Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчилари, хусусан Фахриддин домла Маманосировнинг ташаббуси билан ҳомий ва саховатпеша инсонларни жалб этган ҳолда институт Ахборот-ресурс маркази фондига жами 93 дона китоблар ҳадя қилинди.
Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайманинг “Саҳиҳи ибн Хузайма”, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром Доримийнинг “Муснади Доримий”, Молик ибн Анаснинг “Муватто”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”, Ҳибатуллоҳ Тожий Ҳанафийнинг “Таҳқиқул баҳр”, Имом Шаҳобиддиннинг “Иршодуш Шорий Бухорий”, Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Шуайб Насаийнинг “Сунани Насаий” тўпламлари Олий маъҳадга олиб келинди.
Талабанинг ўқишига моддий ёрдам бериш, инфоқ-эҳсон қилиш, китоб ва компьютерлар олиб бериш, ижара ҳақини тўлаб бериш, уйини зарур жиҳозлар билан таъминлаш энг муҳим ва савобли ўринлардан биридир. Агар бир кишига Аллоҳ таоло талаба ёки моддий ёрдамга муҳтож олимнинг иқтисодий кафил-ҳомийси бўлишни насиб этган ёки унинг китобларини олиб бераётган бўлса, унга ҳам талабанинг савобидек, ажр-мукофот берилади, дея умид қилинади.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшиликка далолат қилувчи-ундовчи ўша яхшиликни қилувчи каби ажр олур”, – деганлар (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ривоятда У зот: “Кимки одамларни ҳидоят-тўғри йўлга чақирса, унга чақириғига эргашган кишиларнинг ажрларича ажр-савоб бўлур. Бу, яъни чақирувчига ажр берилиши уларнинг ажрларидан бирор нарсани камайтирмайди”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).
Муснад деб, луғатда ердан кўтарилган ва сатҳдан баланд нарсага айтилади. Истилоҳда эса, муҳаддислар уни икки хил маънода талқин қилган:
Биринчиси муснад ҳадиснинг ровийларнинг занжири, деб таърифланади. Чунки муснад бу ўринда ровийларни боғлайдиган нақлдир. Бу ибора асосан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилганда ишлатилади. Гарчи, ровий ўзидан олдинги ровийдан тинглаганини баён қилмаган бўлса-да, анъанага кўра, ҳар бир ровий ҳадисни охиригача ўзидан юқоридаги кишидан эшитади.
Баъзи мусаннифлар ўз китобларида мана шу маънони ишлатган. Асарларининг номи муснад аталмаса ҳам, ҳадиснинг санади жиҳатидан “муснад” деган. Масалан, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъус саҳиҳ”, Имом Доримийнинг “Сунануд Доримий”, Ибн Хузайманинг “Саҳиҳи Ибн Хузайма”, Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” ва бошқаларни айтиб ўтиш мумкин.
Иккинчиси муснад китоблар бўлиб, унда бир саҳобадан турли мавзудаги ҳадислар бирин-кетин келтирилади. Шу ровийнинг ҳадислари тугагач, бошқасининг ҳадислари билан давом эттирилади. Бундай китобларга мисол тариқасида Имом Аҳмад, Абу Яъло Мавсулий, Ҳумайд Кеший каби алломаларнинг “Муснад”ларини кўрсатиш мумкин.
Уламолар муснад асарларининг бир неча хил ёзилиш усулларини айтиб ўтган. Биринчи усул ҳар-бир саҳобий алифбо бўйича давом этган. Кейинги усул қабилалар тартибига кўра бўлиб, Бани Ҳошимдан бошланган. Сўнг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроғи билан давом эттирилган. Яна бир усули саҳобанинг исломга кириш навбати ва диндаги мавқеи бўйича, масалан, жаннатга башорат қилинган ўн саҳобадан бошлаб, улардан кейин Бадр жангида қатнашганлар, сўнг Ҳудайбияда байъат қилганлар, кейин навбатдаги ўринда турадиганлар олиниб, у зотнинг ривоят қилган ҳадислари бирин-кетин келтирилган.
Тарихчи Хатиб Бағдодийнинг таъкидлашича, охирги усул муснад китобларни тузишдаги энг яхшисидир.
Ҳадисларни жамлаб, тасниф этиш халифа Умар ибн Абдулазизнинг ташаббуси билан бошланган. Халифа ҳижозлик олим Муҳаммад ибн Шиҳоб ибн Муслим Зуҳрий Маданийга ҳадисларни ёзма равишда тўплашни буюрганидан сўнг, у ҳадисларни тўплаб, бир китобга жамлаган. Бу илк расмий ҳадис тўплами бўлган.
Муснад асарларининг таснифи босқичма-босқич ривожланиб борган. Улар саҳобалар, кейин тобеинлар ва табаъ тобеинлар даврида ўзига хос услубларда ёзилган. Муснад йўналишида тасниф этилган асарлар даврларга қараб қуйидагича шаклланиб борган:
– Саҳобалар даврида ёзилган муснад асарлар: “Муснади Аби Бакр”, “Муснади Умар ибн Хаттоб”, “Муснади Оиша бинти Аби Бакр”, “Муснади Билол ибн Рабоҳ”, “Муснади Саид ибн Ваққос”;
– Тобеинлар даврида ёзилган муснад асарлар: “Муснади Умар ибн Абдулазиз”, “Муснади Аби Ҳанифа”.
Табаъ тобеинлар ва улардан кейинги даврларда ёзилган муснад асарлар:
“Муснади Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий” (ваф. 181/797 й.);
“Муснади Аби Давуд Таёлисий” (ваф. 204/819 й.). Бу аллома вафот этган йили эътиборидан “Муснад” асарини биринчи бўлиб ёзганлардан деб таъкидланган;
“Муснади Аби Бакр ибн Аби Шайба” (ваф. 235/849 й.);
“Муснади Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий” (ваф. 238/852 й.);
“Муснади Имом Аҳмад ибн Ҳанбал” (ваф. 241/855 й.). Бу асар муснадлар орасида энг катта ҳажмлидир;
“Муснади Аҳмад ибн Иброҳим Даврақий” (ваф. 246/860 й.) ;
“Ал-Мунтахаб мин муснади Абд ибн Ҳумайд Кеший” (ваф. 249/863 й.);
“Муснади Яқуб ибн Шайба Давдусий” (ваф. 262/876 й.) ;
“Муснади Аҳмад ибн Иброҳим Тарасусий; (ваф. 273/886 й.).
Муснад буюк фаҳиқ, ҳанбалий мазҳабининг асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал (вафоти 241 ҳижрий/855 милодий) томонидан тузилган муснад ҳадислар тўпламидир. 27 мингдан ортиқ ҳадисни ўз ичига олган ушбу асар ислом тарихидаги энг йирик ҳадис тўпламларидан биридир.
Ҳофиз ул-кабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий Доримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга келдилар. У зотнинг боболари асли араб бўлиб, фатҳ сабабли Хуросонга кўчиб келган ва шу ерни ватан қилиб қолганлар.
Имом Доримийнинг энг машҳур китоблари «Сунани Доримий» бўлиб, бу китоб мўътабар олти китобнинг биридир ҳам дейилган. Уламолар «Саҳиҳ китоб» эгалари, деб бешта имомга иттифоқ қилдилар. Булар Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насаийлардир, лекин олтинчисига ихтилофлар бор. Баъзилари «Сунани Ибн Можа» ва яна баъзилар «Муваттоъи Молик» дейишса, бошқалари «Сунани Доримий» дейишади.
«Сунани Доримий»нинг олтинчи китобликка ҳақли эканига далил шуки, у иснодда заиф кишиларнинг озлиги, жумҳур уламолардан ажрамаганлиги, инкор этилган гапларнинг топилмаслиги жиҳатидан ажралиб туради.
Имом Доримий ҳадис илми билан чегараланиб қолган эмас, балки тафсир, фиқҳ каби илмларда ҳам етук олимлардан эдилар. Бу зот «Бисавми мустаҳоза вал мутаҳаййира» деб номланган фиқҳ китоби муаллифидирлар. Ва яна Қуръони каримнинг баъзи жузларига тафсир ёзганлар, лекин тафсирлари бизгача етиб келмаган.
Имом Доримий «Сунан» китобларидаги ҳадисларнинг кўп қисми фиқҳга оиддир. Бу китоб бошқалардан ажрамаганлиги, ноаниқ сўзлар топилмаслиги билан машҳурдир. Бу китобнинг исми тўғрисида уламолар орасида бироз ихтилофлар бор. Имом Заҳабий, Ибн Салоҳ, Мулла Али Қори каби улуғ зотлар «Муснад» деб, Алоуддин Мағлатойдек зотлар эса «Саҳиҳ» деб ном беришган. Лекин Имом Ибн Ҳажар, Суютий таъкидлаганидек, бу китоб кишилар орасида «Сунан» деб номланган. Имом Доримийнинг ушбу «Сунан» китоблари 3465та ҳадисни ўз ичига олган.
Имом Молик 93 ҳижрий санада Мадинада туғилдилар. Илмни Мадина уламоларидан олдилар.
Имом Молик “Муватто” (оммабоп) китобини ёздилар. Бу китобни қирқ йил давомида ёзиб, саралаб чиққанлар. У китобнинг ҳажми ҳозирги даврдагисига қараганда анча катта эди. Айтишларича китобдаги ҳадисларнинг сони ўн мингта бўлган. Китобдаги ҳадисларни саралаш, таъна қилинган ҳадисларни чиқариб ташлаш ва имомлар амал қилмаган ҳадисларни олиб ташлаш оқибатида иснодлари муттасил (яъни бир-бири билан узлуксиз боғланиб келган ровийларнинг силсиласи) бўлган ҳадислар сони беш юз атрофида бўлиб қолди. Молик айтадилар: “Абу Жаъфар Мансур ҳажда мен билан учрашиб қолди ва: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман. Сиз одамларга суннат ва фиқҳ ҳақида китоб ёзинг. Фақатгина Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўлликларини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг ва уни оммабоп қилиб ёзинг”, деди. Мен унга таълиф қилиш йўлини ўргатинг дедим. “Яъни менга мўътадиллик йўлини кўрсатинг” дедим. Ислом уммати ва уламолари Молик ҳаётлик вақтларидаёқ у кишининг китобларини ўқий бошладилар, ҳатто китобни Имом Моликнинг ўзларидан ўрганишлик учун у кишининг ҳузурига кела бошладилар. Бир куни Абу Жаъфар ал-Мансур Абу ар-Рошид: “Мен Сизни бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатмоқчиман ва ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” деди. Шунда Имом Молик: “Ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзига тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киргизган Ҳижоз аҳлларининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилганлар. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар. Абу Жаъфар: “Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ Сизни ажрингизни берсин” – деди.
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йили Хуросоннинг шаҳарларидан бири бўлган Нисода дунёга келдилар.
“Сунани Насаий” олти ишончли ҳадис тўпламларидан бири, у дастлаб «Ас-сунан ал-кубро» (ҳадисларнинг катта тўплами)ни ёзган. Кейин Рамла амири илтимосига кўра уни ихчам ҳолга келтириб, «Ас-сунан ас-суғро» (кичик тўплам) тузган. Бу асар «Ал-мужтаба» (танланган ҳадислар) деб ҳам юритилади. Уламолар фикрича тўпламда заиф ҳадислар ҳам бор. «Сунани Насаий»га Жалолиддин Суютий, Ас-Синдий каби олимлар шарҳ ёзишган.
ТИИ Матбуот хизмати