Рамазон ойи тугаб бормоқда. Рамазон рўзаси орқали Аллоҳнинг фазилатга бой неъматларига эга бўлмоқдамиз. Рамазонни тугатар эканмиз, ой давомида қандай барака ва фойдаларга ноил бўлганимизни Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазони шариф фазилати ва рўзадорларга ваъда этилган савоблар ҳақида айтган кўплаб ҳадисларини ўқиб, билиб оламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Жаннатда саккизта эшик бор. Улардан бири “Раййон” деб номланган. Ундан фақатгина рўзадорлар киради” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, Ул зот айтардилар:
“Жаннатда бир эшик бор, уни “Раййон” дейилади. Қиёмат куни бўлганда “Рўзадорлар қани”, дейилади. Жаннатга киришгач эшиклар қулфланади. Бас, у ерда сув ичишади. Ким унинг сувидан ичса асло ташналик кўрмайди”. (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади. Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила савоб умидида кечалари (намозда) қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади. Кимки қадр кечасида иймон ва ихлос ила савоб умидида қоим турса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Одам боласининг ҳар бир яхши амалига ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб берилиши мумкин. Аллоҳ айтадики: илло, рўза бундан мустаснодир. Чунки рўза Мен учун ва унга Ўзим ажр бераман. Рўзадор Мени деб шаҳвати ва таомидан воз кечади. Рўзадорга икки марта шодлик бор. Бири ифторлик чоғида, иккинчиси Роббисига йўлиққан чоғда. Шубҳасизки, рўзадорнинг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳнинг наздида мушки анбарнинг хушбўйидан ҳам яхшироқдир. Рўза қўрғондир. Қайси бирингиз рўза тутган бўлса, бировни ҳақоратламасин ва овозини кўтариб бақирмасин. Уни биров сўкса ё урушса, унга: “мен рўздорман”, десин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Рамазон ойининг биринчи кечаси кириши билан шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Жаҳаннам эшиклари беркилади, бирортаси ҳам очилмайди. Жаннат эшиклари ланг очилади, бирорта ҳам эшик ёпилмайди. Махсус жарчи: ҳой яхшилик истаганлар, келинг! Ҳой ёмонлик истаганлар ўзингизни тийинг! – деб жар сола бошлайди. Ва бу ойда Аллоҳ кўплаб одамларни дўзахдан озод қилади. Озодлик ҳар кечада бўлади” (Имом Термизий, ибн Можа ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Сизларга муборак ой – Рамазон келди. Унинг рўзасини Аллоҳ фарз қилган. Бу ойда само эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, Шайтон малайлари боғланади. Бу ойда Аллоҳнинг бир кечаси борки, у минг ойдан кўра яхшироқ. Ким бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан қуруқ қолибди” (Имом Аҳмад, Насаий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Рўза ва Қуръон бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “Эй Роббим, мен уни кундузи таомланиш ва шаҳвоний эҳтиёжларини қондиришдан ман қилганман, бас, уни шафоат қилишимга изн бер”. Қуръон айтади: “Эй Роббим, мен уни кечаси ухлашдан ман қилганман, бас, уни шафоат қилишимга изн бер”. Уларнинг талаби қондирилади ва шафоат изни берилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у айтди: Рамазон кирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Сизларга бу (улуғ ва баракотли) ой келди! Унда минг ойдан кўра хайрлироқ бир кеча бор! Ким у кечани қўлдан бой берса, барча яхшиликлардан қуруқ қолибди! Рамазон яхшиликларидан фақат бахтсизларгина қуруқ қолади!” (Ибн Можа ривояти).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шаъбон ойининг охирги куни мавъиза қилиб:
“Ҳой одамлар! Сизларга улуғ, баракали ой соя солиб турибди. У шундай ойки, унда минг ойдан кўра самаралироқ бир кеча бор. Аллоҳ у ойда кундузи рўза тутишни фарз, кечалари қоим туришни нафл қилди. Ким бу ойда бир яхши хислат билан Худога яқинлашса бошқа ойларда бир фарзни адо этгандек бўлади, кимки бу ойда бир фарзни адо этса, бошқа ойларда етмишта фарзни адо этган даражада кўп савобга эга бўлади. Бу сабр ойидир, сабрнинг ажри эса жаннатдир. Бу ўзаро ҳиссадорлик, шерикчилик қилинадиган ойдир. Унда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Ким бу ойда бир рўзадорга ифтор қилиб берса, гуноҳлари кечирилади, жаҳаннамдан озод бўлади ва ўша рўзадорга берилган ажр мислича ажрга эга ҳам бўлади”, дедилар.
Биз: Эй Расулуллоҳ, ҳаммамиз ҳам ифтор қилиб беришга қодир эмасизку?! – дедик . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳ таоло рўздаорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ва ёки бир қултум сув бериб ифтор қилдирганга ҳам ўша савобни бераверади. Агар кимки бир рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ уни менинг хавзимдан сув ичиради ва у то жаннатга киргунча қайта ташна бўлмайди. Бу шундай ойки, унинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири жаҳаннамда озодликдир. Кимки бу ойда қўл остидаги қулига енгиллик қилса, Аллоҳ уни кечиради ва дўзахдан халос қилади” — деб жавоб бердилар (Имом Байҳақий, Ибн Хузайма ривояти).
Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани
“Ўтовли Эшон” мaсжиди имом-хатиби
Шермуҳаммад Болтаев
Ассалому алейкум жуда хам керакли маьлумотлар олдим!Барака топинг Оллох рози булсин!