Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш жараёнида Хавфсизлик кенгаши таркибида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши кераклиги таъкидланди.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ироқ президенти Абдуллатиф Жамол Рашид, Ливия президент кенгаши Раиси Муҳаммад Юнус Ал-Манфи, Босния ва Герцеговина президиуми раиси Желька Цвиянович, шунингдек, Куба вице-президенти Сальвадор Меса, Габон вице-президенти Роз Рапонда, Танзания вице-президенти Филип Мпанго ҳамда Жазоир бош вазири Айман бин Абдураҳмон иштирок этди.
Халқаро ташкилотлар томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 77-сессияси раиси Чаба Кёрёши, БМТ бош котибининг ўринбосари Татьяна Валовая, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Хусрав Нозирий, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш бош котиби Қайрат Сарибай, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Ольга Алгаерова, Халқаро миграция ташкилоти бош директори Антонио Виторино, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гросси ва Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, COVID-19 коронавирус пандемияси оқибатларини енгиб ўтиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда пандемиядан кейинги глобал тикланиш даврида барқарор ривожланишнинг бошқа долзарб муаммолари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг оқибатларини ҳам ўз бошидан ўтказаётгани билан боғлиқ таҳдид ва хатарларни қайд этди.
«Бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдори экани таъкидланди.
Бу каби фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон президенти Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этди.
Пандемиядан кейинги даврда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётгани барчани жиддий ташвишга солаётгани таъкидлади. Бундан ташқари, Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳануз топилгани йўқ.
«Айниқса, сўнгги пайтларда барча давлатларда ўсиб бораётган терроризм ва экстремизмнинг хавф-хатарига қарши Ташкилот доирасида амалий алоқаларни кучайтириш тобора долзарб тус олаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ана шундай таҳликали вазиятда биз Қўшилмаслик ҳаракатини терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича умумий интилишларга етакчилик қилишга чақирамиз.
Ушбу жараёнда Ҳаракатга аъзо барча давлатларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришига қатъий ишонамиз.
Шунингдек, бу муаммоларни халқаро миқёсда самарали ҳал этиш ва тизимли мувофиқлаштиришда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихт́исослашган тузилмалари албатта асосий ролни бажариши лозим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш жараёнида, Хавфсизлик Кенгаши таркибида келгусида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши керак.
Шу ўринда афғон масаласи бўйича алгоритмни келишиш учун БМТ ҳузурида Халқаро музокаралар гуруҳини тузишга доир Ўзбекистон таклифини қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонаман.
Глобал кун тартибидаги яна бир муҳим масала – бу давом этаётган ва якуни ҳали кўринмаётган иқтисодий инқироз асоратларини юмшатишдир.
Барчамиз жаҳон савдо алоқалари заифлашуви, саноат ва логистика занжирлари узилишининг салбий таъсирини яқиндан бевосита ҳис қиляпмиз.
Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва энергетика ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тизимлари учун жиддий синов бўлмоқда.
Минг афсуски, бундай қийин вазиятда энг катта оғирлик ва салбий таъсир, аввало, айнан ривожланаётган давлатлар зиммасига тушмоқда.
Шуни таъкидламоқчиманки, бугунги саммит каби нуфузли анжуманлар биринчи навбатда ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва йирик лойиҳаларни илгари суриш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериши лозим.
Бу хайрли режани амалга ошириш мақсадида, Ташкилотимиз саммитлари арафасида Қўшилмаслик ҳаракати Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиб боришни таклиф этаман.
Ишончим комилки, бундай муҳим тадбирлар инновациялар, замонавий билим ва илғор технологиялар алмашувини жадаллаштиришга, умуман олганда, тўртинчи саноат инқилоби, хусусан ақлли иқтисодиётни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади», деди давлат раҳбари.
Пандемиянинг салбий таъсирини, биринчи галда, ўсиб келаётган ёшлар ҳис қилаётгани айтиб ўтилди.
«Уларнинг сифатли таълим ва профес-сионал билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари кескин камаймоқда.
Энг ёмони, ёш авлоднинг келгусида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишига бўлган ишончи ва қатъияти сусаймоқда.
Шунингдек, минглаб ёшларнинг онгу тафаккурига бузғунчи ва радикал мафкуралар таъсири ҳам тобора кучаймоқда.
Биз ўтган йили Тошкент шаҳрида бу масалалар ечимига қаратилган, ёшлар таълими ва тарбиясига бағишланган иккинчи глобал конференцияни ўтказдик.
Бу борада сиёсат ва режаларимизни уйғунлаштириш, тўплаган тажриба-ларимиз билан ўртоқлашиш мақсадида Ҳаракатимиз Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити”ни келгуси йил жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган кўҳна Самарқандда ташкил этиш ниятидамиз», деди Ўзбекистон раҳбари.
Саммитда билдирилган барча фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар халқларимизнинг умумий равнақи ва фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирилди.