Маълумки, ислом шариатида умра амалларида оддий ҳаётимиздан фарқли ўлароқ айрим ишларни қилиш талаб этилса, баъзи бир ишлардан сақланиш лозим бўлади. Ана ўша қайтарилган ишларни қилиб қўйиш оқибатида, унинг жазоси сифатида айрим ҳолларда жонлиқ сўйиш лозим бўлса, баъзи ўринларда садақа қилиш кифоя қилади. Умрага отланган ҳар бир шахс, хусусан бўлажак ҳожи ота ва ҳожи оналарга бош бўлиб кетаётган имом хатиблар юқорида айтилган масалалаларни мукаммал ўзлаштирган бўлишлари талаб этилади.
Ана шу мақсадда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Март – Этиқод мусаффолиги” ойлиги муносабати билан “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Қудратулллоҳ Сидиқметов домла томонидан Модуль таълим тизимида таҳсил олаётган имом хатибларга “Умра амалларида бажариши лозим бўлган ишлар ҳамда унда учрайдиган турли жиноятлар” мавзусида илмий давра суҳбати ўтказилди.
Аввало умра амаллари эҳромга киришдан бошланади. Инсон эҳромга кирганидан сўнг турли хушбўйликларни ишлатиши ман қилинган. Умрага эҳром боғлаган киши биринчи бўлиб Каъбани тавоф қилишдан бошлайди. Тавоф қилаётган киши таҳоратли бўлиши лозим. Агар жунуб ҳолда тавоф қилиб қўйган бўлса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Таҳоратсиз ҳолда тавоф қилинган бўлса, унда садақа қилиш керак бўлади.
Каъбани тавоф қилиб бўлганидан сўнг Сафо ва Марвада саъй қилиш амали бажарилади. Бу амалларнинг ҳам ўзига яраша тартиб қоидалари ва белгиланган миқдорлари бор. Сафо ва Марва орасида етти марта сайъ қилинади. Агар шу сайълар етти мартадан оз бўлиб қоладиган бўлса, ҳар бир сайъ учун садақа вожиб бўлади. Агар сайълар сони тўрттадан камайиб кетган бўлса, унда сайъ амали бажарилмаган бўлади.
Сафо ва Марвада сайъ қилиб бўлганидан сўнг соч олдириш ёки қисқартириш орқали умра амали охирига етади. Умра қилган киши сочларини қирдириши қисқартишидан афзалдир. Агар бошнинг тўртдан биридан кам қисмидаги сочинигина қирдирса, жоиз эмас. Агар тўртдан бир миқдорича қирдирса, кароҳат билан жоиздир. Агар қисқартирса, бошнинг барча жойидан бармоқнинг бир бўғини миқдорича узунликда кесиб ташлайди. Бунда ҳам бошнинг тўртдан биридан кам қисми бўлмаслиги лозим. Аёллар эса сочларини олдиришмайди, балки учидан бир бармоқ миқдорича қисқартирадилар.
ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
ўқитувчиси Ғофуров Илҳомжон