Банда ўзи сўраган нарсаси ўзи учун яхши эканлигига юз фоиз амин бўлсада у нарса вақтлар ўтиб фойдасиз эканлиги юз фоиз аён ҳам бўлади. Сўралган нарсани Аллоҳ таоло бермаслиги бўлибам йиғлаб, дуо мустажоб бўлган ҳолларда ҳам берлимаслиги сўрагувчидаги камчилик бўлмаслиги ҳам мумкин. Сиз нимани сўраганингизни билмадик, аммо нима бўлган тақдирда ҳам сиз бир нарсани аниқ хотирингизга жойлангки дуо ибодатдир, иодатларнинг мағзи. Сизни ҳар бир дуо қилишингиз ибодатнинг энг улуғини қилишингиздир. Йиғлаб сўраш йиғлаб ибодат қилишдир. Банданинг иши фақат сўраш бўлади, натижа Аллоҳ таолодандир. Натижани талаб қилиш ёки Аллоҳ сўраганини бермаганига норози бўлиш ёки шошилиш банданинг иши эмас. Пайғамбарлар қанчалар дуолар қилишди, Аллоҳ Ўз ҳикмати ила баъзиларини берди баъзиларини бермади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек зот амакиси Абу Толибни ва Абу Лаҳабларни иймон келтиришларини сўрадилар. Берилмаслиги сўровчининг камчилиги учун эмасди.
Аллоҳ таоло бандаларининг қилган дуолари яхши амалдир. Дунёда қайта-қайта бир шахсдан кичик-кичик нарсалар сўралаверса, у қанча саховатли бўлмасин охир бориб, норози бўлади. Лекин Аллоҳ таолодан банда қанча кўп сўраса, У шунча ун(банда)дан хурсанд бўлади.
قُلْ مَا يَعْبَأُ بِكُمْ رَبِّي لَوْلَا دُعَاؤُكُمْ فَقَدْ كَذَّبْتُمْ فَسَوْفَ يَكُونُ لِزَامًا
- Сен: «Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас. Бас, батаҳқиқ, сиз ёлғонга чиқардингиз. Энди сизларга (азоб) лозим бўлур», деб айт..(фурқон сураси 77-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У Зот унга ғазаб қилади”, дедилар”.
Дуо мақсадни ҳосил қилиш воситасигина эмас, балки у бир мустақил ибодатдир. Бу хоҳ ўзи учун бўлсин, хоҳ дунёвий мақсад учун бўлсин у ҳам ибодат ҳисобланади ва унга савоб етади. Қанча кўп дуо қилса, шунча Аллоҳ таоло билан алоқаси зиёда бўлиб боради. Фақат машаққат ёки қийинчилик вақтда дуо қилиш зарур эмас. Балки, хурсанд ва мамнун вақтларда ҳам дуо қилиш лозимдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”, дедилар”.
عَنْ النعمان بن بشير رضي الله عنهما أن رسولَ الله صلى الله عليه وسلم قال: «الدعاء هو العبادة» ثم قرأ {وقال ربُّكمُ ادْعُونِي أسْتَجِبْ لَكُمْ ، إنَّ الّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عن عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ} [غافر:الآية 60] أخرجه الترمذي
Нуъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳим васаллам:
“Дуо ибодатдир”, дедилар ва “Роббингиз: “Менга дуо қилинг сизни ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимда кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”ни қироат қилдилар” (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ваъда қилади: “Менга дуо қилинг сизга ижобат қилурман” (Ғофир 60 оят).
Аллоҳ таолонинг бу ваъдасида хато бўлиши мумкин эмас. Шу боис чин дилдан дуо қилиш лозим ва у албатта мақбул бўлади. Дуоларнинг қабул бўлиш сурати турли хилдир. Баъзи вақтларда ўша сўраган нарсаси берилади. Ва баъзи вақтларда у нарса Аллоҳ таолонинг илмида банда учун муносиб ёки фойда берувчи бўлмайди. Бас, Аллоҳ таоло ундан яхши ва фойдали нарсани дунё ёки охиратда ато қилади. Шу тарзда ҳар дуонинг уч фойдаси бор:
- Дуо қабул бўлиши билан мурод ҳосил бўлади;
- Ҳар дуога савоб етади;
- Дуо қанча кўп қилинса, шунча Аллоҳ таоло билан алоқа ортиб боради.
Дуо қилувчининг одобига қиблага юзланиш, қўлни кўтариш, тил билан қилиш ва энг биринчи ҳамду сано ва дуруду шариф ўқиш кирсада, агар уни ўрни бўлмаса, бас усиз ҳам дуо қилиш жоиздир. Шунинг учун Аллоҳ таоло дуони шундай осон қилдики, тақрибан ҳар вақт ва ҳар жойда юриб, айланиб ва ишлаб туриб ҳам сўраш мумкин бўлади. Агар тил билан сўраш ўрни бўлмаса (масалан, ҳожатхонада ёки бошқа жойда), бас қалбдан сўраш ҳам мумкин бўлади.
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом
хатиби модуль таълими тизими Суфиев Жаъфархон