islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тасаввуф ва нафс тарбияси китоби ҳақида

Тасаввуф илми ислом шариатидаги энг улуғ, энг фазилатли илмлардан бири саналади. Зеро бу илм ҳадиси шарифда айтилган тана аъзоларининг барчаси тақволи бўлишига сабаб бўладиган қалб ислоҳига тегишли илмдир.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ.

“Огоҳ бўлинг, жасадда бир бўлак гўшт бор, агар ўша тақволи бўлса, жасаднинг ҳаммаси тақволи бўлади, агар у бузилса, жасаднинг барчаси бузилади, огоҳ бўлинг у қалбдир”, деганлар. (Муттафақун алайҳ).

Мусулмон киши қалби тақволи бўлиши учун одатда қуйидаги икки ишни бажариши лозим бўлади:

  1. Қалб касалликларини ва фитнага учраш сабабларини билиш;
  2. Бу касалликлардан сақланиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши, агар касаликка чалинган бўлса, халос бўлиш учун муолажа қилиш.

Тасаввуф илмида айнан мана шу масалалар баён қилинади.

Уламолар тасаввуф илмига илмий ва амалий жиҳатдан икки хил таъриф берганлар:

  1. Қалбнинг ва бошқа ҳис қилиш сезгиларининг тақволи бўлишига сабаб бўладиган асосларни билиш илмий тасаввуф дейилади.
  2. Динда буюрилган нарсаларни адо этишда эҳтиёткор бўлиш, ман қилинган нарсалардан сақланиш ва рухсат берилган нарсаларда зарурат миқдори билан кифояланиш амалий тасаввуф дейилади.

Тасаввуф илми қуйидаги тўртта асос устига қурилган:

  1. Иймон асосларига тегишли тўғри эътиқодларни билиш;
  2. Амалиётга тегишли ҳукмларни билиш;
  3. Билганларига амал қилиш;
  4. Амал қилишда ихлос билан бажариш.

Бу асосларнинг барчаси бир-бирига чамбарчас боғланган. Динимиздаги мақталган хулқлар билан хулқланиш йўллари тасаввуф илмида ўрганилади.

Охиратдаги олий мартабаларга эришиш тасаввуф илмининг ғояси ёки самараси ҳисобланади.

Тасаввуф илми ақоид илмидан келиб чиқувчи илм бўлиб, бу илмнинг асослари Қуръон ва суннатдир.

Тасаввуф илми бу номдан ташқари эҳсон илми, ахлоқ илми каби номлар билан ҳам машҳур бўлган.

Тасаввуф илмининг асосчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганишган ва узлуксиз санад билан давом этиб келаётган ориф зотлар саналади. Абу Зар Ғифорий, Ҳузайфа ибн Ямон ва Салмон Форсий сингари саҳобалар тасаввуф амаллари билан танилганлар. Сўнгра Ҳасан Басрий бу амаллар билан танилган ва Молик ибн Динор каби кўплаб инсонларни тарбия қилган. Сўнгра Иброҳим Адҳам, ундан кейин Имом Жунайд ва Қушайрийлар сўнгра Зуннун Мисрийлар давом этказганлар.

Тасаввуф илми таълимотларини биринчи бўлиб тартиблаган ва шарҳлаган зот Зуннун Мисрий (ҳижрий 245, милодий 859 йилда вафот этган) раҳматуллоҳи алайҳ ҳисобланади. Бу зотдан кейин Жунайд Бағдодий (ҳижрий 334, милодий 945 йилда вафот этган) раҳматуллоҳи алайҳ бу таълимотларни янада кенг шарҳлаб, бобларга ажратиб уларни кенг ёйилишига хизмат қилган.

Тасаввуф илми бўйича турли асрларда кўплаб китоблар ёзилган. Қўлимизда турган ушбу “Тасаввуф вас-сулук” китоби ҳозирги давримизда ёзилган муҳим китоблардан бири саналади. Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари бу китобни урду тилида ёзган. Кейинчалик шогирдлари томонидан араб тилига ўгирилган. “Тасаввуф ва сулук” китобида тасаввуф илми бўйича ёзилган кўплаб мўътабар асарларнинг хулосалари жамланган дейиш мумкин. Тасаввуф сўзининг истилоҳдаги маъноси тўғрисида муаллиф “Тасаввуф нима?” номли иккинчи бобда батафсил сўз юритган. Сулук сўзи эса луғатда “қандайдир бирор йўлга тушиш” маъносини англатади. Истилоҳда эса икки хил маънода ишлатилади:

  1. Аллоҳга олиб борувчи йўлга тушиш;
  2. Нафсни ёмон хулқлардан поклаш.

Шу маънода соликлар деганда Аллоҳга олиб борувчи йўлга тушганлар, яъни нафсларини ёмон хулқлардан поклашга киришганлар деган маъно кўзда тутилган бўлади.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг ушбу “Тасаввуф вас-сулук” китоби ўн уч бобдан иборат бўлиб,  уларда қуйидаги мавзулар ёритилган:

  1. Боб: Тасаввуф илмининг шаръий илмлардан бири экани;
  2. Боб: Тасаввуф нима?
  3. Боб: Сўфий сўзининг асли;
  4. Боб: Тариқат байъатининг шариатда бор экани;
  5. Боб: Муршидга эргашиш зарурлиги;
  6. Боб: Шайх ҳузуридаги одоблар;
  7. Боб: Чиллахоналар барпо этиш;
  8. Боб: Эътиқодий масалалар;
  9. Боб: Тасаввуф дарслари: Шариати Муҳаммадиянинг зийнати ва жамоли;
  10. Боб: Кеча ва кундуз амаллари;
  11. Боб: Маърифатлар ва ҳақиқатлар ҳақида;
  12. Боб: Мақталган хулқлар;
  13. Боб: Савол-жавоблар.

Ушбу қимматли асар илк бор ўзбек тилига таржима қилинди ва изоҳталаб сўзлари изоҳланди. Асарнинг аслига ишора қилиб туриши эътиборидан таржимага “Тасаввуф ва нафс тарбияси” деб ном қўйилди. Асарнинг ўзбекча таржимасини нашрга тайёрлашда қуйидаги ишлар амалга оширилди:

  • Китоб 2011 йилда Байрутдаги “Мактабатул Асрия” нашриётида чоп қилинган араб тилидаги биринчи босма нашридан ўзбек тилига тўлиқ ўгрилди;
  • Китоб аввалида муаллиф Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳнинг таржимаи ҳоли баён қилинди;
  • Китобда келган илмий терминларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари саҳифа тагида бериб борилди;
  • Китобдаги баъзи жумлаларга қавс ичида изоҳлар берилди;
  • Ўқувчи янада яхшироқ тушуниши учун баъзи қўшимча маълумотлар ҳам саҳифа тагида бериб борилди.

Меҳрибон Роббимиздан ожизоналик билан адо этилган ушбу  амални қабул қилишини ҳамда бу асарни барча ўқувчилар учун манфаатли қилишини сўрайман.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига энг афзал салавот ва саломлар бўлсин!

Таржима ва изоҳлар муаллифи,

ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси катта

ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

396920cookie-checkТасаввуф ва нафс тарбияси китоби ҳақида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: