islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ёшларнинг ахборот психологик хавфсизлигини таъминлаш, турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш: муаммо ва ечимлар”

Ёшларнинг мафкуравий иммунитетини янада ошириш, ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш, турли оқимларнинг ёт ғоялари таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган тадбирлар доирасида Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3та олий ва 10та ўрта махсус ислом таълим муасасалари барча профессор-ўқитувчилари ва талабаларини қамраб олувчи кенг масштабли онлайн илмий давра суҳбати ташкил этилди.

“Ёшларнинг ахборот психологик хавфсизлигини таъминлаш, турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қилишини олдини олиш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги тарғибот тадбирида ЎМИ раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Уйғун Ғафуров, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстермизмга қарши курашиш бош бошқармаси масъул ходими Абдумалик Каримов, Дин ишлари бўйича қўмита “Диншунослик экспертизаси” бўлими ходими Жамшид Алиев, ТИИ ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Кўкалдош мадрасаси мудири Муҳаммадамин Насриев иштирок этдилар.

Диний таълим муассасалари талабалари диний-маърифий соҳада қабул қилинаётган қонунлардан хабардор бўлиши, ҳуқуқий саводхонликларини ошириши, ёт ғоя тарафдорларининг кирдикорларидан огоҳ бўлиши ва диний фаолиятни қонун доирасида ташкил этишлари борасида етарлича билимларга эга бўлмоқлари лозим.

Бугунги кунда тоифачилик, мазҳабсизлик, мутаассиблик, экстремизм ва терроризм масаласи мусулмон дунёсидаги энг глобал муаммога айланиб бормоқда. Баъзи қўштироноқ ичидаги “мужтаҳиди мутлоқ”ларнинг амалга ошираётган ишлари ва гапираётган сўзлари жамият ичида турли фитна ва ихтилофларга сабаб бўлиб, натижада низо ва баҳсларни келтириб чиқармоқда.

Уларнинг амал ва “фатво”ларини бугунги кунда бутун Ислом уламолари қаттиқ қораламоқда. Маълумки, ахборот технологиялар ривожлангани сабабли, улар ўз тарғиботларини кенгайтириш учун оммавий ахборот воситалари, замонавий технологиялар, интернет каби глобал тармоқлардан максимал даражада фойдаланаётганлиги кишини ўйга толдиради. Чунки, ҳозирги кунда интернет тармоғи инсонлар, айниқса, ёшлар ҳаётининг асосий қисмига айланиб улгурган. Шу ва бошқа жиҳатларни эътиборга олиб, бу глобал муаммога қарши маънавий-маърифий кураш билан бир қаторда унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бундан мақсад фуқароларимизнинг бундай тоифалар сафига билиб-билмай қўшилиб қолишнинг олдини олишдан иборатдир.

Реал ҳаётимиздагидан кўра, виртуал ҳаётда кўпроқ одамлар билан дўст тутинамиз. Уларнинг аслида кимлиги, дўстлик таклиф қилишдан мақсади нелиги билан эса қизиқиш ҳаёлимизга ҳам келмайди. Бу эса бизнинг энг катта камчиликларимиздан биридир.

Илгарги одамларнинг минглаб-минглаб дўстлари, гуруҳдошлари, каналдошлари бўлмаган. Улар ўз маҳалласи, нари борса қўшни маҳалладаги танишлари билангина дўстлик риштасини боғлай олганлар холос. Биз эса бугун уйда ўтириб, сайёрамизнинг нариги нуқтасидаги одамга ўз сирларимизни очяпмиз, дардимизни айтиб ҳолимиздан шикоятлар қиляпмиз. Салафи солиҳлар ўгитларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги «дўстларимиз»нинг кимлиги билан жидий қизиқиб қўйсак, сирларимиз айниқса, шахсий маълумотларимизни кимлар билан бўлишаётганимизга аҳамият берсак фойдадан ҳоли бўлмас экан!

