Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, бу дунёнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни таниган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидадир», деган бўлса, Имом Ҳасан ал-Басрий: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (Фотир, 28-оят) деган оятни туширди.
Ва яна бир оятида Аллоҳ таоло айтади: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» (Зумар, 9-оят). Албатта улар тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар эса куфр келтириб, исён қиладилар. У зот яна: «Бу мисолларни одамларга келтирамиз, улардан фақат олимларнигина ақли етар», (Анкабут, 43-оят) оятини туширди. Ушбу уч оятдан келиб чиқиб, илм ва уламолар фазли ҳақида сўз юритсак бўлади.
Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда. Демак, илмсиз киши Аллоҳдан қўркмайди ҳам, уни улуғламайди ҳам. Тажриба бу Қуръоний ҳақиқатни тасдиқлади. Бугун бутун дунё бўйлаб турли илмлар бўйича мутахассис бўлган олимлар Аллоҳни танишларини, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмас, деган фикрга келганларини қайта-қайта айтмоқдалар. Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмокда. Илмли доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсизда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмокда. Учинчи оятда эса, келтириладиган масалаларни англаб, улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарурлиги таъкидланмокда. Бу ҳам илмни ва олимни улуғлашдир десак адашмаймиз.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар». (Тўртовлари ривоят қилишган.)
«Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одамни «фақиҳ» дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар. Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир.
Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапларининг давомида: «Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демокдалар. Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади. Бу дарҳақиқат улкан башоратдир. Мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол ҳамма мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Баъзилари ва баъзан кўплари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадисда: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим, деган эканлар». (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.)
Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаган эканлар. Бир куни ҳузурларига мадиналик бир одам келибди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: «Сени бу ерга нима келтирди?» дебдилар. У киши: «Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», деган. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтганлар: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди». Худди шу маънодаги жумла бундан олдинги ҳадисда ўтди: «Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди». Баъзи таъвилларда уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўяди, дейилган. Бошқа бир таъвилда эса, фаришталар учишдан тўхтаб илм билан машғул кишиларни ўраб олишади, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар, дейилган. Нима бўлганда ҳам толиби илмларнинг Исломда қадрлари баландлиги ва илм талабида бўлиш улуғ даража эканини кўрсатади.
«Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади». «Осмонлардаги зотлар»дан мурод – фаришталар. «Ердаги зотлар»дан мурод – инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса, бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олгани учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиргани ва ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қилади. Бу эса диний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканини кўрсатади.
«Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир». Шу жумла бу ерда гaп диний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир.
«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам. Дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар». Чунки уларга Аллоҳ таоло молу дунёни берган эмас. Аллоҳ таоло уларга илмни берган эди. Шунинг учун ҳам:
«Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар». Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар.
«Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди». Яъни, қайси бир одам ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: «Анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар», дедилар». (Ибн Можа ривоят қилган).
Ушбу хадиснинг шарифнинг маъносидан кўриниб турибдики, Ислом уламолари нафақат бу фоний дунёда, балки, у боқий дунёда ҳам юксак ҳурматланар эканлар. Қиёмат куни уламолар пайғамбарлардан кейинги мартабага, ҳатто Ислом учун Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб жон берган шаҳидлардан ҳам устун мартабага эришар эканлар. Қиёмат кунининг нима экани ҳаммага маълум. У кунда ҳамма ғам-ташвишда, қўрқинчда қолишади, биров билан бировнинг иши бўлмай қолиши барчага маълум. Ана шундай кунда Аллоҳ таоло ўз бандаларидан уч тоифасига алоҳида имтиёз берар экан. Улар мазкур қўрқинч, даҳшат ва хорликлардан мустасно қилинар эканда, ундан ҳам зиёда ҳолда бошқа бандаларга шафоат бериш ҳуқуқи ато этилар экан.
Аллоҳ таоло барчамизни илмда собит қадам ва илмига амал қиладиган бандаларидан қилсин!
Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси
Сагидуллаев Зарафатдин