Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва диний ташкилотларда илмий кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш, педагок-ўқитувчилар ҳамда илмий ходимларни илм-фан ва илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш, уларда илмий-тадқиқот ишлари билан мунтазам шуғулланиш кўникмасини шакллантириш мақсадида диний таълим муассасалари ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакиллари, туман-шаҳар бош имом-хатиблари учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан ҳар ойда бир маротаба ўқув-семинар машғулотларини ўтказиш режаси ишлаб чиқилди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти кафедраларидан 30 дан ортиқ ўқитувчилар мазкур онлайн ўқув-семинарида тангловчи сифатида ва шу билан бирга фан доктори илмий даражаси бор ўқитувчилар маърузачи сифатида иштирок этмоқдалар.
Навбатдаги семинар мушғулотида “Диссертация мавзуларини танлаш ва шакллантириш тартиблари” мавзусида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш IСЕSСО кафедраси профессори, тарих фанлари доктори Илҳомжон Бекмирзаев ва “Исломшунослик фанлари: Қуръоншунослик. Ҳадисшунослик ихтисослигида мавзуларни танлаш услублари. Ақида. Фиқҳ. Калом илми ихтисослигида мавзуларни шакллантириш” мавзусида эса, ЎзХИА ва ТИИ ўқитувчиси, Исломшунослик фанлари буйича фалсафа доктори (PhD) Ғайбуллаев Саидаҳмадхон маъруза қилди.
Илҳможон Бекмирзаев ўз маърузасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва имом-хатибларнинг PhD диссертациялари таёрлаш ва уни расмийлаштиришда ҳозирги кунги талаб ва долзарб масалаларига тўхталиб ўтди. Сўнги йиллар диний-маърифий соҳани ривожлантириш ва аждодлар илмий меросини ўрганишга катта аҳамият қаратилгани сабаб, ушбу соҳаларда янги-янги изланишлар, тадқиқотлар олиб бориш давр талаби эканини мисоллар билан изоҳлаб берди.
Иккинчи маърузачи Ғайбуллаев Саидаҳмадхон маърузаси давомида юртимиздаги ва хориждаги илмий марказларда Ислом илмлари, хусусан, Қуръоншунослик, ҳадисшунослик, Ислом ҳуқуқи – фиқҳ ва калом илмлари бўйича олиб борилаётган сўнги тадқиқотлар йўналишлари, улардаги ёндошувлар ва тенденциялар ҳақида маълумот бериб ўтди. Исломшунослик Янги Ўзбекистонда илмий тадқиқотларнинг алоҳида мустақил соҳаси бўлиб, улардаги ихтисосликлар бўйича мавзу танлашда эътибор қилиш лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди.
ТИИ Матбуот хизмати