди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр.

(“Анъом” сураси, 153- оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларини: Ўзининг мустақим йўли- исломга эргашишга буюриб, бошқа залолатга кетган, қинғир йўлларга эргашишдан қайтарди.

Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ: “Бу ояти каримадаги “Бошқа йўллар” дан мурод у бидъатдир”, деганлар

Ибн Масуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан бир тўғри чизиқ чиздилар ва:

“Бу Аллоҳнинг йўлидир”, дедилар. У зот яна ўша чизиқнинг ўнг ва чап тарафларига чизиқлар чиздилар-да: “Булар шайтоннинг йўлларидир, шайтон бу йўлларда туриб олиб, уларга чақиради”, дедилар”. (Имом Аҳмад ривоят қилганлар).

Агар банда бу Аллоҳнинг йўлидан юрса, уни тўғри тушиниб, унга тўғри амал қилса ва уни ўзига лозим тутса, у хақ йўлдан юрган бўлади. Ҳеч қачон адашмайди.

Аммо Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, шайтоннинг йўлида юрган бўлади. Шайтон эса инсонни йўлдан адаштиради. Натижада инсон залолатга юз тутади.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “Албатта Аллоҳнинг Ўзи Парвардигорим ва Парвардигорингиздир, бас, (ёлғиз) Унга ибодат қилингиз! Мана шу Тўғри Йўлдир”, деди. (Оли Имрон, 51-оят).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар. Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Ҳадиси шарифда бир қанча нарса баён қилинди:

  1. “Энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир”. Шак-шубҳасиз Аллоҳнинг каломи энг содиқ калом. Шунинг учун Унинг каломини ўрганиб, унга амал қилиш ва уни маҳкам тутиш керак.
  2. 2. “Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир”. Шунинг учун У зотнинг ҳидоятларини маҳкам тутиш лозим. Чунки энг яхши ҳидоят – охирги ва энг афзал Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир.
  3. “Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир”. Бу билан исломда янгилик қилиш мумкинмас деган гап чиқмайди. Ислом янгиликка қарши эмас. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш энг ёмон ишдир.
  4. “Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир”. Бидъат динда бўлсин диндан бошқасида, янги ўйлаб топилган ишлардир.
  5. “Ҳар бир бидъат залолатдир”. Энди Қуръон ва Суннатга хилоф бўлган ҳар бир янги пайдо бўлган бидъат, залолат эканлиги аниқ.
  6. “Барча залолат дўзахдадир». Қуръон ва Суннатга хилоф иш тутган киши залолатдами, демак у дўзахга тушиши аниқ. Залолатдан омонда бўлиш учун Қуръон ва Суннатни яхшилаб ўрганиб, хаётига татбиқ қилиш лозим. Ҳақиқий хақ йўл нима ва бидъат нима эканлигини яхшилаб ажратиб олиш керак.

Бидъат тўғрисида кейинги мақолаларда батафсил ёритамиз.

Тошкент ислом институти

402-гуруҳ талабаси

Зокиров Исроил

369750cookie-checkҲар бир бидъат залолатми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: