islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Савдода халоллик ва баракa

Ислом ҳуқуқида савдо шаръий  аҳд (келишув) бўлиб, Китоб ва Суннат ҳамда ақлий далиллар билан собит бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 “…Аллоҳ савдони ҳалол қилди” (“Бақара” сураси 275 – оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нубувват келишидан олдин ҳам савдо-сотиқ билан шуғулланганликлари ҳаммамизга маълум. Шунингдек тарихдан маълумки, одамлар ўзаро мол-мулкларини бирор нарса эвазига алмаштириш билан шуғулланишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтармадилар, балки, ўзлари бевосита ва билвосита савдо-сотиқ билан шуғулландилар. Савдо-сотиқнинг шаръий эканлигига уламолар ижмоъ қилишган.

Ақлий далилларга келсак, инсон табиатан билан муомала қилишган. Бу эса азалдан инсонларда савдо-сотиққа эҳтиёж мавжуд бўлганидан дарак беради.

Қийматли молни сотувчи ва олувчининг ўзаро розилиги билан алмаштириш “савдо” деб аталади. Савдо чўчқа, ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўшти, қон ва шу каби шариатимизда ҳаром қилинган нарса бўлмай, балки Аллоҳ таоло ҳалол қилган  ва бирор бир қийматга эга, мол бўлишга лаёқатли нарсани ақлли, ҳур ва балоғат ёшига етган кишиларнинг ўзаро розилиги билан олди-берди қилишидир. Савдо сўзлашувларида ўтган замонга далолат қилувчи сўзлар бўлишлиги шартдир. Чунки, Аллоҳ таоло намозда бўлганидек, савдо учун махсус лафзларни жорий қилмади. Ўтган замонда айтилган лафзлар сўзининг тўғрилигига далолат қилишда кучлироқ бўлади. Шунинг учун савдода бундай сўзлардан фойдаланиш мақсадга  мувофиқдир.

Савдонинг рукни: Унинг муҳим талаби сотувчи томонидан таклиф, олувчи томонидан истакдир. Чунки, таклиф ва истак ҳар иккисининг ўша савдога рози эканига далолат қилади. Шунингдек, таклиф ва истак маъносидаги бошқа сўзлар ҳам бўлиши мумкин.

Савдонинг шарти: Сотувчи ва харид қилувчи сотиш ёки сотиб олиш хуқуқига эга бўлган, ақлли, балоғат ёшига етган, ҳур, сотувчи сотаётган маҳсулотида, олувчи бераётган пулида эгадор шахслар бўлиши лозим. Ақлсиз, балоғат ёшига етмаган, фойда-зарарни тушунмайдиган бўлса, алданиб қолиши мумкин. Яна ҳур бўлиши керак. Чунки қуллар нарсаларга молик эмаслар. Савдо ўз ўрнида, яъни қийматга эга бўлган ва мол деб эътироф этилган маҳсулотлар устида бўлиши керак. Савдодан мақсад – қийматга эга бўлган ва фойдали молни ўзаро томонлар бир-бирига мулк қилиб беришидир. Шунинг учун мол, деб эътироф этилмаган нарсалар устида савдо қилиш ҳам эътиборсиз.

Юқорида зикр қилинган қонун-қоидаларга риоя этилганда савдо-сотиқда шаръий ҳукм пайдо бўлади. Унинг ҳукми сотилган маҳсулотда олувчи учун эгаликнинг собит бўлиши, сотувчи учун эса, пулда эгаликнинг ҳосил бўлишидадир. Қачонки юзма-юз туриб савдо қилинган бўлса, иккинчи томоннинг розилигисиз улардан бири мазкур савдони буза олмайди. Бунинг далили қуйидагилардир:

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Эй мўминлар, ақдларга вафо қилинглар” “Моида” сураси 1 – оят”

Оятнинг зоҳирий маъносидан ақдга вафо қилиш лозим эканлиги тушунилмоқда. Маълумки, савдо ҳам ақднинг бир тури бўлиб, уни бузиб юбормаслик, айни пайтда ақдга вафо қилишликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Ислом динида ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар келтиришлик йўқ”                                                (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти)

