АШ-ШОШИЙ – «Шош» деган жойга нисбат берилган. Айрим манбаларда «Шош» Сайхун дарёси ортидаги қишлоқнинг номи (қадимда ҳозирги Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудуди «Шош» номи билан аталган). Шу жойга нисбат берилган машҳур уламолар:
Ҳорун аш-Шоший (ваф. 266 ҳ.й.)
(Абу Мусо) Ҳорун ибн Ҳамид аш-Шоший. У Абулвалид ва Сулаймон ибн Ҳарблардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса кўпчилик уламолар ҳадис ривоят қилган. У фиқҳ илмида “фақиҳул бадан” (“фақиҳул нафс” фиқҳ илмини чуқур эгаллаб, шаръий ҳукмларни чиқаришда ўзига хос услубга эга бўлган фақиҳларни нисбатан шундай унвон берилган) унвони соҳиби бўлган.
Ал-Фазл аш-Шоший (ваф. 286 ҳ.й.)
(Абу Али) ал-Фазл ибн ал-Аббос ибн Абу Авона аш-Шоший — Абдуллоҳ акасининг ўғли бўлган. Марв ва Ироққа сафар қилган. У уламолардан, ундан эса бошқалар ривоят қилганлар.
Жаъфар аш-Шоший (ваф. 287 ҳ.й.)
Жаъфар аш-Шоший (Абу Муҳаммад) Жаъфар ибн Шуъайб Абу Муҳаммад аш-Шоший. Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Юсуф ат-Тамомий каби машҳур муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Нишопурда яшаган ва ўша ерда одамларга ҳадис ўқиб берган. Бир вақт Бағдодда ҳам истиқомат қилган. Шошда вафот этган.
Али аш-Шоший (ваф. 314/926 й.)
(Абулҳасан) Али ибн ал-Ҳожиб иби Жунайд аш-Шоший, айтишларича унинг исми (Абу Али) ал-Хасан ибн Соҳиб ибн Ҳумайд аш-Шоший деб ҳам аталган. Илм талабида сафар қилиб, Хуросон, Ироқ, Ҳижоз ва Шомга борган. У уламолардан, ундан эса бошқалар ривоят қилганлар. Шошда вафот этган. Асарлари: «ал-Иршод» («Раҳнамолик қилиш»).
Исҳоқ аш-Шоший (ваф. 325/937 й.)
(Абу Яъқуб) Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Хуросоний аш-Шоший, ал-Ҳанафий -фақиҳ бўлган. Шош воҳасидан Мисрга кўчиб ўтган, у ерда баъзи ишларда қозилик қилган ва ўша ерда вафот этган. Унинг асарларидан: «Китобу усулил-фиқҳ» [«Усул ал-фиқҳ китоби», ушбу асар «Усулу-ш-Шоший» («Шоший усули») номи билан ҳам аталган].
Муҳаммад аш-Шоший (291-366/904-976)
(Абу Бакр) Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший -тафсир, ҳадис ва фиқхда нуфузли имомлардаи бири бўлган. Шофиъий мазҳабида бўлган ва ўз диёрида оммани шу мазҳабга жалб қилган. Муҳаддис, фақиҳ, муфассир, усулчи, тилшунос ва шоир бўлган. Шошда туғилган ва илм йўлида кўп сафарлар қилган. Дамашқ, Ироқ ва Хуросонда ҳадис тинглаган. Мовароуннаҳрда шофиъий мазҳабини ёйган. У уламолардан, ундан эса бошқалар ривоят қилганлар. Шошда зулҳижжа ойида вафот этган. Асарлари: «Китоб фи ycулy-л-фиқҳ» («Усул ал-фиқх, китоби»), «Шарҳу-р-рисола ли-ш-Шофиъий» («Шофиъий рисоласига шарҳ»), «ат-Тақриб» («Ўзлаштириш», 6жилдда), «Китоб фи маҳосини-ш-шаръия» («Шаръий фазилатлар ҳақидаги китоб»), «ал-Фатово» («Фатволар»), «Адабу-л-қозий ала мазхаби-ш-шофиъий» («Шофиъий мазҳабидаги қозининг одоби»).
Ал-Қосим аш-Шоший (ваф. 400/1010 й.)
