Истиқомат қиладиган уйимиз кўча юзига яқин бўлгани учун хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам кўчадаги баъзи шовқинларни эшитишга мажбурмиз. Баъзан тун ярмида, соат 01:00-02:00 ларда ҳам, ҳатто тонг саҳар вақтларда ҳам ёш ўспиринларнинг шовқини, бақир-чақирлари уйқу бермайди. Бундай ҳолат тез-тез такрорланади. Улар баланд овозда бақир-чақир қилишади, баланд овозда бемалол хохолаб кулишади, баъзан фаҳш сўзлар билан сўкиниб ҳам гапиришади. Одамларга озор бераётгани уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Шунақа пайтларда хаёлимни “Буларнинг ота-оналари бормикан, наҳотки улар тунда фарзандлари қаерда ва ким билан юрганидан қайғурмас экан”, деган ўй банд қилади. Улар қимматли вақтларини шу тарзда ўтказишса, келажакда ким бўлишади, юртнинг келажаги нима бўлади, ахир, шу ёшлар юртнинг келажаги-ку?!. …
Динимиз мукаммал дин. Ҳаётимиз саодатли бўлишига боғлиқ бўлган барча ишларга кўрсатмалар берган дин. Жумладан, тунги суҳбатлар борасида ҳам бизга етарлича кўрсатмалар бор:
عن أبي بَرْزَةَ رضي الله عنه أنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم كان يكرهُ النَّومَ قَبْلَ العِشَاءِ والحَديثَ بَعْدَهَا. متفقٌ عليه
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин ухлашни ва хуфтондан кейин сўзлашишни хуш кўрмас эдилар”. Муттафақун алайҳ
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин ухлашни ва хуфтондан кейин суҳбатлашишни ёқтирмаганлари айтиляпти.
Хуфтондан олдин ухлашнинг макруҳлигига сабаб, қотиб ухлаб қолиш оқибатида хуфтон намози қазо бўлиб қолиши хавфи борлигидир. Бундан ташқари, одамлар бунга бепарво бўлмасликлари, намозни жамоат билан ўқишлари учундир. Чунки хуфтондан олдин ухлайдиган бўлса, уни жамоат билан ўқишдан ҳамда афзал вақтида ўқишдан қолиб кетади. Натижада катта савобларни ўтказиб юборади.
Умар розияллоҳу анҳу, у зотнинг ўғли Ибн Умар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлар ва бошқа солиҳ салафларнинг мазҳаби мана шу бўлган. Имом Молик мазҳаби ва шофиъий уламолар ҳам шуни ихтиёр қилишган.
Алий розияллоҳу анҳу, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ва кўфаликлар эса хуфтондан олдин ухлашга рухсат беришган.
Имом Таҳовий ҳам уйғотувчиси бор бўлса, деган шарт билан ухлашга рухсат берилишини айтганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан худди шу маъно ривоят қилинган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари ухлардилар.
Баъзилар Рамазонда рухсат дейишган. Яъни, уйқу ғолиб келиб, вақтини ўтказиб юбориш хавфи бўлмаса деган шарт билан.
Хуфтондан кейин суҳбатнинг макруҳлигига келсак, бу суҳбатдан мурод бошқа вақтлари мубоҳ бўлган суҳбатлардир. Яъни, диний ва дунёвий ишларда фойдаси бўлмаган суҳбатлар. Агар бошқа вақтларда ҳаром бўлган ёки макруҳ бўлган суҳбатлар бўлса, хуфтондан кейин бу каби суҳатларнинг жоиз эмаслиги батариқа авло, тақиқланиши қаттиқроқ ва шиддатлироқдир.
Аммо яхшилик суҳбатлари бўлса, илм музокараси, солиҳлар ҳақидаги суҳбат (яъни раҳмат ёғилиб турадиган суҳбат), гўзал ахлоқларга доир суҳбатлар, меҳмони билан суҳбатлашиш, эр-хотин ва оиала-аъзоларининг ўзаро илтифот билан суҳбатлашишлари, бирор зарурат сабабли вужудга келган суҳбатлар макруҳ эмасдир. Кутилмаганда ёки бирор узр сабабли, масалан, мусофирлар билан уларнинг буюмларини сақлаш борасида гаплашиш ҳам макруҳ эмасдир. Одамлар орасини ислоҳ қилиш, амру-маъруф ва наҳий мункар суҳбатлари ҳам макруҳ эмас, балки мустаҳабдир. Аммо тунни бефойда суҳбатлар, беҳуда нарсаларни кўриш ва эшитиш билан бедор ўтказиш зийрак ва ақлли мусулмон кишининг иши эмасдир.
Бунга сабаб, кеч ухлаш оқибатида уйқу ғолиб келиб, таҳажжудга туролмаслиги, зикрларни қилолмаслиги, кечалари Қуръон тиловат қилолмай қолиши ёки намозга туриш оғир бўлиб, бомдод намозини қазо қилиб қўймаслик, қазо қилмаса-да, қийналиб, дангасалик билан туриб, уни мустаҳаб ва афзал вақтида эмас, балки вақти чиқиб кетиш арафасида шошилиб ўқимаслик учундир. Бунда диннинг ҳаққини, тоат ибодатларнинг ҳаққини ҳам тўлиқ адо қилолмайди.
Хуфтондан кейинги суҳбатнинг макруҳлиги хуфтон намозини ўқигандан кейинги суҳбатдир. Лекин бу дегани хуфтонни ўқишни кечиктириб, унгача турли суҳбатларни қилиб олиш керак, дегани эмас. Аксинча, хуфтонни ҳам имкон қадар жамоат билан ўқиш, бирор бир зарурат бўлмаса, мустаҳаб пайтларни ўтказиб юбормаслик лозим. Мустаҳаб пайти кечанинг учдан биригача ёки ярмигача дейилган. Бунда ҳам ўша пайтда жамоатга ҳозир бўладиганлар бор бўлиб, шу пайтда ўқиш кутиб турилган бўлса. Агар жамоат билан адо этиш тақвим билан белгиланган вақтда бўлса, шу вақтда ўқиш мустаҳаб вақт бўлади.
Баъзилар айтишганки, кечаси беҳуда гапларга машғул бўлгани сабабли, ўша кунни ёмон амаллар билан якунлаган бўлади. Ҳаммамизга маълумки, уйқу ўлимнинг шеригидир. Эҳтимол шу билан вафот этиб, қайта уйғонмаслигимиз мумкин. Бу ҳолатни кўп эшитганмиз. Ибодат билан ухлаган бўлса, охирги амални ибодат билан якунланган бўлади.
Бундан ташқари тунда ухламаслик ёки жудаям кам ухлаш кишини кундузи дангаса бўлишига сабаб бўлади.
Агар инсон тунни узоқ вақт бедор ўтказадиган бўлса, кечқурунги ибодатни қилолган тақдирда ҳам баданнинг уйқудан бўлган насибасини бермаган бўлади. Натижада кундузи диний ва дунёвий манфаатларни қўлга киритиш ўрнига куннинг аввалги ярмини уйқу билан ёки уйқусираб ўтказади. Бу эса ўз навбатида кўплаб фойдали ишларни ўтказиб юборишга сабаб бўлади.
Одамларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, кундузнинг аввалида қилинган иш тўғри, баракали, фойдали ва муваффақиятли бўлади. Чунки эрта туришда барака бордир. Тунни суҳбат билан бедор ўтказадиганлар кундузи ҳам ухламай юришга имкони бўлмайди. Чунки жисм уйқуга муҳтождир.
Хуфтондан кейин ухлаш илоҳий суннатга ҳам мувофиқ бўлади:
“У сизларга ором олишларингиз учун кечани ва (иш-ҳаракатингиз учун) ёруғлик берадиган қилиб кундузни яратган зотдир. Албатта, бунда эшитувчи қавм учун аломатлар бордир”. (Юнус сураси, 67-оят)
Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Хуфтондан кейин суҳбат қуришнинг макруҳлиги Аллоҳ таоло тунни ором оладиган қилиб яратгани учундир. Агар инсон тунни суҳбат билан ўтказса, уни ҳам худди тирикчилик ишларини қиладиган кундузи каби қилиб олган бўлади. Бу билан гўёки, Аллоҳ таоло тунни яратишда жорий қилган ҳикматга қарши чиқишни қасд қилган бўлиб қолади”.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Қудратуллоҳ Сидиқметов