Имом Муслимнинг тўлиқ исмлари Абул-Ҳусайн Муслим ибн ал-Ҳажжож. Ибн Варад ибн Кушоз ал-Қушайрий ан-Найсобурий (ан-Нишопурий) бўлиб, таваллудлари йилини кўпчилик тарихнавислар ҳижрий 204 (милодий 819) йил деб таъкидлашади. Араб тарихчиси Ибн Халликоннинг ёзишича эса, ул киши 821 йилда Нишопурда туғилганлар. Бу фикр ҳозирги замон тадқиқотчилари томонидан қўллаб-қувватланган. Ўша даврда Нишопур Шарқнинг илм-фан ва маданияти гуллаб-яшнаган шаҳарларидан бўлиб, машҳур араб жуғрофий олими Ёқут ал-Ҳамавий унинг ҳақида: «Нишопур — азим шаҳар бўлиб, турфа фазилатларга бой, фозилу- фузалолар кони, олиму-уламолар манбаъидир. «Мен унингдек кўп зиёрат қилинадиган шаҳарни кўрганим йўқ» — деб ёзади. Ҳақиқатан ҳам Нишопурдан жуда кўп йирик уламолар етишиб чиққан. Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг болалик йиллари ҳақида манбаъларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Олимлар тахминича, ул киши ўша давр таомилига кўра, дастлаб таҳсилни ўз оталари Ал-Ҳажжож ва бошқа уламолардан олиб, Қуръони Каримни ёд олганлар. Чунки, тарихчи Ибн ал-Асокирнинг ёзишича, Имом Муслимнинг оталари ўша даврнинг етук олимларидан бўлиб, кўпчилик илм толибларига устозлик қилганлар. Аз-Заҳабийнинг «Тазкират ал-ҳуффоз» («Ҳофизлар ҳақида тазкира») номли асарида «Муслим ҳадис илмини ҳижрий 218 йилдан ўргана бошлаган» деганига кўра, ул киши 12 ёшдан бошлаб ҳадис илмидан таҳсил олишга киришганлар. Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг бундан кейинги ҳаётлари, хусусан, оилавий аҳволлари ҳақида ҳам манбаъларда аниқ маълумотлар йўқ. Ҳар ҳолда, Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг «Абул-Ҳусайн» («Ҳусайннинг отаси») деган куня билан аталганлари, Ҳусайн исмли ўғиллари бўлганига ишорадир. Бу ўринда «Бағдод тарихи» номли кўп жилдли асар муаллифи, таниқли тарихчи Ал-Хатиб ал-Бағдодий (1002—1071й) нинг қуйидаги ривояти Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг оилавий аҳволлари хусусида муайян тасаввур ҳосил қилади: «Илмий-маърифий мажлисларнинг бирида Муслим ибн ал-Ҳажжож ўзлари илгари сира эшитмаган бир ҳадисни айтишганда, дарҳол мажлисни тарк этиб, уйларига кетдилар. Уйларига боргач, шам ёқдиларда, аҳли байтларига: «Менинг ҳузуримга бирортангиз кирмангизлар»! — дедилар. Шунга кўра, Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг аҳли байтлари, албатта хотин ва ўғил-қизлари бўлиши керак, деб тахмин қилиш мумкин. Илм билан бир қаторда Муслим ибн ал-Ҳажжож кийим-кечак савдоси билан ҳам шуғулланганлар, бу ҳақда манбаъларда аниқ маълумотлар келтирилган. «Муслим ибн ал-Ҳажжож Нишопурда тижорат билан шуғулланиб, каттагина бойлик орттирган эди» деб ёзади араб тарихчиси Ибн ал-Имод. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Муслим ибн ал-Ҳажжож ўзига тўқ, бадавлат оиладан бўлиб, илм олиш борасида ҳам, ҳадис тўплаш учун узоқ-яқин юртларга (Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Мисрга) қилган сафарларида ҳам моддий қийинчилик кўрмаганлар. Муслим ибн ал-Ҳажжож кўплаб устоз-у муршидларнинг мажлисларида бўлиб, ҳадис соҳасидаги билимларини оширадилар. Чунончи, Хуросонда Қутайба ибн Саъийд, Яҳё ибн Яҳё ан-Найсобурий, Ишоқ ибн Роҳвайҳ, Бушр ибн ал-Ҳакамдан, Райда Муҳаммад ибн Маҳрон ал-Жамол, Иброҳим ибн Мусо ал-Фарра, Ал-Ҳофиз Абу Ғассон, Муҳаммад ибн Амр ар-Розийдан, Бағдод, Куфа, Басрада Имом ал-Бухорий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Убайдуллоҳ ал-Қаворийрий, Халаф ибн Ҳишон ам-Базор, Абдуллоҳ ибн Аван ал-Харроз, Сурайж ибн Юнус, Саъийд ибн Муҳаммад ал-Хурмий, Абдуллоҳ ибн Маслама ал-Қаънабий, Абу Рабийъ аз-Заҳроний, Умар ибн Ҳафс ибн Ғиёс, Абу Ғассон Молик ибн Исмоил, Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Юнусдан, Шом (Сурия)да эса Муҳаммад ибн Холид ас-Саксакий, Ал-Валийд ибн Муслимдан ҳадислар эшитадилар. Ҳижозга қилган сафарлари давомида Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварани зиёрат қиладилар. Бу муқаддас шаҳарларда Исмоил ибн Абу Увайс, Абу Мусъаб аз-Заҳравий, Саъийд ибн Мансур, Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абу Умар, Абдулжаббор ибн ал-Аълодан ҳадис тинглайдилар. Мисрда бўлганларида эса Муҳаммад ибн Рамаҳ, Исо ибн Ҳамад ва Хармада ибн Яҳё каби уламолардан ҳадис эшитадилар. Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг хорижий юртлардаги шайхлари, яъни устозлари қаторига Ал-Ҳайсам ибн Хорижа, Шайбон ибн Фаррух, Абу Шайбанинг ўғиллари — Абу Бакр ва Усмон каби алломаларни ҳам киритиш мумкин. Манбаъларда Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг ушбу сафарларининг тартиби, яъни қайси шаҳарда қачон бўлганликлари ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган. Тахминларга кўра, зикр қилинган шаҳарларнинг баъзиларида бир неча марта бўлганлар, ўз юртларига қайтгач эса ҳадисдан дарс берганлар, сўнг яна сафарларини давом эттирганлар. Чунончи, ул кишининг Бағдодга келганлари ҳақида кўпгина тарихчилар: «Муслим ибн ал-Ҳажжож Бағдодга бир неча марта келиб, узоқ муддат ҳадисдан дарс берганлар. Бағдодга 259 (872) йилда охирги марта келган эдилар» — деб ёзишган. Шунингдек, манбаъларда 220 (839) йилда ҳаж фарзини адо қилганлари ва Маккаи Мукаррамада Ал-Қаънабий билан учрашганлари ҳақида хабар қилинади. Демак, Имом Муслим 18 ёшда ҳаж ибодатини адо этганлар, ул кишининг бундан кейин яна Маккани зиёрат қилганлари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг қиёфалари ҳақида манбаъларда: «Қадди-қомати келишган, соч-соқоли оқ бўлиб, салласининг учи икки кифти орасида осилиб турар эди» — дейилган. Муслим ибн ал-Ҳажжож ўз даврларининг ғоятда обрў-эътиборли кишиларидан бўлиб, ўта ҳақиқатгўй ва илм аҳлининг энг буюк пешволаридан бири эдилар. Имом Муслимнинг бир қанча замондошлари ва шогирдлари ул кишининг ҳадис ва фиқҳ илми борасида юқори даражага етишганларини якдиллик билан таъкидлаганлар. «Саҳиҳ Муслим»га шарҳ ёзган машҳур олим Ан-Нававий: «Муслимдан кейин ўтган уламолардан бирортаси ҳам унинг даражасига етиша олмади, фақат айримларигина унинг даражасига бир қадар яқинлашишга муваффақ бўлган» — деб таъкидлаган. Имом Муслимнинг қувваи ҳофизалари кучли бўлиб, минглаб ҳадисларни ёд билганлар, шул боис ул кишига «Ҳофиз» унвони берилган эди. Дарҳақиқат, Муслим ибн ал-Ҳажжож дунёга машҳур тўрт ҳофиздан бири ҳисобланадилар. Уларнинг қолган учтаси Имом ал-Бухорий, Абу Зуръа ва Абдуллоҳ ад-Дорамийдир. Ўша давр тартибига кўра, «ҳофиз» унвонига эришмоқ учун камида мингта ҳадисни ёд билмоқ шарт бўлган. Муслим ибн ал-Ҳажжож ҳадис илмига бор иқтидору умрларини сарфлаган олим эдилар. Кўплаб замондош уламолар ул кишидан ҳадис илми бўйича таълим олган, ул кишидан ривоят қилган. Муҳаммад ибн Мухаллад, Имом ат-Термизий, Аҳмад ибн Салма, Абу Амд ал-Мусталамий, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ал-Фарра, Яҳё ибн Саъийд, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Суфён, Абу Увона шулар жумласидандир.
Муслим ибн ал-Ҳажжож бутун умрлари давомида ҳадис илми билан шуғулланиб, эллик беш ёшга етмасдан вафот этдилар. Ёзма манбаъларда кўрсатилишича, Имом Муслим ҳижрий 261 йил, ражаб ойининг 24-куни (милодий 875 йил, 5-май) номозшомда вафот этиб, эртаси душанба куни Нишопурдаги Насробод қабристонига дафн этилганлар. Имом Муслимнинг неча йил умр кўрганлари хусусида тарихчилар турли фикрни билдирганлар. Ас-Суютий, Ибн ал-Имод каби олимлар ул кишининг олтмиш йил умр кўрганлари ҳақида ёзганлар. Аз-Заҳабий ва Ибн Ҳажар ал-Асқалоний эса эллик етти йил яшаганларини, Ибн Халликон, Ибн ас-Салоҳ, Ал-Ҳоким ан-Найсобурий эса эллик беш йил ҳаёт кечирганларини қайд этишган.
Тошкент ислом институти 404 гуруҳ
талабаси Қуддусов Абдуллоҳ