Ният бошқа барча ибодатлар каби рўзанинг ҳам дуруст бўлиш шартларидан (балки уларнинг асосийларидан) бири ҳисобланади. Зеро, шу билан одатлар ибодатларга айланади. Рўзага ният қилиш қалбни шу нарсага жазм қилишидан иборат. Аммо, машойихларимиз уни қалбга тугиш билан бир қаторда талаффуз қилишни ҳам хуш кўриб, мустаҳаб санаганлар.
Рўзанинг нияти рўзанинг иш бериши учун ўша ниятда бардавом қолиш шарт қилинади. Агар тунда эртага рўза тутиш нияти билан ётиб, фажр киришидан олдин масалан, ниятидан қайтса, рўзадор ҳисобланмайди. Аммо, ният қилиб олиш дуруст бўлган маҳалгача (наҳори шаръий – шаръий кундузнинг биринчи ярмидан олдин) яна рўза ниятига қайтса, рўзаси дуруст бўлади.
“Шаръий кундуз”нинг биринчи ярмидан олдин қилинган ният билан Рамазон рўзасининг вақтийсини ҳам қазосини ҳам тутиш саҳиҳ бўлади. “Шаръий кундуз” деганда бомдод вақтидан қуёш ботгунгача бўлган вақт оралиғи тушунилади. Унинг ярми эса “الضحوة الكبرى” “аз-зоҳвату-л-кубро” (катта чошгоҳ) вақти кирганда бўлади. Бу эса пешин вақти киришидан тақрибан бир соат олдинги вақт ҳисобланади. Мисол учун, дейликки, пешин соат 12:30 да кирса “катта чошгоҳ” 11:30 да киради. Демак, наҳори шаръийнинг ярми соат 11:30 ларда кирган бўлади.
Мана шу вақт киргунча ният қилиб олса, нияти дуруст бўлади. Фақат, ниятда рўзани “фажрдан бошлаб” дея ният қилиши шарт. Шунинг учун ҳам уламоларимиз томонидан таклиф қилинган талаффузли ният матнларида “минал-фажри илал-мағриб” деган жойи бежиз эмас. Шу билан бир қаторда катта чошгоҳ киргунча қилинган ният дуруст бўлиши учун бу вақтга қадар хоҳ унутиб, хоҳ унутмай еб-ичиш, жимоъ қилиш каби рўзага хилоф бўлган ишлар содир бўлмаган бўлиши шарт. Акс ҳолда рўзаси дуруст бўлмайди.
Агар рўзага ният қилганда (фажрдан эмас балки) «ният қилган вақтимдан бошлаб» деб ният қилса ва шу ниятни қилаётганда фажр вақти аллақачон кириб бўлган бўлса, рўзаси рўза бўлмайди.
Рамазон рўзасини нафл нияти билан ҳам, (рўза тутишни ният қилдим каби) мутлақ ният билан ҳам тутиш мумкин, шунингдек, бошқа бир вожиб рўза нияти билан тутса ҳам Рамазон рўзасидан ўтаверади. Аммо мусофир ва касаллар бошқа вожиб ниятида Рамазон рўзасини тута олмайдилар. Рамазони шариф ойининг аввалида “шу ой рўза тутаман”, деб умумий ният қилган кишининг рўзаси жоиздир. Ҳар саҳарликда алоҳида ният қилмаса ҳам рўзаси дуруст бўлаверади.
Рамазонда саҳарлик қилишнинг ўзи ҳам ният ҳисобланади. Чунки, саҳарлик қилиб, эртасига шомгача нарса емай юрадиган мусулмон одамнинг рўзага ният қилмаслиги амри маҳол нарса. Ундан ташқари, ният қалбда бирор амалга нисбатан жазм пайдо бўлишидир. Унинг ёнига амал ҳам қўшилса ният амалга ошган бўлади.
Амални Аллоҳнинг изну иродасига ҳавола қилиш яъни «иншоаллоҳ» сўзи билан ният йўққа чиқиб қолмайди. Масалан, тунда «эртага иншоаллоҳ рўза тутаман» деса, нияти дуруст бўлаверади. Чунки, мусулмон киши бу сўз билан ҳақиқий маънодаги истиснони эмас, балки, Аллоҳдан тавфиқ ва ёрдам сўрашни қасд қилади.
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов