Жанг маъносидаги кичик жиҳод дин, шахс, ватан, обрў, мол-дунё ва ҳимоя қилиниши лозим бўлган дахлсизлиги бузилганда мусулмонларнинг умумий раҳбари томонидан эълон қилинади. Исломий ва бошқа теократик (диний) давлатларда ўз-ўзидан диний раҳбар, демократик ва бошқа тузумдаги давлатларда ўша давлатнинг раҳбари томонидан эълон қилинади.
Теократик бўлмаган давлатларда туғилиб ўсган, эмин-эркин яшаётган мусулмон шу давлат учун ҳарбий хизмат қилиши лозимдир.
Исломда қаршилик кўрсатмаган инсонга нисбатан душманликнинг барча кўринишлари мумкин эмас. Битта бегуноҳ инсонни ўлдирган гўёки дунёдаги барча инсонни ўлдирган каби гуноҳга ботиши айтилган.
Пайғамбар с.а.в. атрофидаги бирорта инсонга бугунги террорчилар амалга ошираётган ваҳшийликларни ўргатмаган, ҳеч кимни уруш-талашга қизиқтирмаган.
Динлар, тамаддунлар ўзаро курашга эмас, балки ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотларга таянади. Мусулмон одам бузғунчи ғояларга алданмайди, ёмонлик уруғини сочмайди. Динлар ва миллатлараро мулоқотлар умумманфаат учун хизмат қилади. Чунки миллатлараро мулоқот ва ҳамкорлик Худонинг ёзиғидир, бунга қарши бориб бўлмайди. Парвардигор “Эй, одамлар! Сизни бир эркагу бир аёлдан яратдим. Бир-бирингиз билан танишинг деб қабилаю элат-уруғларга бўлиб қўйдим. Тақводорларингиз Аллоҳ ҳузурида энг мукаррамингиздир” (Ҳужурот, 13), дея дини, тили, миллатидан қатъи назар бутун башариятни мулоқот ва ҳамкорликка чорлаган.
Дин танлаш ҳар кимнинг ихтиёридадир. Дин мажбурлаб сингдирилмайди, уни сингдириш учун жанг қилинмайди. “Динга зўрлаб киритиш йўқ. Тўғри йўл қарор топди. Шайтонни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирган киши мустаҳкам ҳалқани тутган бўлади. Аллоҳ эшитиб, билиб туради.” (Бақара, 256). Ислом манбаларида дин танлашдаги эркинликни таъминловчи оятлар кўп бўлиши билан бирга, динга мажбурлаб киритишни тарғиб қилувчи матнлар мутлақо мавжуд эмас. Бир ансорийнинг икки ўғли бўлиб, иккаласи ҳам исломни қабул қилмаган. Ўша одам Пайғамбар с.а.в.дан “Уларни мажбурлаб исломга киргизсам бўладими?”, деб сўраганида юқоридаги оят нозил бўлган.
Пайғамбар с.а.в. бир вақтнинг ўзида Мадина шаҳар-давлатининг раҳбари ҳисобланган. Мадинада яшовчи яҳудийларни ислом динига киришга мажбурламаган, аксинча улар учун қайғурган, уларнинг хавфсизлигини таъминлаган.
“Роббинг хоҳласа ер юзидаги одамларнинг барча-барчаси имон келтирар эди. Сен одамларни мўъмин бўлишга мажбур қилмоқчимисан? Аллоҳнинг изну иродасисиз ҳеч бир инсон мўъмин бўла олмайди. Аллоҳ ақлу фаросати йўқларни азобга дучор қилади”. (Юнус, 99-100).
“Шуларни эслат. Негаки сен эслатувчидирсан, ҳукмингни ўтказувчи эмас” (Ғошия, 20-21).
Маълум бўлдики, исломдаги жиҳод тушунчаси билан жиҳод аталиб амалга оширилаётган террор урушлари ўртасида боғлиқлик мутлоқо мавжуд эмас.
Хулоса қилиб айтганда “жиҳод” сўзи “ғайрат, меҳнат, ҳаракат” маъносида фикр, сўз ва амал холислиги ва эзгулигини англатади. Жиҳоднинг вужудга келиши ва мақсадлари урушга қаратилмаган.
Худо ўз дини орқали бандалари ўртасидаги ўзаро адолатни таъминлаш қоидаларини маълум қилган. Бир шахс ўзини мусулмонлар томонга қўйиб бошқаларни қириб ташлаши диннинг мақсадини ифодаламайди. Қудратли зот бундай қилишга буюрмайди, ёмонлик бўлишини хоҳламайди, хоҳлаганида бундай қилиш учун бандасига муҳтож бўлмайди, ҳаммаси Ўзининг қўлида.
Динимиз, ватанимиз, қадриятларимиз, анъаналаримиз – дахлсиз омонат. Асл жиҳод эса мана шу омонатни гўзал ва соф шаклда келгуси авлодгача етказиб бериш йўлидаги ҳаракатимиз, амалимиз мажмуидир.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,
ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси
катта ўқитувчиси М.Насриев