islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Битирувчиларига мурожаат

Вазирлар, муфтий, депутат, ҳоким, дипломатлар, экспертлар, санъаткорлар, спортчилар ҳамда жамоатчиликнинг бошқа фаоллари 2022/2023 ўқув йили битирувчиларига ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдиришди.

«Газета.uz» давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва жамоатчиликнинг фаол вакилларидан 2022/2023 ўқув йили битирувчилари ва ёшларга ўз маслаҳатлари ва тилаклари билан мурожаат қилишларини сўради.

Уларга анъанавий равишда учта савол берилди:

  1. Ўзингизни битирувчи деб тасаввур қилсангиз, ўзингизга нималарни маслаҳат берардингиз?
  2. Янги авлод вакиллари қандай учта муҳим ҳислатларга эга бўлишлари керак?
  3. 2022-2023 ўқув йили битирувчиларига маслаҳат ва тилакларингиз.

Нуриддин домла Холиқназаров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

  1. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аввало, муҳтарам ёшларимизни ҳаётнинг муҳим босқичларидан бирига қадам ташлаш арафасида турганлари билан муборакбод этаман. Саволингизга келсак, унга жавоб бериш бир томондан имконият бўлса, бошқа томондан кишига масъулият юклайди. Илм даргоҳларини битираётган илм толибларга тажрибали, улуғ устозларимиздан эшитган ва китобларда ўқиган ўгитларимизни айтиш жуда ҳам манфаатли бўлади деган умиддаман.

Ҳозирги давр билан бизнинг ёшлигимиз ўтган, таълим-тарбия олган мустабид даврнинг жуда катта фарқи бор. Ҳозирда юртимизда илм олиш учун кундан-кунга кенг шароитлар бор. Ёшларимиз бу имкониятлар қадрига етиб, илм олишга интилсинлар. Бу йўлда сабрли бўлсинлар. Чунки илм йўли машаққат ва риёзатни талаб этади. Бунга қатъияти ва бардоши етмаган киши юксак илм чўққиларини забт эта олмайди. Ҳар доим нияти холис, мақсади аниқ ва астойдил интилган кишигина муваффақиятга эришади. Янги ҳаёт остонасига қадам ташлаган битирувчилар ҳам мана шу ҳислатларни ўзларида мужассамлаштирсалар, келгуси умр йўлларида тойилмайдилар, инша Аллоҳ. Энг асосийси, ўз мақсадларидан чалғимай, олға юрсинлар ва бу йўлда доим улуғ инсонлар ва ота-оналар дуосини олсинлар.

Аввало, ёшликни қадрлаш зарур. Амалларимизнинг энг яхшиси бизга берилган умрни ғанимат билиш. Ҳақиқат шуки, инсон қўлга киритадиган энг катта бойлик, унинг умридир. Ҳар бир нарсанинг эвази бор. Фақатгина умрнинг эвази йўқ. Зеро, инсонга берилган умр қайтиб келмайдиган ва фақат бир маротаба бериладиган бойликдир. Банданинг энг яхши амали, умрини бекорчи, дунё ва охиратига фойда бермайдиган нарсаларга сарфламасликдир. Шу боис ҳам улуғларимиз вақтларининг қадрига етишган. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Шундай зотлар бор эдики, улар ўз вақтларига сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан ҳам кўра қаттиқроқ ҳарис эдилар”, деганлар.

Иккинчиси, одоб-ахлоқли бўлишга интилиш. Ёшлар тарбиясида илм билан ҳусни хулқ — инсондаги барча фазилатларнинг энг олийсидир. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади. Шунинг учун фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Ҳадиси шарифлардан бирида: “Ота фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

Учинчиси, фойдасиз нарсалардан сақланиш. У хоҳ амал, хоҳ калом бўлсин фарқи йўқ. Фойдасиз нарсадан мурод — инсонга дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда келтирмайдиган ишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Ғофиллардан бўлмагин”. Зеро, сиздан умрингизнинг ҳар бир лаҳзасида ҳам Аллоҳдан ғофил бўлмаслигингиз талаб қилинган.

Тўртинчиси, жамият учун фойдали шахс бўлиб етишиш. Зеро, одамлар ва жамиятга фойда бериш кишининг яхшилигидан дарак беради. Ҳадиси шарифларда ҳам “Инсонларнинг энг яхшиси одамларга кўпроқ фойдаси тегадиганидир”, дейилган (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ёшларга насиҳат қилиб бундай деганлар: “Аллоҳ таоло кимга илм ато этган бўлса, унинг ёшлигида берган. Яхшиликнинг ҳаммаси ёшликда бўлади”.

Аслида ёшлик айни куч-шижоатга тўлган давр бўлади. Шу боис ота-боболаримиз “Ёшликда олинган илм тошга нақшдир” деб бежиз айтишмайди.

Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча аллома боболаримиз ҳам ёшлик чоғларидан илму маъруфатни пухта эгаллашган. Айниқса, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ, жўғрофия ва исломий илмларни чуқур ўзлаштиришган. 18 ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим даражасига кўтарилганлар.

Бундан келиб чиқадики, фарзандларимиз ёшлик давридан унумли фойдаланиб, ўзлари қизиққан илмларни ўқисинлар. Бу йўлда тинимсиз ҳаракатда бўлсин. Шундагина келажакда ўз мақсадларига етишади.

Аллоҳ таоло юртимиз келажаги бўлган фарзандларимизни илмли, ҳунарли бўлиб вояга етишларини ҳамда эл-юрга, Ватанга, барча мусулмонларга фойда келтирадиганлардан бўлишларини насиб этсин!

ТИИ матбуот ҳизмати

396090cookie-checkБитирувчиларига мурожаат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: