islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сохталаштирилган “жиҳод” (моҳият ва талқин)

Мазкур талқинда “катта жиҳод” нафсу ҳаво, шайтон ва шайтонсифат одамлар васвасаси (шубҳага солиши, шаҳват орқасидан эргашишга тарғиб қилиш)га қарши кураш – илм-фан, соғлом эътиқод, одоб-ахлоқ, инсоний фазилатларни ўзига сингдириш ва тарғиб қилишга қаратилган барча ҳаракатлар, айтилган сўзлардан иборатдир.

Қуръони каримда “Кофирларга итоат этма! Қуръон ёрдамида уларга қарши қаттиқ кураш!” (Фурқон, 52), дейилади. Мазкур оятда жоҳолат даври ғояларидан таъсирланмасдан, балки, жаҳолатга қарши эзгулик ғояларини кенг тарғиб қилишга чорланган. Оятдаги “қаттиқ кураш” амри урушни эмас, балки муқаддас манбага, илм ва ҳақиқатга асосланган панд-насиҳат, иршодни англатади. Уламолар мазкур оятнинг уруш ҳақида эмаслигини унинг Маккада нозил бўлгани, бу вақтда мусулмонлар жамоаси жангга буюрилмагани билан изоҳлайдилар.

Яна айтилади: “Эй набий! Кофиру мунофиқларга қарши кураш, қаттиққўл бўл! Уларнинг жойи жаҳаннамдир. Бениҳоя даҳшатли жой-а” (Таҳрим, 9). Бу ерда мусулмон бўлмаганлар ҳамда тилида мусулмон бўлган-у, бироқ қалби тўғри бўлмаганларга қарши маърифат билан курашга, яъни, маънавий комил бўлмаган инсонларнинг вайронкор ғояларига кескин қарши бўлишга буюрилиб, нотўғри йўлнинг охири вой экани эслатилган.

Юқоридаги оятда кофир ва мунофиқлар билан урушиш назарда тутилмаган. Чунки, “кофир” деб Худони инкор қилган, “мунофиқ” деб тилида мусулмон, дилида номусулмон бўлган кишиларга нисбатан айтилади. Кофирнинг жисмини эмас, унинг кофирлик сифатини йўқ қилиш назарда тутилади. Исломда тилида имон келтирган инсон мусулмон ҳисобланаверади. Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул исмли мунофиқ саналган киши ўзининг мусулмон эмаслигини ошкор қилганда ҳам Пайғамбар алайҳиссалом уни ўлдиришга буюрмаганлар. Мунофиққа қарши жиҳод унинг қалбидаги яширин сиридан воқиф бўлиб, ёвуз мақсадини амалга ошишига йўл қўймаслик билан бўлиши назарда тутилади.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида жиҳоднинг кенг қамровли тушунча эканлиги қуйидагича баён этилган:

“Мендан олдинги пайғамбарларнинг ҳам умматлари орасида ўз издошлари бўлган. Улар пайғамбар йўлини тутиб, амру фармонига эргашган. Сўнг, улардан кейинги (авлод)ларнинг сўзлари феълларига, феъллари ақидаларига мос келмади. Бундайларга қарши кимки қўл билан жиҳод қилган (курашган) бўлса, ўша мўъминдир; тили билан жиҳод қилган (курашган) бўлса, ўша мўъминдир; қалби билан жиҳод қилган (курашган) бўлса ўша мўминдир. Бундай қилмаган одамнинг заррача ҳам имони йўқдур”.

Бу ҳадисда биринчи навбатда қўл билан жиҳод қилиш зикр қилинган. Қўл билан жиҳод қилиш Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошқа бир ҳадисларида қуйидагича ифодаланган:

“Бир инсон Пайғамбар с.а.в. нинг ҳузурларига келиб:

– Жиҳод қилмоқчиман, дейди,

– Ота онанг борми?, сўрайдилар Росулуллоҳ с.а.в.

– Ҳа.

– Улар йўлида жиҳод қил (хизматида бўл)!”

Яна айтадилар: “Бева-бечораларга ёрдам қилиш Худо йўлида жиҳод қилиш билан тенгдир”.

Маълум бўладики, қўл билан жиҳод қилиш эзгу ишларга, адашганларни эзгуликка йўллаш чораларини кўришга қўл уришдан иборатдир. Кенг маънода олимнинг илм яратиши, шифокорнинг заковати ва моҳир қўли билан амалга оширган иши, мулкдорнинг эҳсони, жавонмарднинг кўмаги, қўйинг-ки, ҳар кимнинг ўз касбига садоқати, масъулиятини ҳис қилиши, холис меҳнати қўл жиҳоди деб баҳоланади.

Демак, ҳадисдаги қўл билан жиҳод қилиш – жаҳолатни қувиш йўлида эзгулик яратиш; тил билан жиҳод қилиш – панд насиҳат, ваъзу иршод қилиш; Қалб билан жиҳод қилиш – адолатсизликни қалбан ёмон кўришни англатади.

Шунингдек, жиҳоддан бой ва камбағал, мансабдор ва фуқаро, кучли ва кучсиз, олим ва оми, уламо ва диндор, обид ва тақводор ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг адолат ва тенглик асосида бўлишига эришиш, содда қилиб айтганда Яратган наздида ҳамманинг тенг эканлиги тўғрисидаги ғояни ёйиш кўзланган. Ҳадисда “Эй, инсонлар! Парвардигорингиз ягонадир! Агар тақволи (пок ва холис) бўлмаса, арабнинг ажам (араб бўлмаган миллат)дан, ажамнинг арабдан, оқ танлининг қора танлидан, қора танлининг оқ танлидан устун жойи йўқ. Худонинг наздида энг улуғ одам – тақводор (холис) одам” дейилган.

Парвардигори олам “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга содиқ бўлинг, адолат билан гувоҳлик беринг. Бировларни ёқтирмасангиз ҳам адолатсизлик қилманг. Адолатли бўлинг. Адолат тақвога яқин. Аллоҳдан қўрқинг. Аллоҳ қилиб юрган ишларингиздан хабардор ахир (Моида, 8.) дея инсонларни адолат ва холисликка чорлаган:

Ўша даврдаги жамиятда мусулмон бўлган бойларга молининг бир қисмини закот сифатида, мусулмон бўлмаганларга молининг бир қисмини жизя (солиқ) сифатида камбағал, бева-бечораларга тарқатиш буюрилган. Талончилик, порахўрлик, товламачилик, судхўрлик орқали тили, дини, миллатидан қатъи назар бировларнинг молига кўз олайтириш таъқиқланган. Чегарадан чиққан – инсонларга зулм ўтказадиган, одамларни хўрлайдиганлар душман деб элон қилинган. Бу билан адолат ва тенглик тамойилларига асос яратилган.

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,

ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси

катта ўқитувчиси М.Насриев

373360cookie-checkСохталаштирилган “жиҳод” (моҳият ва талқин)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: