islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аббосийлар даврида Ҳанафий мазҳабининг икки устуни

Имом Абу Юсуф ўз устози Абу Ҳанифанинг дарс мажлисидаёқ ундан эшитган масалаларни ёзиб борган ва кўплаб китоблар ёзиб қолдирган. Имом Абу Юсуфнинг тасниф қилган асарларидан бизгача етиб келганлари қуйидагилар: “Ал-Осор”, “Ихтилафу Аби Ҳанифа ва ибн Аби Лайло”, “Ал-Хирож”, “Ар-Родду аъла сияр ал-Авзоий” каби кўплаб китобларни ёзган. Шунингдек, имом Абу Юсуф биринчи бўлиб ҳанафий мазҳаби асосида китоб ёзган ва Абу Ҳанифанинг илмини бутун ер юзига тарқатган. Шу билан бирга у муҳаддис бўлгани учун ҳанафий фиқҳини ҳадис билан қувватлайди. Имом Яҳё ибн Маъин Бағдодий: “Асҳабу раъй[1] жамоасининг ҳадис борасида Абу Юсуфдан кўра собит, ҳифзи мустаҳкам ва ривояти саҳиҳроғини кўрмадим”, деган.

Имом Абу Юсуф ҳатто устозининг ҳаётлик чоғларида ҳам ўзига етган қарашларни ҳадис ва асарлар билан мустаҳкамлашга ҳарис бўлган. Бу ҳақида имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний: “Абу Юсуфнинг: “Абу Ҳанифа билан илм бобларида гаплашиб музокара қилар эдик. У бирор сўз айтса асҳоблари унга иттифоқ қиларди. Мен Куфа машойихлари олдига унинг сўзини қувватлайдиган бирор нарса топиб қоларман деб  борардим. Баъзан икки ёки учта ҳадис топиб Абу Ҳанифага олиб келардим. Имом Абу Ҳанифа улардан баъзиларини қабул қилар ва баъзиларини «бу саҳиҳ эмас ёки маъруф эмас» деб қабул қилмасди”. Мен унга “буни қандай биласиз” ? десам. У мен “Куфа аҳлининг илмини биламан” дерди”, деган.

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний имом Абу Ҳанифанинг кичик шогирдларидан бўлиб, унинг ҳанафий мазҳабига қилган хизмати Имомнинг бошқа шогирдларидан кўра юксак ўрин эгаллайди. Имом Муҳаммад устозининг дарс мажлисига унинг ёши кексайган пайтларида қатнашади ва ундан вафот этгунга қадар ажрамайди.

Имом Муҳаммаднинг мазҳаб ривожланишидаги фаолиятини бир неча соҳада кўриб чиқишимиз мумкин.

Китоб ёзиши: Имом Муҳаммад қилган ишларининг энг муҳимларидан бири ўз устози имом Абу Ҳанифа ва имом Абу Юсуфлардан тинглаган ривоятларни ва унга бошқа қўшимча маълумотларни қўшиб, ҳанафий мазҳабида “Зоҳир ар-ривоя”, “Ал-Жомеъ ал- кабир”, “Аз- Зиёдот”, “Ас-Сияр ас- сағир”, “Ас- Сияр ал-кабир”, “Ал-Мабсут (Ал-Асл)” номлари билан танилган кўплаб қимматбаҳо асарларни ёзиб қолдирган. Имом Муҳаммад булардан бошқа “Ал- Асор”, “Ал-Амолий”, “Ал- Ҳужжа ала аҳли ал- мадина” каби кўплаб асарларни таълиф қилган.

Дарс бериши: Имом Муҳаммад кўплаб толиби илмларга ўз устозларидан олган илмини таълим берган. Ундан Абу Сулаймон Жузжоний, Ҳишом ибн Убайдуллоҳ Розий, Муалло ибн Мансур Жузжоний, Абу Ҳафс Кабир  Бухорий, Абулҳасан Али ибн Муаббад Раққий, Исо ибн Аббон, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Самоаъ ва бошқалар таълим олган ҳамда ҳанафий мазҳабининг етук уламолари бўлиб етишганлар.

Қозилик фаолияти: Имом Муҳаммад Ҳорун Рашид халифалик қилган вақтда Раққага[2] қози этиб тайинланади ва ундан сўниг аббосийлар давлатининг биринчи қозиси даражасигача кўтарилади[3].

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

[1] ( ар-Раъй “қараш”, “фикр”, “ҳукм қилиш” – фиқҳда асосан фақиҳнинг мустақил фикрини ёки ҳукмини англатиб, шунга асосан унинг қандайдир ҳуқуқий қарор чиқариши. Ар-Раъй тушунчаси халифа Умар (розияллоҳу анҳу) даври (634—644)да пайдо бўлган.  Умар (розияллоҳу анҳу) саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъудни (розияллоҳу анҳу) Ироққа ҳакамлик ва диндан таълим бериш учун жўнатаётганда “қандай кўрсанг ва хоҳласанг” (би-р-раъй ва н-назар) шундай суд қилиш ҳақида кўрсатма берган. Халифа шу билан бирга ар-Раъй деганда қиёс бўйича иш кўриш ва жамоатчилик фойдаси (ал-маслаҳа) назарда тутилишини айтган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг Ироқдаги издошларини “мустақил фикр тарафдорлари” (асҳоб ар-раъй) деб Мадина фақиҳларини “ривоят тарафдорлари” (асҳоб ал-ҳадис) деб атай бошлаганлар.)

[2] (Суриянинг шимоли, Фурот юқорисида жойлашган шаҳар бўлиб, Ҳорун ар-Рашид ўша жога “Ас- Салом” номли, ёзги пойтахтини барпо қилдирган.У “Мадинату ар- Рашид” деб ҳам аталади.Ўн учинчи асрда мўғллар босқини натижасида вайрон бўлган).

[3] . Абу Заҳра. Абу Ҳанифа .Дору-л-фикр ал-арабий.Б.491

Аҳмад ибн Муҳаммад ан-Нақийб. Ал-Мзҳаб ал-ҳанафий.Мактаба ар-Рашийд ар-Риёз.1422/2001.Б. 103-121.

398380cookie-checkАббосийлар даврида Ҳанафий мазҳабининг икки устуни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: