Энг беақл одам хатарли оқибатни ҳисобга олмай, ҳавойи нафсга дўст бўлган кишидир. Қанча-қанча амалдорлар, обрўли-ю пулдорлар ҳақида эшитганмиз. Ҳалол-ҳаромни ўйламасдан, ҳавойи нафс истаган лаззатлардан баҳраманд бўлиб яшасада, охир-оқибат ўлим чоғида чеккан афсус-надомати ўша кайф-сафодан неча баравар кучли бўлган. Фақат шу надоматнинг ўзи билан қутулсаку, хўп-хўп. Лекин қаёқда дейсиз. Ҳали олдинда уни тўхтовсиз жазо кутиб туради.
Тўғри, инсон табиатан дунё матоҳларини, роҳат-фароғатини севадиган мавжудот. Шундай экан, яхши ҳаёт сари интилаётган кишини ҳам тушуниш керак. Бироқ шарти шуки, буни қандай йўл билан қўлга киритяпти ва қай йўсинда фойдаланяпти, шуларга эътиборли бўлиш муҳим. Ҳалол йўл билан бўлса, нур устига нур. Акс ҳолдачи, охири оловли қийноқ билан тугайдиган роҳатнинг нимаси яхши?!
Устозларимнинг айтиб беришларича, аббосийлар сулоласининг масъул саркардаларидан бири, амир Абу Дулаф Ижлий вафот этгандан кейин ўғли Дулаф уни тушида кўрган экан. Ўғли буни қуйидагича ҳикоя қилади:
“Тушимда биров келиб: “Амир чорлаяптилар, дарров бор”, деди. Туриб унга эргашдим. Бир ҳовлига олиб кирди. Ниҳоятда бефайз, кўримсиз, деворлари қорайган, шифти-ю ромлари қўпориб ташланган жой эди. Мени зинадан олиб чиқиб, бир ҳужрага олиб кирди. Ҳужранинг деворларида оловнинг асоратлари, полда эса кулларнинг қолдиғи мавжуд эди. Қарасам, отам шу ерда экан. Қип яланғоч ҳолда, бошини тиззалари орасига солган кўйи ўтирарди. “Ия, Дулафмисан?”, дея ҳайрат билан сўради. “Ҳа, ўзимман, жонингиз соғ бўлсин”, дедим.
Шунда қуйидаги аччиқ, аламли жумлаларни айтди:
“Гапларимни яқинларимизга етказгин, барзах ҳаётида бошимизга тушаётган кунларни улардан яшириб ўтирма. Қилган ҳар бир ишимиз ҳақида битта қўймай сўроқ-савол қилдилар. Ёлғизлигим, чекаётган азобларимни билиб, раҳмлари келсин”.
“Ҳолимни тушундингми?” деб сўради у. “Ҳа”, дегандим, қуйидаги сўзларни ҳам айтди:
“Агар ўлсагу, шу билан қутулсак, унда ўлим ҳамма учун ҳам роҳат бўларди. Бироқ ўлимдан кейинги ҳаёт борда. Кейинги ҳаётда эса ҳар нарсанинг ҳисоби сўралади”.
Ибн Жавзийнинг “Ўлжа фикрлар” асаридан.
ТИИ, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси ўқитувчиси Расулходжаев Сардорхўжа