Сотувчи ҳамда олувчи бўлган кишилар ўзаро саҳиҳ савдо қилишганларидан сўнг, бири иккинчисининг розилигисиз шартномани бузиб юборса, томонлардан бирига зарар келтириши мумкин. Исломда ўз биродарларига зарар келтириш йўқ. Шунингдек, маҳсулотлар айни жинсидан бўлмаса, савдони ўзаро келишган ҳолат (бартер) амалга ошириш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дейдилар  Убадата ибн Соматдан:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Тилло тиллони баробарига, кумуш кумушни баробарига, буғдой буғдойни баробарига, арпа арпа баробарида, хурмо хурмо баробарида, туз туз баробарида бир хил нарсада. Тенгма-тенг ва нақма-нақ, бас, агар бу синфлар ҳар хил бўлса (яъни жинси ҳар хил бўлса), агар нақма-нақ бўлса, қандай хоҳласаларингиз сотингар” (Муслим ривояти).

Демак, маҳсулотлар айни жинсидан бўлмаган пайтда, рибони кўриниш эҳтимоли ҳам бўлмагани учун, бирининг иккинчисидан ортиқ ёки кам бўлиб қолишининг зарари йўқдир. Нўъмон ибн Башир розиялллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўрлари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дийни ва обрўси учун поқланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап. Огоҳ бўлинглар! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Униннг ҳаром қилганларидир. Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир”, дедилар”.

Ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадисларидан ҳисобланади. Уламоларимиз “Бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун бу ҳадисни Исломнинг учдан бири, десак бўлади”, деганлар. Ва яна бир ҳадисда: Сунан эгалари келтирган ривоятда “Қарз устига савдо хам, бир савдода икки шарт ҳам, зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам, ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам ҳалол эмас”, дейилган

Ушбу ривоятда тўрт хил савдо ҳалол эмаслиги ҳақида сўз бормоқда:

  1. “Қарз устига савдо”. Бунда бир одам иккинчисига бир нарсани қарзга беради. Кейин эса ўша нарсанинг устига қўшимча нарх қўйиб, қарздорга сотади. Бундай савдода рибонинг шубҳаси бор бўлганлиги учун унга рухсат йўқ. Чунки Исломда қарздан фойда олиш мумкин эмас, бу сутхўрлик бўлади.
  2. “Бир савдода икки шарт” қўйиш ҳам ҳаром. Мисол учун, “Сенга ушбу кийимни сотдим, тикиб бериш ва бўяб бериш шарти билан”, деб бўлмайди. Фақат битта шарт қўйиш мумкин.
  3. “Зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам” ҳаром. Яъни, бир нарсани савдолашиб қўйиб, қўлига келмасидан туриб, уни бошқа одамга сотиб юбориш ҳам мумкин эмас. Чунки, бу одам ўртада ҳеч нарса қилмай, фойда кўрмоқда. Мол ҳали сотган одамнинг қўлида турибди. Агар унга бирор нарса бўлса ҳам қўлида турган зомин бўлади. Савдолашиб қўйиб, қўлига олмаган одам зомин бўлмайди. Демак, ўртадаги одам фақат фойда кўриши мумкин холос. Унинг зимммасига бирор масъулият тушмаяпти. У бировнинг нарсасини устига фойда қўйиб сотиб, даромад олган бўлади.
  4. “Ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам” ҳаром. Чунки аввал айтиб ўтганимиздек, харидорга бериш имкони бўлмаган нарсани сотиш йўқ нарсани сотиш билан баробардир.Аллоҳ таолонинг савдони шариатга киритиши, Қуръони каримда унинг ҳукмини баён қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни ҳаётга тадбиқ қилишлари ва кўплаб ҳадислар айтиб, йўл-йўриқлари кўрсатишлари бежиз эмас. Чунки савдо инсонларнинг бир-бирлари билан муомаларининг бу дунёдаги асосий жабҳаларидан бири ҳисобланади. У тўғри низомга солинмаса, инсон ҳаётини тартибга солиб бўлмайди.

 

Тошкент ислoм-институти

                                                                                4-курс 404-гурух талабаси

                                                                                Жиенмуратов Сардор

373930cookie-checkСавдода халоллик ва баракa
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: