Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Сўнгра биз сизлар учун у (сув) билан хурмо ва узум боғларини барпо қилдик. Сизлар учун у (боғ)ларда кўп мевалар бор ва сизлар улардан ейсиз. Яна (Биз сизлар учун) Тури Сийно (тоғи) дан чиқадиган ёғ ва егувчилар нонхўриш ҳолда ўсадиган бир дарахтни (зайтунни) яратдик” (Мўминун сураси, 19-20-оятлар).
“Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан. Тури Синийн (тоғи) билан. Мана шу тинч ва осойишта шаҳар (Макка) биланки, ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тийн сураси, 1-4-оятлар).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зайтунни таомга қўшиб енглар, унинг ёғи билан баданингизни ёғланг, муборак дарахтдандир”, деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа, Ҳоким ривоятлари).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар зайтундан фойдаланинг, уни енглар ва баданингизни ёғланг, албатта у қичима касалликларида фойда беради” (Имом Термизий ривояти).
Зайтун:
-Қон томирлари деворини мустаҳкамлайди;
-Иммунитетни тиклайди;
-Жароҳатлар битишини тезлаштиради;
-Кўзни равшанлаштиради;
-Юрак фалажи ва хуружини олдини олади;
-Кексалар юраги фаолиятини яхшилайди;
-Артерия қон томирларини эгилувчан қилади;
-Юракнинг ўнг ва чап бўлмалари пульсининг кўтарилишидаги қон босимини пасайтиради;
-Қондаги холестерин миқдорини меъёрида ушлаб туради;
-Овқат ҳазм қилишни яхшилайди;
-Ошқозон, ичаклар, ошқозон ости бези, жигар фаолиятини яхшилайди;
-Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичакдаги яраларни тузатади, ич келишини равон қилади;
-Стенокардия, инфаркт, саратон, хусусан аёллардаги кўкрак саратонини олдини олади;
-Қандли диабет, семириш касалликлари хавфини камайтиради;
-Ёғи инсоннинг ёш, навқирон кўринишига кўмаклашади;
-Ёғидаги моддалар қондаги заҳарли триглицирид-ортиқча ёғ миқдори ошиб кетишига йўл қўймайди;
-Суякни мустаҳкамлайди;
-Юқори артериал қон босимини меъёрлаштиради;
-Бавосир-геморрой касаллигини даволайди;
-Руҳий касалликларнинг олдини олади;
-Тушкунликни бартараф этади;
-Мия фаолиятини ривожлантиради, хотирани кучайтиради.
-Ёғи мия фаолияти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этади;
-Қариликни секинлаштиради;
-Ёғини терига суртилса, уни нафис қилади, у лабга, қовоқларга суркаб турилса, кўркам қилади;
-Соч, тирноқ ўсишига ижобий таъсир кўрсатади;
-Сочларни мустаҳкам, эгилувчан қилади;
-Ёғини исътемол қилиш ўта қуруқ терини мулойимлаштиради;
-Овозни майинлаштиради;
-Тиш ва милкни мустаҳкамлайди.
Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота”
жоме масжиди имом-хатиби
Мансуржон Бобоев