islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хутба пайтида қайси саҳобани турғазиб қўйган эдилар?

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Жума куни хутба қилаётган пайтларида бир киши келиб қолди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Намоз ўқидингми?» – дедилар. Ҳалиги одам: «Йўқ» – деди. У зот: «Тургин-да, намозингни ўқиб ол» – дедилар». (Имом Термизий ривояти)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам жума куни саҳобаларига хутба қилиб турган маҳал, ҳаммадан кечроқ бир саҳобий келган, ҳалиги кишидан «таҳияти масжид» (масжид ҳаққи учун ўқиладиган икки ракатли намоз)ни ўқигани ёки ўқимаганини сўрадилар. У ҳали ўқимаганини айтганда, туриб ўқиб олиши мумкинлигини билдирадилар. Кейин у одам икки ракат «таҳияти масжид» ўқиб олади.

Бу ҳадисни шарҳлаб, уламолар, хоссатан шофеъий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари имом хутба қилиб турган бўлса ҳам икки ракат «таҳияти масжид»ни ўқиб олиш мустаҳаб, дейдилар.

Ҳанафий ва Моликий мазҳаби имомлари эса, бу пайтда на намоз, на бирор иш ва на бирор гап билан машғул бўлиш мумкин эмаслигини қаттиқ таъкидлаб: Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз масжидга кирса ва имом минбарда бўлса, то имом (хутбадан) фориғ бўлмагунга қадар намоз ҳам, гап ҳам йўқ!» деган ҳадисни келтирадилар. Яъни имом минбарга чиқдими, хутба бошладими, «таҳияти масжид» намози ўқилмайди, жим туриб хутбага қулоқ солинади, дейдилар.

Унда нима учун ўзлари хутба асносида бўлса ҳам, намоз ўқишга ундадилар?! Бу вазиятнинг ечимини «Мискуш Шазий» муаллифи Ҳабибур Роҳман Ал-Хойр Ободий ҳазратлари қуйидагича шарҳлайдилар:

«Ҳар иккала ҳадисга амал қилиш, икки хил маънодаги ҳадиснинг мувофиқлаштириш йўли шуки, кечикиб келган киши Имом Муслимнинг ривоятларидан маълум бўлишича, Сулак Ғатофоний розияллоҳу анҳудир. Ва бу воқеа хутба жорий бўлишидан олдин бўган. Буни устига Сулайк розияллоҳу анҳу ўта фақир ва ҳолатлари бир аҳволда эди. Аҳли масжид бу ёрдамга муҳтож саҳобани яхшилаб кўриб олсин, таниб олсин дея, ўрнидан тургазиб, намоз ўқиб олишга ундайдилар. Инсонларни эса садақа беришга қизиқтириб ҳам ўтиб кетадилар. Саҳобалар юпун аҳволдаги Сулайк розияллоҳу анҳу устига кийимларини ташлай кетишди».

Ана набавий таълим, ана набавий педагогика! Камбағал кишини кўпчилик ўртасига чиқариб, «Фалончи биродаримиз ёрдамга муҳтож, қани ким ҳиммат қилади?!» дейилса… ҳалиги одам уятдан ерга кирай деса керак!

Не ажаб, Оламлар Қуёши соллоллоҳу алайҳи васаллам Сулайк розияллоҳу анҳуга алоҳида юзландилар, у кишини тургазиб қўйдилар, бир-икки оғиз савол ҳам сўраб, намозга ундадилар. Барчанинг эътиборини тортдилар. У киши намоздалигида қолганларни садақа нақадар яхши ишлигига қизиқтириб юбордилар. Шунда масжид аҳли «гап тагида гап бор»лигини яхши англаб, кийимларини ечиб, Сулайк розияллоҳу анҳуга ёпа кетишди. У киши эса ҳижолатсиз қабул қилдилар.

Юқоридаги ҳадис бизни кўп нарсага чақиради:

  • Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам умматларига мана шундай йўлбошчи, намуна, педагог, зукко муаллим ўлароқ таълим бердилар.
  • Қош қўяман деб, кўз чиқаришдан; руҳлантираман дея кўнгил синдиришдан жуда ажиб услуб билан чиқиб кетиш технологиясини амалда синаб, кўрсатиб қўйдилар. Аллоҳнинг У зотга тўхтовсиз саловатлари бўлсин!
  • Ҳар бир мусулмон ҳадисларни тушунишда мўтабар олимларнинг ҳадис шарҳларига ёзган китобларига мурожаат қилиши, агар шарҳларни тушунишга заковати етмаса, катта устозлардан сўраб ўрганишлари керак бўлади.

Чунки, Оламлар Сарвари, Шариат соҳиби, Аллоҳнинг амрларини бандаларга бекаму кўст етказувчи Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бир-бирига зид гап айтмаганлар. Бир ишни қилма деб, айни пайтда қил ҳам демаганлар. Агар икки хил маънодаги ҳадис келадиган бўлса, уларни татбиқ – мувофиқлаштириш, солиштириш даражалари, махсус шартлари бор. Бунинг учун камида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Таҳовий ҳамда Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад каби зотлар даражасида бўлиш талаб этилади.  У кишилар даражасида эмас эканмиз, ҳадис шарҳларига, устозлар таълимига жуда-жуда муҳтожмиз. Ўз тушунчамизда ҳадисдан хулоса чиқариб олишга, фатво бериб ташлашга асло ҳаққимиз йўқдир!

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 Н.Саидакбарова

 

373750cookie-checkРосулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хутба пайтида қайси саҳобани турғазиб қўйган эдилар?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: