Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор М.М.Муҳаммадсиддиқов Қашқадарё вилоятига хизмат сафари давомида Китоб шаҳрида жойлашган Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Тошкент ислом институти ректори билим юрти мутасаддилари ҳамда талабалари билан суҳбатда бўлди.
Учрашувда ТИИ ректори билим юрт шарт – шароитлари билан танишиб, талабалар билан ўқув жараёнлари ҳақида суҳбатлашди ҳамда талабаларнинг фикр – мулоҳазалари тингланди.
Мадраса ҳақида: Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юртига 1992 йил асос солинди. Билим юртига Саид Аҳмад Вали Кулоҳдўз Хожа Бухорийнинг номи берилган. У зот Баҳоуддин Нақшбанднинг замондоши ва яқин қариндоши бўлиб, Китоб шаҳрида яшаб ижод этган улуғ алломалардандир. Билим юрти биноси икки қаватли бўлиб, 120 ўринга мўлжалланган. Бундан ташқари, икки қаватли ётоқхона ҳам талабалар хизматида. Ёшларнинг ислом динини чуқурроқ ўрганишга бўлган талабини қондиришда мазкур билим юрти алоҳида ўрин тутади. Талабалар ҳар томонлама билим олишлари, замон талабига жавоб бера оладиган, ўз касбий йўналишларини пухта эгаллаган мутахассис бўлишлари учун барча шароитлар етарли.
Талабаларга тажвид, тафсир, ҳадис, фиқҳ, муховара (сўзлашиш), наҳв каби мутахассислик фанлари бўйича олий маълумотли етук мутахассис сабоқ беради. Ўқувчилар араб тилида сўзлашув услуби, инглиз тили фанлари учун алоҳида жиҳозланган замонавий фан кабинетларида билимларини мустаҳкамлайдилар. Талабаларнинг кундалик янгиликлардан хабардор бўлиб боришлари учун ахборот-ресурс маркази ва ўқув зали мавжуд. Марказда жами ўн мингдан ортиқ китоб ва ўқув қўлланмалар бор.Билим юрти жамоаси мустақил Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида хизмат қиладиган, маънан етук, соф ислом илмларини мукаммал ўзлаштирган, Ватанига содиқ, халқига меҳр-мурувватли имом-хатиб, бошланғич араб тили мураббийи, маҳалла раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси каби мутахассисларни тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.Педагог ходимлар учун билим юртида услубият хонаси мавжуд бўлиб, унда услубий шўъбалар ташкил этилган. Мударрис ва ўқитувчилар дарслар янада самарали бўлиши учун замонавий педагогик технологиялар, кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб келишмоқда. Билим юртида Қуръони карим ва тажвид, информатика, хаттотлик ва араб тили фанларидан тўгараклар ташкил этилган.Мадраса битирувчилари республикамиздаги олий ўқув юртларида билимларини янада мустаҳкамлаш билан бирга, жойларда имом-хатиб, имом ноиби ва мутавалли вазифаларида хизмат қилиб, халқимизга Ислом дини таълимотларини ўргатишдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Шу билан бир қаторда, Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти талабалари узлуксиз таълим тизимида Тошкент ислом институтида таҳсил олишлари мумкин.
ТИИ матбуот хизмати