У.Ғафуров, М.Муҳаммадсиддиқов, А.Каримов ва Ж.Алиев  ўз нуқтларида ноқонуний тарзда диний таълим олиш, бериш, ноқонуний диний тарғибот, турли норасмий диний жамоалар таъсиридан огоҳ бўлиш, экспертизадан ўтказилмаган, ноқонуний диний адабиётлар, экстремизм, сепаратизм, ақидапарастлик, зўравонликни тарғиб этувчи аудио-видео маълумотларни сақламаслик ва тарқатмаслик бўйича зарур маълумотлар берди.

Материалларни қуйидаги мақсадларда тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга қонунан йўл қўйилмайди:

  • жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёхуд бошқа ҳолатларга кўра фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш ёки ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;
  • Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказишга даъват қилиш;
  • уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек, экстремизм, сепаратизм, диний ақидапарастлик ёки мутаассиблик билан йўғрилган ғояларни тарғиб қилиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;
  • диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;
  • динга эътиқод қилувчиларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;
  • фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;
  • давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш;
  • гиёҳванд воситалар, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
  • қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундаш.

Қонунга кўра, ноқонуний диний фаолият деб, диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланишга айтилади.

Ўзбекистон Республикасида дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти бир қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

 

Республикамизда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолият юритиши бўйича ҳуқуқий асосан яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 20 июндаги 263-сон, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон, “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2004 йил 1 мартдаги 99-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қонунга кўра, Вояга етмаганларни уларнинг хоҳиш-иродасига, ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг хоҳиш-иродасига зид тарзда диний ташкилотларга жалб этишга йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Диний ташкилотлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт. Диндан давлатга ва конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг фаолияти ман этилади.

Диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим. Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади.

Тошкент ислом институти талабалари битиргач, юртимизнинг турли ҳудудларидаги масжидларда имом-хатиб вазифасида фаолият юритадилар.

Ўз-ўзидан аёнки, улар диний-маърифий маъруза тайёрлайдилар, масжидда, оммавий ахборот воситалари ва интернетда, таълим муассасалари ва ташкилотларда ҳамда халқ маросим ва тадбирларида ваъз қиладилар. Шунингдек, долзарб мавзуларда китоб ёзиб, одамларнинг илмий-маърифий савиясини устирадилар. Бундай расмий фаолият диний мазмундаги материаллар орқали амалга оширилади.

Диний мазмундаги материаллар – дунёдаги турли динларнинг асослари, тарихи, мафкураси, таълимоти ва шарҳлари ҳамда маросимларини ўтказиш амалиётини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа босма нашрлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзмалари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар), ахборот ташувчи электрон жисмлар (дискетлар, CD, DVD дисклари, Интернет тармоғида жойлаштирилган материаллар ва шу кабилар).

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фақат давлат диншунослик экспертизаси ўтказилганидан кейин амалга оширилади.

Диншунослик экспертизаси – ваколатли орган томонидан материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун уларда амалдаги қонунчиликка зид элементлар, диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказиш.

Қонунчиликка кўра, диншунослик экспертизасини ўтказишга ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳисобланади.

Ҳафтанинг ҳар чоршанба ва пайшанба кунлари анъанавий тажвид дарслари доирасида Олий маъҳад қироат устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Валихон қори Азимбоев, Аҳмадхон қори Рашидов, Абдулбосит қори Қобилов каби машҳур қорилардан “Хатми Қуръон қиламиз” дастури орқали онлайн тарзда Қуръон ихлосмандлари сабоқ олмоқдалар.

Олий маъҳад катта устози, сийрат илмлари мутахассиси Абдулазим домла Зиёуддин ҳар сешанба куни “Сийрати Набавиядан онлайн суҳбат” уюштириб халқимизга Набий алайҳиссалом ҳақларида таҳқиқ ва тадқиқ қиланган билимлар бермоқдалар.

Аҳолининг фиқҳий саволларига жавоб бериш мақсадида Олий маъҳад фиқҳ фани катта устози Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов томонидан “Онлайн диний савол-жавоб” дастур ҳар жума оқшомида ЎМИ ва ТИИнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари жонли олиб борилади.

ТИИ Матбуот хизмати

 

 

375280cookie-check“Ёшларнинг ахборот психологик хавфсизлигини таъминлаш, турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш: муаммо ва ечимлар”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: