islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Оиша онамиз фазилатлари

Оиша онамиз хушрўй бўлганлиги учун Пайғамбар алайҳиссалом баъзан уни Ҳумайро деб чақирарди.

Бир куни эр-хотин пойга ўйнадилар – Оиша онамиз ёш ва чаққон эди, у Пайғамбар алайҳиссаломдан ўзиб кетганди, орадан бир мунча вақт ўтгач, улар яна мусобақалашдилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом уни ўйинда енгди ва кулиб: “Олдинги билан биру бир бўлди!”, деди.

Оиша онамиз ва Пайғамбар алайҳиссалом ўрталарида фарзанд бўлмаган. Улар қарийб ўн йил эр-хотин бўлиб яшадилар, лекин фарзанд кўрмадилар. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон Оиша онамизни айбламаганлар. Оиша онамиз ҳам ўз ҳолидан шикоят қилмай, Қодир Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб бу дунёдан ўтдилар.

Оиша онамиз жуда ақлли, зийрак ва илмли аёл эди. У Пайғамбар алайҳиссалом хотинлари ичида энг кичиги ва энг қобилиятлиси эди, шунинг учун у ҳаётда учраган турли диний масалаларга жавоб берарди, бошқа аёлларга илм ўргатар эди.

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг рафиқаси бу ҳақда шундай деган: “Агар бирон бир ҳадисга тушунмасак, биз Оишадан сўрардик ва у бизга тушунтириб берарди”.

Оиша онамиз жами 2210 та ҳадис ривоят қилган ва ҳадис илмида энг асосий бешта ровийлардан бири ҳисобланади.

Оиша онамиз тиббиёт билимдони ҳам эди.

Жияни Урва Ибн Зубайр ундан касалликларни даволаш сирларини қаердан ўрганганини сўраганида:

“Пайғамбар алайҳиссалом умрининг охирларида кўп касал бўлдилар. Айнан ўша пайтда У зотнинг ҳузурларига турли жойлардан дин ва давлат масалалари бўйича меҳмонлар ташриф буюришарди. Улар ўзлари билан олиб келган турли хил дори-дармон ва тиббий воситаларни тавсифлаб беришар ва улардан қандай фойдаланиш лозимлигини айтишарди. Мен тиббий маълумотларни мана шу тарзда ўрганганман”, деб жавоб берди.

Оиша онамизга бир гуруҳ фитначилар зинокорликда айблаб туҳмат қилишганда, у ажойиб тарзда сабр қилди ва Аллоҳ таолонинг Ўзи онамизни пок эканлиги тўғрисида оят тушириб уни оқлади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотидан кейин унга келиб тушган маблағ ва ҳадяларнинг барчасини хайр-эҳсон сифатида тарқатиб, ўзлари жудда оддий ҳаёт кечириб бу дунёдан ўтдилар.

Оиша онамиз милодий 678, ҳижрий 58 йили Рамазоннинг 7-кунида вафот этдилар. Жаноза намозини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўқиди ва синглиси Асмонинг ўғли Урва ибн Зубайр уни қабрга қўйдилар. Қабрлари Мадинадаги Жаннатул Бақий қабристонида.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

386250cookie-checkОиша онамиз фазилатлари
2 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: