أبو مسعود الدمشقي
(? – 401/1010)
Муҳаддис, ҳадис ҳофизи
Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Убайд Абу Масъуд Димашқий. Дамашқ шаҳридан чиққан ва илм олиш учун турли ўлкаларга сафар қилган муҳаддислардан бири. Ушбу сафар асносида Бағдод, Кўфа, Басра, Восит, Аҳвоз, Асбаҳон ва Хуросон шаҳарларига келиб у ердаги олимлардан ҳадис илмини ўрганган. Хусусан, Бағдод шаҳрида Абу Шуайб Ҳарронийнинг шогирдларидан, Муҳаммад ибн Яҳё Марвазий, Қози Ювуф ибн Яъқуб, Жаъфар Фирёбийдан, Кўфа шаҳрида Абу Жаъфар Матиннинг шогирдари ва Абу Ҳусайн Водиъийдан, Басра шаҳрида Абу Халифа Жумаҳийнинг шогирдларидан, Восит шаҳрида Абу Муҳаммад ибн Сақодан, Аҳвоз шаҳрида Аҳмад ибн Абдон Шерозийдан, Асбаҳон шаҳрида Абу Бакр ибн Муқриъдан, Хуросонда Ҳасан ибн Суфённинг шогирдлари, Абу Бакр ибн Хузайма, Муҳаммад ибн Исҳоқ Сирож каби ўз даврининг катта олимлардан ҳадис илмини ўрганган.
Илм сафарларининг ниҳоясида Бағдод шаҳрини ватан тутган ва бу ерда умрининг охиригача кўплаб шогирдларга ҳадис илмидан дарс берган. Хусусан, Абу Зарр Ҳиравий, Ҳамза ибн Юсуф Саҳмий, Абул Ҳасан Атиқий, Абул Қосим Лолакоий каби олимлар А.М.Д.нинг шогирдлари ҳисобланади.
А.М.Д.ростгўй, диёнатли, тақводор, фаҳми ўткир инсон эди. Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларини ўрганишга катта эътибор берган.
Ундан бизгача ҳадис илмига оид иккита қимматли китоби етиб келган. Улар: “Атроф-ус-саҳиҳайн” (Икки саҳиҳ китобдаги ҳадисларнинг бир тарафи) ва “ал-Ажвиба амма ашкал-аш-шайх-уд-Дорақутний ала саҳиҳ Муслим ибн Ҳажжож” (Муслим ибн Ҳажжожнинг “Саҳиҳ” китоби борасида Шайх Дорақутнийга тушунарсиз бўлган нарсаларга жавоблар).
Абу Бакр Хатиб Бағдодийнинг ривоят қилишига кўра А.М.Д. 401/1010 йил ражаб ойида Бағдод шаҳрида вафот этган. Унинг жанозасини васиятига кўра Абу Ҳомид Исфиройиний ўқиган. Бағдоддаги “Жомеъул Мансур” қабристонига дафн этилган.
Заҳабийнинг сўзига кўра А.М.Д. ўрганган илмларининг барчасини шогирдларига етказишга улгурмай навқирон ёшда вафот этган.
Ибн Асокир, Хатиб Бағдодий, Ибн Касир, Заҳабий каби тарожим фани олимлари А.М.Д.ни ўз китобларида зикр қилиб, ижобий фикрларни билдирганлар.
Ад. Аз-Заҳабий. Сийар. Муассасат ар-рисола. 1982. XVII, 229. Ибн Асокир. Тарих мадина Димашқ. Дор ал-Фикр. 1995. VII, 199-201. Хатиб Бағдодий. Тарих Бағдод. Дор ал-ғарб ал-исломий. 2001. VII, 112. Ибн Касир. Ал-Бидоя ван-ниҳоя. 1998. Ҳижр лит-тибоъа ван-нашр. XV, 533. Ибн Жавзий. Ал-Мунтазам фи тарих-ил-мулук вал-умам. Дор-ул-кутуб ал-илмия. 1995. XIV, 78.
ТИИ, “Ҳадис ва ислом тариҳи фанлари”
кафедраси ўқитувчиси Махсумхонов Рахматхон