(Абулҳусайн) ал-Қосим ибн Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший, аш-Шофиъий – фақиҳ бўлган. Асарлари: «ат-Тақриб фи шарҳи мухтасарил-Музний фи фуруъил-фиқҳ» («Фуруъ ал-фикҳ ҳақида Музний таълиф этган мухтасар асар шарҳига ўзлаштириш»)
Муҳаммад аш-Шоший (397-485/1007-1092)
(Абу Бакр) Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид аш-Шоший, аш-Шофиъий — фақиҳ бўлган. Шошда туғилган ва Ғазнага кўчиб ўтган. Сўнгра Низомулмулк уни Ҳиротга чақириб олган. 6 шавволда вафот этган. Бир қанча асарлари бўлган.
Муҳаммад аш-Шоший (429-507/1037-1114)
(Абу Бакр) Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Умар аш-Шоший, ат-Туркий, аш-Шофиъий – «ал-Мустазҳирий» номи билан танилган фақиҳ. Муҳаррам ойи Маёфориқинда туғилган. Сўнгра Бағдодга келган. Бир жамоа талабалар ундан таълим олиб, камолот касб этган. Низомия мадрасадида ўқув билан боғлиқ ишларни бошқарган. Шаввол ойи Бағдодда вафот этган. У Шайх Абу Исҳоқ аш-Шерозий қабрининг ёнига дафн этилган. Асарлари: «Ҳилятул-уламо фи мазоҳибил-фуқаҳо» («Фақиҳларнинг мазҳаблари ҳақида уламоларнинг зийнати», муаллиф уни халифа ал-Мустазҳирга бағишлаб ёзган ва «ал-Мустазҳирий» деб номлаган, 2 жилдли), «Шарҳу мухтасарил-Музний» («Музнийнинг мухтасарига шарҳ», муаллиф уни «аш-Шофий фи шарҳил-комил» деб номлаган, 20 катта жилдда), «ат-Тарғиб» {«Тарғиб»), «ал-Умда» {«Таянч»), «ал-Муьтамид» («Ишончли манба»).
Абдулжаббор аш-Шоший (477-553/1084-1158)
(Абу Муҳаммад) Абдулжаббор ибн Абдулжаббор ибн Муҳаммад аш-Шобитий, ал -Харқий, аш-Шоший, аш-Шофиъий — фақиҳ, тарихчи, муҳаддис ва бир қанча илмлар соҳиби бўлган. Марвнинг Харқ қишлоғида рабиъу-л-аввал ойида туғилган. Кўп ҳадис тинглаган. «Ийд ал-фитр» (Рамазон ҳайити) куни Марвда вафот этган. Асарлари: «Тариху Марв» («Марв тарихи»), «Фазоилу-л-авқот» («Замонанинг фазилатлари»), «Мунтаҳийу-л-идрок фи тақсими-л-афлок» («Коинотнинг қисмларга бўлинишини идрок этишнинг чекланганлиги»).
Муҳаммад аш-Шоший (781/1379 йилда ҳаёт бўлган)
(Шамсуддин) Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Хоразмий, ал-Фаробий, аш-Шоший, ал-Ҳанафий. Асарлари: «Шарҳу-р-рисолати-л-хамсина фи усул ли Фахриддин ар-Розий» («Фахруддин ар-Розийнинг дин асослари ҳақидаги эллигинчи рисоласига шарҳ», муаллиф ушбу асарни 781 ҳ.й.да ёзиб тугатган).
Убайдуллоҳ аш-Шоший (ваф. 895/1490 й.)
Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Аҳмад аш-Шоший, ас-Самарқандий, ан-Нақшбандий — «ал-Аҳрор» лақабли суфий бўлган. Рабиъу-л-аввал ойида Кушон қишлоғида вафот этган ва Самарқандда дафн этилган. Асарлари: «Рисолаи волидия» («Отага аталган рисола»), «Фақароту-л-орифийн» («Орифлар ҳаётидан лавхалар»), «Рисола-и ҳавроия» («Ҳурлар ҳақида рисола»), «Анфоси нафиса» («Дурдона сўзлар»), «ал-Урва ал-вусқо ли арбоби-л-иртиқо» («Тадрижий тараққиёт арбобларининг мустаҳкам ришталари»), «Анису-с-соликийн фит-тасаввуф» («Тасаввуф ҳақида солиҳларнинг сухбатдош дўсти»).
Муҳаммад аш-Шоший (ваф. 980/1572 й.)
(Камолуддин) Муҳаммад аш-Шоший, ал-Фаркандий, ат-Тошкандий, ал-Ҳанафий, ан-Нақшбандий – муфассир бўлган. Асарлари: «Ҳошия ала тафсири-л-Байзовий» («Байзовий тафсирига ҳошия-изоҳ»).
ТИИ, илмий тадқиқот фаолиятини
ташкил этиш бўлими бошлиғи
Маъмуржон Эркаев