#Илмий_сафар #Сурхондарё #Имом_Термизий
Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчилари устозлигида талабалар томонидан Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ муҳаддисларнинг “Саҳиҳ” ва “Сунан”ларини ўқиб тугатиш анъанага айланди.
Илмий файз ва баракага эришиш мақсадида “Сунани Термизий”нинг охирги ҳадисларини буюк муҳаддис Исо Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг юрти Сурхондарёда ўқиб хатм қилиш ниятида Олий Маъҳад устозлари ҳамда 2-курс талабалари бир неча кунлик “ҳадис сафари”га чиқдилар.
Сафарнинг биринчи манзили Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган Имом Абу Исо Термизий мажмуаси бўлади.
Ҳадис илми бўйича сафарга чиққан Тошкент ислом институтининг 70дан ортиқ устоз ва талабаларидан иборат зиёратчилар куннинг иккинчи ярмида Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган Имом Абу Исо Термизий мажмуасига етиб келдилар.
Раҳматуллоҳ Махсимхонов, Ҳурмуҳаммад Нурбоев ва Халилуллоҳ Юсупов устозлигида 2-курс талабалар дарс ва тугаракда Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” китобини хатм қилдилар.
Абу Исо Термизий мажмуасида “Сунани Термизий”ни хатмига бағишланган “хатми кутуб” тадбири ўтказилди.
Мажмуа масжидида талабалар “Сунани Термизий”нинг охирги ҳадисларини ўқиб, хатмни якунлади. Сўнг шаҳодатномаларга имзо-муҳр қўйилди.
Ҳадис фани мударриси Фахриддин Маманосиров шогирдларга ижоза насиҳатини қилган, устозлар талабаларга ижоза шаҳодатномаларини топширдилар.
Шундан сўнг, устоз ва талабалар Абу Исо Термизий мақбарасини зиёрат қилдилар.
Устозлар талабаларга буюк муҳаддис Имом Термизийнинг тақволари, ҳадис илмидаги хизматлари тўғрисида маълумот берди.
Олимлардан бири, Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди, деб айтган эди.
Сурхондарёдаги сафарнинг иккинчи кунида ТИИ жамоаси Термиз шаҳрида жойлашган, Амударё яқинидаги Ҳаким Термизий мажмуасига ташриф буюрдилар.
Вақф хайрия фондига қарашли меҳмонхонада нонушта қилингач, зиёратлар бошланди.
Фақиҳ, тасаввуф муршиди Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ 120 йил умр кўриб, 869 йили Термизда вафот этган.
Мақбарада Ҳаким Термизий ҳаёти ва илмий фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Қуръон тиловат қилиниб, савоби олим ва ўтганлар руҳига бағишланди.
Олимлар ва авлиёлар юрти Термиздаги зиёратнинг навбатдаги манзили “Султон Саодат”, яъни “Саййидлар султони” мажмуаси бўлди.
ТИИ жамоаси Термиз шаҳрида Султон Саодат мажмуасига ташриф буюрдилар.
Мажмуа мақбаралари X асрдан бошлаб 7 аср давомида қурилиб, шакллангани тўғрисида ўқитувчи Фахриддин Маманосиров маълумот берди.
20 га яқин мақбарани ўз ичига олган мажмуада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодлари, саййидлар сулоласининг минглаб қабрлари бўлган. Ҳозирда 111 та қабр ўрни сақланган.
Дастлаб, шу жойга Пайғамбаримиз алайҳиссалом авлодларидан бўлмиш Ҳасан Амир ва бошқа бир манбада Амир Саййид Али Акбар мақбараси бунёд этилган.
Халқ орасида Султон саодат номи билан машҳур бўлган мақбаралар Х-ХVII асрларда ёнма-ён қурилиб, узун ҳовлининг 2 томонини эгаллаган.
Айни пайтда, мажмуада илмий марказ, масжид қурилмоқда.
Тошкент ислом институти ўқитувчи ва талабалари Сурхондарёдаги сафари якунида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюрдилар.
Меҳмонларга Имом Термизий мадрасаси, марказ фаолияти ва таълим муассасасининг ўқув жараёни ҳақида таништирилди.
Институт раҳбарияти сафарни ташкил этишда моддий-ташкилий кўмак берган Қашқадарё ва Сурхондарёдаги илмни севувчи саховатпеша инсонларга, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси раҳбарияти, устозлари ва талабаларига ўз миннатдорчилигини билдириб, Аллоҳ таолодан уларга икки дунё саодатини насиб этишини сўрайди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда битирувчи курс талабалари “Саҳиҳул Бухорий” хатми учун Бухоро ва Самарқандга ташриф буюрган эдилар.
ТИИ Матубот хизмати